2019-01-11 13:38:21

ШАРАФЛИ БУРЧНИНГ ФАХРИ

Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Президенти «Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганлигининг 27 йиллиги ҳамда Ватан ҳимоячилари кунини нишонлашга тайёргарлик кўриш ва ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармойишни имзолади.  Фармойишга кўра, Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганлигининг 27 йиллиги ҳамда Ватан ҳимоячилари кунини нишонлашга тайёргарлик кўриш ва ўтказишга бағишланган ватанпарварлик ойлигини 2018 йил 15 декабрдан 2019 йил 15 январга қадар ўтказиш бўйича тадбирлар дастури тасдиқланди.

Тадбирлар дастуридан келиб чиққан ҳолда Ўзбекистон “Адолат” СДП Когон туман Кенгаши ташаббуси ҳамда Ўзбекистон Ёшлар Иттифоки туман Кенгаши ҳамкорлигида ҳам “14 январь — Ватан ҳимоячилари куни” муносабати билан туман маиший хизмат кўрсатиш касб-ҳунар коллежида “Шарафли бурчнинг фахри”  номи остида тадбир ташкил этилди. Унда Когон туман ИИБ, Когон туман Мудофаа ишлари, партия ходимлари, туман ҳарбий қисмлари, ҳарбий оркестр жамоаси иштирок этишди.

Дарҳақиқат, ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, армия ва халқ бирлигини таъминлаш борасида жойларда олиб борилаётган амалий ишлар бутунлай янги сифат босқичига кўтарилди. Айни вақтда эса халқаро терроризм ва экстремизм хавфининг тобора ортиб бораётгани, дунёнинг айрим минтақаларида қуролли тўқнашувлар давом этаётгани, таҳликали вазият сақланиб қолаётгани Ўзбекистоннинг барқарор ривожланишига таҳдид солмасдан қолмайди, албатта. Ташкил этилган давра суҳбатидан асосий мақсад ҳам ҳар қандай вазиятда ҳушёр туриш ва Ватанни севиш, уни асраб-авайлаш ҳамда ёшларнинг маънавий оламини бойитишдан иборатдир.

Тадбир давомида бир гуруҳ спортчи ёшларнинг ўзбек жанг санъати, коллеж талабаларининг ҳарбий машқларидан иборат кўргазмали чиқишлари, ҳарбий оркестр жамоаси ижросидаги дилторлар қўшиқлар қалбларга ажиб илиқлик олиб кирди, Ватанга бўлган фахр-ифтихор туйғуларини шакллантирди, ёшларнинг маънавий онгини ривожлантиришда хизмат қилди.

Моҳигул Абдуллаева,

“Туркистон-пресс”