2019-01-08 17:02:30

МАМЛАКАТ МУДОФААСИНИ БОШҚАРИШ МИЛЛИЙ МАРКАЗИ ТАШКИЛ ЭТИЛИШИ КЎЗДА ТУТИЛМОҚДА

Ўзбекистонда мамлакат мудофаасини бошқариш миллий маркази ташкил этиш кўзда тутиляпти. Бу ҳақда 2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили”да амалга оширишга оид Давлат дастури лойиҳасида кўрсатиб ўтилган.

Мамлакатнинг мудофаа қобилиятини мустаҳкамлаш, Қуролли Кучларнинг жанговар қудратини ошириш бўйича ишлаб чиқиладиган чора-тадбирлар дастурида яна қуйидагилар назарда тутилган: -давлат ҳарбий хавфсизлигини таъминлаш бўйича янги қонун ҳужжатларини ҳисобга олган ҳолда Қуролли Кучларни қўллашни режалаштиришнинг норматив-ҳуқуқий асосларини янгилаш;

Қуролли Кучлар жанговар таркиби ва тузилиши сифат кўрсаткичларини такомиллаштириш;

ҳарбий кадрларни ўқитиш ва қайта тайёрлаш, ҳарбий хизматчиларнинг профессионал тайёргарлигини ташкиллаштиришнинг инновацион ёндашувларини ишлаб чиқиш;

Қуролли Кучлар миллий руҳини юксалтириш, аскар ва офицерларни жисмоний ва маънавий жиҳатдан баркамол этиб тарбиялаш тизимини такомиллаштириш;

илғор ахборот-коммуникация технологиялари асосида қўшинларни бошқариш тартибини такомиллаштириш;

қўшинларни 2018-2021 йилларда замонавий қурол-аслаҳа ва ҳарбий техникалар билан таъминлаш, уларни модернизация қилиш ва таъмирлаш бўйича комплекс дастурни сифатли ижро этиш;

давлат мудофаа буюртмаси ва мудофаага мўлжалланган маҳсулотларни ишлаб чиқаришни ташкиллаштириш соҳасида ягона давлат сиёсатини олиб бориш.

Уларнинг ижросига Мудофаа вазирлиги, ДХХ, Мудофаа саноати давлат қўмитаси, ФВВ, Миллий гвардия, Давлат божхона қўмитаси, вазирлик ва идоралар масъул этиб белгиланган.