2019-01-09 17:00:01

ВАТАНГА ХИЗМАТ — ОЛИЙ САОДАТ!

Республикамиз бўйлаб ватанпарварлик тарғибот тадбирлари амалга оширилмоқда. Жумладан, Навоий вилоятида ҳам “Ватан — муқаддас, уни ҳимоя қилиш шарафли бурчдир!” деган умумий ғоя остида касб-ҳунар коллежлари ва умумтаълим мактабларида байрам тадбирлари, “Мардлик ва жасорат” мавзусидаги дарслар ва кўплаб лойиҳалар ўтказилмоқда.

 Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Қизилтепа тумани кенгаши ва туман мудофаа бўлими ҳамкорликда ёшларни миллий ғоя ва Ватанга садоқат руҳида тарбиялаш, уларнинг қалби ва онгига Ватан ҳимояси шарафли ва муқаддас бурч эканини чуқур сингдириш, Миллий армиямизга жисмонан бақувват ва маънан етук ёшлар зарурлиги, ҳарбий хизмат ҳар бир Ўзбекистон фуқароси учун муқаддас бурч экани ҳақидаги тушунчани ҳамда бу борадаги назарий-амалий кўникмаларни мустаҳкамлаш мақсадида тумандаги 7532 ҳарбий қисми 4-батальонида ҳарбий ватанпарлик ойлиги доирасида “очиқ эшиклар куни” ташкил қилинди.

—Ҳарбий қисмга тўпланган ёшлар қисмдаги ҳарбий қурол аслаҳалар ва ҳарбий техникалар, уларнинг асосий вазифалари билан яқиндан танишдилар. Бу эса уларни мард ва жасур ҳарбийларга ҳавас қилиб, ушбу касбга бўлган меҳрини уйғотибгина қолмай, йигитлик ғурурини яна бир бор ҳис қилишга ундайди дейди,— туман Кенгаши раиси Улуғбек Бобожонов.

Лойиҳа сўнгида 7532 ҳарбий қисми 4-батальонида йигитлик бурчини ўтаётган бир гуруҳ аскарларга Ўзбекистон ёшлар иттифоқи туман Кенгаши томонидан фахрий ёрлиқ ҳамда эсдалик совғалари топширилди.

Шуҳрат НОРМУРОДОВ,

“Туркистон-пресс”