2018-12-27 14:57:27

ГАЗЕТА НИМАЛИГИНИ МАКТАБДА БИЛАЙЛИК!

Сўнгги ойларда юртимизнинг деярли барча оммавий ахборот воситаларида эълон қилинаётган долзарб мақолаларнинг аксарияти босма нашрларда чоп этилаётир. Газета-журналнинг чоп этилиши ўз-ўзидан бўлмайди, албатта. Обуна деганларидек... обуна қилиш жараёни-чи? Айни дамда ҳам таҳририятлар нашрининг келгуси йилдаги тиражи хусусида бош қотиришмоқда... Бугун газеталар-журналларга мажбурий обуна бўлишга чек қўйилганлиги сабаб, “обуна компания”лари кутилганидан самара бермаётгани ҳам бор гап.

Кўплаб соҳа мутахассислари томонидан билдирилган таклиф ва танқидларнинг ўринли-ўринсиз бўлишига қарамай, ҳукумат даражасида масъуллар ва соҳа мутахассисларидан иборат ишчи гуруҳ тузилиб, мазкур муаммонинг аниқ ечими ишлаб чиқилмаганлиги кишини ташвишга солади. Қаламкашлар ички ҳадикини йўқотиб, юртимиздаги жараёнларга мувофиқ, ишонч билан ёзишлари, воқеа-ҳодисалар мазмун-моҳиятини оммага холисона етказиб беришлари, кескир бўлса-да, жамиятимиз манфаатларига хизмат қиладиган фикрларини изҳор этиш учун минбарлар муҳайё этилган бугунги шароитда шу соҳанинг тузини тотаётган, тегирмонига тушган обуна масаласига оид таклиф ва мулоҳазаларимни баён этмаслигим мумкин эмас.

Аввало, мажбурий обунага чек қўйилгач, буни нишонлаётган ва мажбурий обуна ҳиқилдоғига келган “муштарийлар” тарафини олган ҳолда, маълум йиллар давомида газета-журналнинг ўқишлилик даражасини тушириб юборган, информацион ва таҳлилий жанрларни ўзларининг “темир қолип”ида ушлаб турган, газета чиқариш илмига эскича ёндошадиган аксарият журналистларнинг сезиларли хатоларини ўкинч билан баён этаман. Иқтисодиётда шундай тушунча бор: олдин ишлаб чиқараёган маҳсулотингга оммада эҳтиёж яратасан, сўнгра уни истеъмолчига етказиб берасан. Менимча, биз ҳам йиллар давомида бу муаммони судраб юрмасдан (агар ҳозир иқтисодий ечими топилган тақдирда ҳам чоп этилган газетанинг ўқишлилик сиёҳи паст. Газета саҳифаларидаги мақолаларнинг яроқлилик сифати оммада эҳтиёж туғдирадими?) олдин газета мутолаасини истовчи, босма нашрларга бемалол баҳо бероладиган газетхонлар авлодини — кенг аудиторияни шакллантириб олмоғимиз даркор.

Бугунги кунгача кўплаб номдор нашрларда эълон қилинган таҳлилий ва долзарб мақолаларнинг катта қисми катта авлод нуқтаи назари билан чоп этилиб, газеталарнинг асосий обуначилари (мажбурий обуначилари)га тааллуқли, маънавий эҳтиёжини қондирадиган, қизиқтирган мақолалар кам чоп этилди. (хусусий, сариқ нашрлар бундан мустасно). Бугун Ўзбекистон фуқароларининг олтмиш фоизидан ортиғини ўттиз ёшгача бўлган ёшлар ташкил этишини инобатга олсак, нашрларнинг обуначиларини тўлиқ қаноатлантиролмагани кўринади.

