2018-12-27 14:33:06

ОДИЛ СУДЛОВ — БОШ МАҚСАДИМИЗ

Ўзбекистон тараққиётининг янги босқичи концепциясини белгилаб берган 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясининг иккинчи йўналиши, яъни қонун устуворлигини таъминлаш ва суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилишда суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини ҳамда фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини мустаҳкамлаш, жиноят қонунчилигини такомиллаштириш, суд жараёнида тортишув тамойилини тўлақонли жорий қилиш устувор вазифа этиб белгиланди.

Ушбу муҳим вазифани амалга оширишда жиноят ишлари бўйича Ҳазорасп туман судида ҳам муайян ишлар қилиниб, ижобий натижаларга эришилди.

Жумладан, судлар фаолиятининг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш масадида Ўзбекистон Республикаси Судьялар Олий кенгашининг 2017 йил 7 ноябрдаги 272-сонли қарори билан тасдиқланган тартибга асосан суд мажлисида иштирок этиш истагини билдирган шахслар, оммавий ахборот воситалари ходимлари алоҳида хонада ёки Ўзбекистон Республикаси Олий судининг расмий веб-сайти орқали суд мажлисини тўғридан-тўғри онлайн тарзда кузатиб бориши мумкин.

Шунингдек, туман судида 2018 йилнинг сентябрь ойидан бугунги кунга қадар йигирмадан ортиқ суд мажлислари онлайн-трансляция режимида олиб борилмоқда.

Муҳтарам Президентимизнинг 2017 йил 13 июнда судьялар билан ўтказган тарихий учрашувидаги маърузасидан келиб чиқиб, хулоса қиладиган бўлсак, суд жазоловчи орган эмас, балки фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини, корхона, ташкилот ва муассасаларнинг қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қиладиган орган бўлиши зарур.

Йиғилишда Президентимиз томонидан долзарб ва вазиятни ижобий томонга ўзгартириш учун амалга оширилиши керак бўлган муҳим вазифалар белгилаб берилди.

Ушбу вазифаларни амалга ошириш учун жиноятчиликни олдини олиш мақсадида ишларнинг камида 30 фоизини маҳалла, корхона ва ташкилотларда сайёр суд мажлисларида кўрилиши шартлиги белгиланди.

Шу талабдан келиб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Олий судининг 2017 йил 24 июндаги сайёр суд мажлисларини ўтказиш бўйича услубий тавсияларни тасдиқлаш тўғрисидаги РС-09-17-сонли Раёсат қарорига асосан туман суди судьялари томонидан 2018 йилнинг 11 ойи давомида кўриб тамомланган жиноят ишларининг 82 таси ёки 44,8 фоизи сайёр суд мажлисларида кўриб чиқилган.

2017 йил 5 декабрь куни суд соҳасида олиб борилаётган сиёсатни амалга ошириш ва уни янада кучайтириш борасида Ўзбекистон Республикаси Олий суди ва Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи Марказий Кенгаши ўртасида ёшлар масалалари соҳасида ўзаро ҳамкорлик тўғрисида “Меморандум” имзоланганлиги амалий аҳамият касб этди.

Шунингдек, 2018 йил 8 июнь куни тузилган Ўзбекистон Республикаси Олий суди ва Фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Республика кенгаши ўртасида ўзаро ҳамкорлик тўғрисидаги “Меморандум”да одил судловни амалга оширишда жамоатчиликнинг иштирокини янада кенгайтириш, аҳолининг ҳуқуқий онги ва маданиятини янада юксалтириш, қонунийлик ва ҳуқуқ тартиботни таъминлаш бўйича долзарб масалалар белгилаб берилган.

Худди, шунингдек, 2018 йил 20 июль куни Ўзбекистон Республикаси Олий суди ва Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси ўртасида хотин-қизларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, оилаларни мустаҳкамлаш, оилавий низолар ҳамда никоҳдан ажралиш ҳолатларининг олдини олиш масалалари соҳасида ўзаро ҳамкорлик тўғрисида “Меморандум” имзоланган.

Юқорида келтирилган ҳужжатларга асосан жорий йилнинг шу даврига қадар туман судига келиб тушган 13 та кафиллик хатлари инобатга олиниб, судланувчиларга нисбатан озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазолар тайинланган.

Шунингдек, 7 нафар шахс суд залидан очиққа чиқарилган.

Бундан ташқари, мамлакатимизда суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилиш муносабати билан жиноят қонунини либераллаштирилиши жамиятда криминал ҳолатнинг камайишига, инсонийлик, меҳр-мурувват тамойилларининг янада ривожланишига таъсир этиши шубҳасиз.

Шу муносабат билан мазкур даврда Хозарсп туман судида кўрилган жами жиноят ишларининг 54 нафар шахсга нисбатан 52 таси тугатилиб, жиноий жавобгарликдан озод қилинган.

Акбар Аминов,    

Жиноят ишлари бўйича

Хозарасп туман суди судьяси

(“Туркистон-пресс”).