2019-01-09 16:09:12

ПРЕЗИДЕНТ ЯНВАРДА ҲИНДИСТОН ВА ГЕРМАНИЯГА ТАШРИФ БУЮРАДИ

Январда Ўзбекистон президенти Ҳиндистондаги Халқаро инвестиция саммити ташриф буюриб, Германияга расмий ташриф билан боради. Бу ҳақда «Газета.uz»хабар берди.

Ўзбекистон Президенти Ҳиндистондаги Халқаро инвестиция саммитида иштирок этади. Бу ҳақда ташқи ишлар вазирининг биринчи ўринбосари Илҳом Неъматов чоршанба куни Халқаро пресс-клуб мажлисида маълум қилди.

ТИВ расмий вакилининг «Газета.uz» мухбирига берган маълумотига кўра, саммит 18−20 январь кунлари Гужарот штатида бўлиб ўтади. Шавкат Мирзиёев 18 январь куни амалий ташриф билан боради, чунки бизнес-форумнинг асосий тадбирлари ўша куни бўлиб ўтади. Унга давлатлар, халқаро жамғармалар ва йирик компаниялар раҳбарлари таклиф қилинган.

21−23 январь кунлари Ўзбекистон Президенти Германияга расмий ташриф билан боради, дея қўшимча қилди Илҳом Неъматов.

Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Лазиз Қудратов ташриф жараёнида Германия компанияларини Ўзбекистонда газ-кимё мажмуалари ташкил этилишига жалб қилиш масалалари муҳокама этилишини таъкидлаб ўтди.

Фото: Ўзбекистон Президенти Матбуот хизмати.