Ёшларнинг китоб ўқимаслигига, фақатгина тановлар учун белгиланган адабиётлар рўйхатини ўқишида ҳам газета-журналлардаги аудитория талабини қондиролмаган, “қолипланган жанрлар” туфайли оммани ўзидан бездирган таҳририятларнинг айби бор. Чунки шахсий кутубхонаси бўлмаган, китобхонлик муҳити шаклланмаган оила фарзандлари қалин муқовали китоблар олиб ўқишга ҳафсала қилмайди, китоб дўконларида ёшлар учун чиқарилган кичик турдаги тарбиявий аҳамиятга эга адабиётларнинг нарх-навосини эшитиб, ҳайрон қоласан. Чўнтак кўтарганда ҳам, атайлаб китоб харид қилиш учун туман ва шаҳар марказига чиқмасанг, чекка қишлоқларда истаган вақтда фарзанд учун сифатли, ёшига мос китоб топиш қийин.

Хуллас, Ўзбекистонда чоп этилаётган босма нашрларнинг эллик фоизини болалар учун чоп этишнинг вақти келди. Албатда, маълум бир авлодлар ўртасидаги узилишлар боғлангунича буларнинг иқтисодий кафолати маҳаллий бюджетдан қопланиши даркор. Биз мактабда ўқиган “Ғунча”, “Гулхан” каби журналлар бир синфга бир дона келар эди (буни мазкур нашрлар ададига қараб ҳам билиб олиш мумкин) у ҳам бўлса, синфдаги аълочи ва адабий лаёқати шаклланаётган ўқувчигагина топшириларди. Журналларни навбат билан ўқиш таклифи ҳам танаффусдаги ўйинқароқликдан кейин ўз кучини йўқотарди.

Бугун мактаблардаги ҳар бир ўқувчини бир турдаги эмас, турфа соҳаларга оид босма нашрлар билан таъминлашимиз даркор. Қайси ўқувчи қай бир соҳага қизиқса, шу соҳада амалга оширилаётган ишлар ва ислоҳотларни — воқеа-ҳодисаларни болаларга хос тилда чоп-этилиши, улар ўзи қизиққан соҳа янгиликларидан мунтазам хабардор бўлиб, ўз устида ишлаши, бунинг назоратини ҳам янгича тартибда амалга ошириш лозим. Агар болалар мактаб давридан газета нималигини билса, ундаги мақолалар шунчаки гонорар ёки маош учун эмас, маънавиятини юксалтириш, ўзи истаган касбнинг етук мутахассиси бўлишида катта туртки ва кўмакчи бўлиши учун ёзилганини ҳис қилсагина, йиллар ўтиб газетани турмушининг, маънавий ҳаётининг бир бўлаги деб қабул қилиши мумкин. Бир кун келиб, мактабни тамомлаб, мустақил маош топиб бошлагач эса, соҳасига оид халқаро тажриба ва илмий ишланмалар билан мунтазам танишишни давом эттириш мақсадида (аминманки, ўн йил газета ўқиган бола мактабни тамомлагач газетадан узилиб кетмайди) таҳририятлар эшигини тақиллатиб нашрнинг узлуксиз етказилиши учун ихтиёрий обуна бўлмоқчи эканлигини билдириши, ёки матбуот дўконларидан газета харид қилади.

Шунингдек, мактаб ўқувчиларининг газета билан танишиб, саҳифалардаги таҳлилий мақолалар ҳамда ҳикоялар, жаҳон адабиётининг болалар учун мўлжалланган асарлари таржималари билан танишиб бориши, республиканинг олис бир ҳудудидаги тенгдоши фаолиятига ўз вақтида муносабат билдириши, буни ўқитувчилар мунтазам назорат қилиб бориши ижобий самара беради. Каттароқ асарларни қисмлар, бобларга бўлиб ўқишлари бориб-бориб болаларни адабиётга ошно этиши, китобларнинг муқоваси ёки нархига қараб эмас, асар муаллифи ва мазмунини ҳисобга олган ҳолда мутолаа учун ўзи истаб китоб харид қилиши, шубҳасиз.

Балки бу тизимнинг маҳаллий бюджетдан қопланишини талаб қилиш нотўғридир.

