2019-01-08 17:10:53

ТОШКЕНТДА ЎЗБЕКИСТОН ЭКОЛОГИК ПАРТИЯСИ ТАЪСИС СЪЕЗДИ БЎЛИБ ЎТМОҚДА

Пойтахтимиздаги Халқаро савдо марказида Ўзбекистон экологик партиясининг таъсис съезди ўз ишини бошлади. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.

Унда вазирлик ва идоралар вакиллари иштирок этмоқда. 

Ўтмишда атроф муҳит ҳолатига эътиборсиз муносабатда бўлиш, табиий ресурслардан меъёрдан ортиқ фойдаланиш ва экологик талабларни менсимаслик Орол денгизи қуриши, чўлланиш, ер ва сув ресурсларининг таназзули, ўсимлик ва ҳайвонот дунёси генофондининг ёмонлашуви, биологик хилма-хилликнинг қисқариши, кўп миқдордаги саноат, маиший ва бошқа чиқиндиларнинг ҳосил бўлиши сингари қатор глобал ва минтақавий экологик муаммоларни келтириб чиқарди. Ушбу муаммолар иқлим ўзгариши содир бўлаётган шароитларда янада яққолроқ ва кучлироқ намоён бўлмоқда. Жамоат ташкилотларининг ташаббуси асосида ташкил этилган Ўзбекистон экологик ҳаракати бу борадаги вазифаларни амалга оширишга кўмаклашишга қўйилган илк қадам эди. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасида 15 та депутатлик ўрнига квота ажратилиши эса атроф муҳит муҳофазаси ва экологик ҳолатни соғломлаштириш ишларида жамоатчилик иштироки фаоллигини ошириш имконини берди.

Таъкидланганидек, мамлакатда давлат ва жамият қурилиши соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар йўлидаги кейинги қадам сифатида Ўзбекистон экологик ҳаракати фаолиятида тўпланган тажрибалар асосида янги сиёсий партияни ташкил этиш зарурати вужудга келди.

Тадбирда Ўзбекистон экологик партиясини таъсис этиш ва Ўзбекистон экологик партияси Устави ва Дастури лойиҳалари, Ўзбекистон экологик партияси марказий кенгаши аъзоларини, Ўзбекистон экологик партияси марказий назорат-тафтиш комиссияси аъзоларини сайлаш ва бошқа масалалар кўриб чиқилади.

Фото: ЎзА.