2019-01-08 17:07:14

ЎЗБЕКИСТОНДА “ЯГОНА” НОМЛИ НОЁБ АВТОМОБИЛЬ ПАЙДО БЎЛДИ

Қорақалпоғистоннинг Амударё тумани Манғит шаҳрида истиқомат қилувчи фуқаро Алишер Юлдашев эски “Запорожец” автомобилининг корпуси асосида янги автомобиль йиғиб чиқарди. “Тико”нинг моторини, “Мазда”нинг ўриндиғини, “Малибу”нинг рули ва орқа фараларини, “Каптива”нинг олд қопламаси (облицовка)ни “Запорожец”нинг корпусига ўрнатиб, антиқа автомобил яратган ихтирочи-муаллиф унга “Ягона” деб ном қўйган. Бу ҳақда “Халқ сўзи” онлайн хабар берди.

— Ёшлигимдан автомашина йиғишга қизиқаман ва анча вақт шуни ўзимга касб қилиб келганман. Шунинг орқасидан пул топиб, рўзғор тебратганман. 90-йилларда Нукус шаҳрида талабалик пайтимда уйларнинг олдида қантарилиб ётган автомобилларни кўриб, унинг эгалари билан гаплашиб сотиб олардим ва уларга қайта ишлов бериб сотардим. Ҳозиргача давлат ишларидан бўш пайтимда дарҳол автомашина йиғишга киришаман, — дейди А.Юлдашев.

— Антиқа автомобиль яратиш ғояси бундан 4 йил аввал пайдо бўлган, – дейди у. – Бир куни автомобиль йиғаётган пайтимда ёнимга қизчам (у вақтда 5-синфда эди) келиб, менга хушомад қилиб: “дада, менга ҳам машина олиб беринг. Фақат у машина ҳеч кимда йўқ, ягона бўлсин” деди. Ғояни аслида қизим берган. Натижада, мана кўриб турибсиз, “Ягона” “марка”ли автомобиль дунёга келди. Худо хоҳласа, келгуси йилда қизим мактабни тугатади. Ушбу антиқа автомобильни қизимга совға қилмоқчиман.

“Ягона” автомобили 3 йилда дунёга келган. Алишер Юлдашевнинг таъкидлашича, у маблағ топган пайтлари бозордан автомобилларнинг эҳтиёт қисмларини сотиб олиб юрган. Мазкур автомобиль учун 50 млн. сўмдан кўпроқ сарф харажат қилган.