Бугунги кунда туманлар иқтисодиётини ривожлантириш учун Ҳисоб палатаси томонидан Республикамизнинг барча туман ва шаҳарларида қўшимча маблағ топиш имконияти борлиги аниқланди. Ўтган қисқа фурсат ичида барча туманларда кўплаб ана шундай маблағлар шаҳар ва туманлар ҳисоб рақамларига туширилди. (Мисол, 2017 йилда ўтказилган ўрганиш ва таҳлиллар натижасида Самарқанд, Наманган, Тошкент вилоятлари ҳамда Тошкент шаҳридан қарийб 120 млрд. сўмлик қўшимча даромад манбалари аниқланиб, маҳаллий бюджетга туширилди. Биргина Олмазор туманининг ўзидан 30,4 млрд сўм, агар бу туманнинг йиллик газеталарга обунаси миқдорини ҳисоблайдиган бўлсак, шу рақамлар ҳам ортиб қолади.) Демак, агар чиндан хоҳланса, вазифалар масъулият билан бажарилса, ўша тумандаги ёшларимиз маънавиятини ўстириш учун, албатта, маблағ топилади. Ҳудудлардаги ёшларимиз қанчалик дунёқараши кенг, мустақил фикрга эга, тенқурлари фаолиятидан илҳомланиб улғайиб, ўз соҳасининг етук мутахассиси бўлишга интилса, келажакда нафақат газета нашрига обуна бўлиб унинг иқтисодиётини барқарорлаштириши, балки ўз маҳалласида униб-ўсаётган ёш авлодга ўрнак бўладиган, салоҳиятли кадр бўлиб етишиши мумкин.

Яна бир табиий савол туғилади. Ўтган йили барча ОАВ жар солган дунёнинг юзта энг кучли ўттиз ёшга тўлмаган иқтисодчилари рейтингида Англия банки, Гарвард, Стэнфорд университетлари, Париж Иқтисод мактаби номзодларини ортда қолдириб, Тошкент шаҳридаги Халқаро Вестминстер университети иқтисод фани ўқитувчиси Рауфхон Салахўжаев 32-ўринни эгаллади. ОАВ фаолиятида кўп йиллик тажрибага эга, фидойи устоз ижодкорлар бўла туриб, бугун барча соҳаларда етакчиликни қўлга киритиб дунё ҳамжамиятини ҳайратга солаётган халқимиз оддийгина мана шу ютуқларимизга хамиртуриш бўлаётган маънавиятимизнинг ажралмас бир қисми бўлган матбуот борасида боши берк кўчада бўлса?! Нега биз бундай инсонларнинг бой тажрибасидан фақатгина қандайдир танловларда ё бўлмаса, халқаро рейтингларда мақтанишимиз, кимнингдир кўзига яхши кўриниш учун бонг урушимиз керак?

Биргина мисол, ўтган йили август ойида Давлатимиз раҳбарининг журналистлар билан учрашувида соҳадаги ислоҳотларга тўсиқ бўлиб келаётган камчиликларни таҳлил қилган ҳолда, мавжуд тугунлар ечимини ҳам белгилаб берган эди. Масалан, ҳар бир йўналиш бўйича тузилган “Дўстлар клублари”ни олайлик. Нега мавжуд имкониятлардан фойдаланмаймиз? Йил якунланиб, келгуси йилдаги аҳвол маълум бўлишига қарамасдан Давлатимиз раҳбари бошчилигида видеоселектор ўтказилиб обуна масала ҳал қилиб берилишини кутаётгандирмиз, балки?!

Хулоса қилиб айтганда, ҳеч қачон маънавиятимиз билан боғлиқ масалага топилган иқтисодий ечим тўлақонли ечим бўла олмайди. Маънавиятни қабул қилишни хоҳловчи, уни юксалтирувчи, маънавиятли авлодни шакллантирмасак, бир кун келиб, бу муаммога фарзандларимиз яна дуч келиши аниқ.

Фаррух АБДУҲАМИДОВ,

Журналист