2019-01-09 17:07:01

“OXUS CULTURE” ДОСТОН КЕЧАЛАРИГА ТАКЛИФ ЭТАДИ

“OXUS Culture” жамияти Ўзбекистон Тасвирий санъат галереяси ҳамкорлигида Ўзбекистон номоддий маданий мероси шинавандаларини навбатдаги достон кечаларига таклиф этади.

Ушбу “Достон кечаси” тадбирида халқ меросининг энг машҳур достонлари бўлмиш “Алпомиш” достони Тошкентда илк маротаба тўлиқ, жонли тарзда ижро этилади ва достончилик мероси шинавандалари “Алпомиш” достонини тинглаш имкониятига эга бўладилар.

Достон кечаси 15 январдан 19 январга қадар, 5 кун давомида соат 18:30дан 20:30га қадар давом этади.

Тадбир “OXUS Culture” томонидан ташкиллаштирилмоқда. Унда 7 – достон кечаси бўлиб шулардан 5 та достон кечаси айнан Ўзбекистон Тасвирий санъат галереяси ҳамкорлигида ташкиллаштирилган.

Таъкидлаш лозимки, “OXUS Culture” жамияти томонидан 2015 йилдан буён амалга оширилиб келинаётган достон кечаларида Шеробод достончилик мактаби анъаналаридан “Малла савдогар”, “Келиной”, “Оллоназар Олчинбек” халқ достонлари Ўзбекистон халқ бахшиси Абдуназар Поёнов ижросида, Хоразм достончилик анъаналаридан “Ошиқ Ғариб ва Шоҳсанам” ҳамда “Гўрўғлининг туғилиши” достонлари Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Отахон Матёқубов ижросида, шунингдек Қорақалпоғистон достончилик анъаналаридан “Саятхан — Хамра” достони эса қорақалпоғистонлик ёш бахшилар Гулшинар Кудаибергенова ва Эрисбаи Асқаровлар томонидан тўлиқ ижро этилди.

Бундай достон кечаларни ташкил этилиши аждодларимиз қолдириб кетган бой номоддий маданиятимизнинг кенг тарғиб қилишда, ёшлар онгини миллий ватанпарварлик руҳида камол топтиришда муҳим қадамлардан бири бўлиб хизмат қилади.

Лойиҳа раҳбари Ҳусниддин Атонинг таъкидлашича, тадбирга кириш бепул. Жойлар сони чекланган. Достон кечасига ташриф буюриш истагида бўлган тингловчилар тадбир ташкилотчилари билан — (+99871) 2331420 (Ўзбекистон Тасвирий санъат галереяси), (+99890) 1868294 Ҳусниддин Ато (лойиҳа раҳбари) oxusculture@gmail.com орқали  боғланишлари лозим.

Шуҳрат НОРМУРОДОВ,

“Туркистон-пресс”