2019-01-10 14:58:01

САМАРҚАНДДА ЯНА 4 ТА БОҒЧА ФОЙДАЛАНИШГА ТОПШИРИЛДИ

Жумладан, Оқдарё тумани Янгиравот 2 маҳалласида мукаммал таъмирдан чиққан 28-сонли давлат мактабгача таълим муассасаси фойдаланишга топширилди. Бу ҳақда  zarnews.uz хабар берди.

Маросимда сўз олганлар юртимиз ёшларининг жисмонан соғлом ва маънан етук инсонлар бўлиб камол топиши, намунали билим ва касб-ҳунарларни яхши эгаллаши учун барча шароитлар яратилаётганини айтиб ўтди. Шунингдек, тадбирда Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2016 йил 29 декабрдаги “2017-2021 йилларда мактабгача таълим тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан, мактабгача таълим муассасаларининг педагог кадрлар билими ва малакасини ошириш билан бирга, боғчаларнинг замон талаблари қиёфасига келтирилаётганига ҳам алоҳида эътибор қаратилаётгани таъкидланди.

Туманнинг Қоратери қишлоғида инвестиция дастури асосида қайта таъмирланган боғча 75 ўринга мўлжалланган бўлиб, ҳар хил мебеллар, махсус кроватлар, тиббий асбоб-ускуналар ҳамда турли ўйинчоқ ва бошқа зарур жиҳозлар билан таъминланган. Муассаса боғида болалар учун мавсумий ўйин ва спорт майдончалари ўрин олган. Ошхона ва ювиниш хоналари ҳам замонавий талабларга мос тарзда қурилган.

Худди шундай маросим Нарпай туманида ҳам бўлиб ўтди.

Туманнинг Мушкент, Истиқлол ва Қадим маҳаллаларида 3 та барча шарт-шароитларга эга  оилавий нодавлат мактабгача таълим муассасалари фойдаланишга топширилди.

Фото:zarnews.uz