2018-12-28 11:22:00

Шавкат Мирзиёев Владимир Путин билан телефон орқали мулоқот қилди

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 27 декабрь куни Россия президенти Владимир Путин билан телефон орқали мулоқот қилди, дея хабар қилди давлат раҳбари Матбуот хизмати.

Давлат раҳбарлари кириб келаётган Янги йил муносабати билан бир-бирларини самимий қутлаб, ҳамкорликнинг қатор долзарб масалаларини муҳокама қилдилар.

Президентлар Ўзбекистон билан Россия ўртасидаги дўстлик, стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатлари жадал ривожланиб, изчил мустаҳкамланаётганини чуқур мамнуният билан қайд этди.

Россия президентининг жорий йил октябрь ойида Ўзбекистонга давлат ташрифи икки томонлама ҳамкорликни сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқиб, уни аниқ амалий мазмун билан бойитгани алоҳида таъкидланди.

Барча даражада жадал ва унумли алоқалар йўлга қўйилгани, Иқтисодий ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссия самарали фаолият юритаётгани қайд этилди.

Мулоқот сўнгида давлат раҳбарлари мамлакатларимиз ўртасида стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини янада ривожлантириш ва мустаҳкамлаш борасида интилишлари қатъий эканини таъкидлаб, янги йилда Ўзбекистон ва Россия халқларига тинчлик, фаровонлик ва равнақ тиладилар.

Фото: Ўзбекистон Президенти матбуот хизмати.