2018-12-27 14:29:16

ШАВКАТ МИРЗИЁЕВ ТУРКИЯДА «ЙИЛНИНГ ХОРИЖИЙ ДАВЛАТ АРБОБИ» ДЕБ ТОПИЛДИ

Туркия Буюк Миллат Мажлиси спикери Биноли Йилдирим ва Туркиянинг сиёсат, иқтисодиёт, илм-фан ва журналистика соҳаларида танилган қатор вакиллари иштирокида «Туркия ва дунё равнақига ҳисса қўшганлар» номидаги анъанавий тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.

Тадбир Туркиядаги нуфузли “Turcomoney”журнали томонидан ўтказиб келинади. Мукофотлар эса Туркия ва дунё сиёсати, иқтисодиёти, илм-фанига ўзининг салмоқли ҳиссасини қўшган инсонларга топширилади.

Бу йил тақдирлаш маросими ҳайъати давлат раҳбарлари орасида илк бор Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев номзодини «Йилнинг хорижий давлат арбоби» мукофотига лойиқ деб топди.

Маълумот учун, “Turcomoney”журнали 2011 йилда ташкил этилган. Уни туркларнинг “Forbes”ига қиёслашади. Нашр қисқа вақт ичида Ражаб Тоййиб Эрдўған, Владимир Путин, Ангела Меркель, Ҳасан Руҳоний ва бошқа давлат раҳбарлари билан эксклюзив материаллар ҳамда суҳбатлар тайёрлаган. Журналда Шавкат Мирзиёев билан ҳам суҳбат эълон қилинган.

Шавкат Мирзиёев аввалроқ Осиё журналистлари уюшмаси томонидан сиёсат йўналиши бўйича «Осиёда йил одами» деб топилган эди.

“Туркистон-пресс”