2019-01-10 14:29:24

ШАВКАТ МИРЗИЁЕВ: 2019 ЙИЛ ТУРИЗМ РИВОЖИДА ТУБ БУРИЛИШ ЙИЛИ БЎЛАДИ

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев бу ҳақда 8 январь куни инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилишида айтиб ўтди.Бу ҳақда давлатимиз раҳбари Матбуот хизмати хабар берди.

Давлатимиз раҳбари, жумладан, Вазирлар Маҳкамасининг ижтимоий комплексига оид вазифаларга ҳам тўхталиб, туризм соҳасига тўғридан-тўғри инвестицияларни жалб этишни кучайтириш зарурлигини таъкидлади. 

—Туризм учун босқичма-босқич ҳамма шароитларни яратяпмиз, инвесторларга, ишбилармонларга кенг имкониятлар беряпмиз. 2019 йил туризм ривожида туб бурилиш йили бўлади, — деди Шавкат Мирзиёев. 

Президент Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига Мурожаатномасида ҳам бу соҳа ривожи бўйича таклифлар билдирган эди. Ушбу таклифларни амалда татбиқ этиш мақсадида Президентнинг жорий йил 5 январдаги фармонига мувофиқ 2019-2025 йилларда Ўзбекистон Республикасида туризм соҳасини ривожлантириш Концепцияси тасдиқланди. Шунингдек, ўша куни имзоланган Президент қарори билан меҳмонхоналар ташкил этиш бўйича истиқболли инвестиция лойиҳалари рўйхати қабул қилинди. 

Маълумот учун, 2017 йилда Ўзбекистонга қарийб 2 миллион 700 минг, 2018 йилда 5 миллион 300 мингдан ортиқ турист келган. 2025 йилда юртимизга ташриф буюрадиган хорижий сайёҳлар сонини 7 миллионга, туризм экспортидан келадиган йиллик даромадни эса 2 миллиард долларга етказиш режалаштирилган. 

Фото: Ўзбекистон Президенти Матбуот хизмати.