2019-01-08 17:32:33

ГЕРМАНИЯ ФУҚАРОЛАРИ УЧУН ВИЗАСИЗ РЕЖИМ ЖОРИЙ ЭТИЛМОҚДА

2019 йил 15 январидан Ўзбекистонга саёҳат мақсадида ташриф буюрувчи Германия фуқаролари учун 30 кун муддатга визасиз режим жорий этилади, дея хабар қилди Давлат туризм қўмитаси матбуот хизмати.

Президентнинг 2016 йил 2 декабрдаги фармонида германиялик сайёҳлар учун 2021 йил 1 январидан визасиз режимни жорий этиш кўзда тутилган эди. Ўзбекистонга ташриф буюрувчи германиялик сайёҳлар сони ортиб бораётганини ҳисобга олган ҳолда фармонга ўзгартишлар киритилди.

Давлат туризм қўмитаси маълумотларига кўра, 2016 йилда Германиядан 4889 нафар сайёҳ келган бўлса, 2017 йилда бу кўрсаткич 7207, 2018 йилда эса 18094 нафарга (2,5 баробардан ортиқ ўсиш) етди.

Германия фуқаролари Ўзбекистонга электрон визалар расмийлаштириш тизимидан (e-visa.gov.uz) фойдаланган мамлакатлар рўйхатида 10-ўринни эгаллади. Тизим ишга туширилган 15 июлдан 28 декабрга қадар ГФРнинг 1089 фуқароси электрон кириш визаларини расмийлаштирди.

Қайд этиш жоизки, январь ойида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Германияга ташрифи режалаштирилган.