2019-01-11 13:40:49

КОНСТИТУЦИЯГА АМАЛ ҚИЛИШ — ИНСОНИЙЛИК БУРЧ!

Мамлакатимиз мустақиллигига йигирма етти йилдан ошди. Конституциямизнинг қабул қилинганлигига, мана, қарийб шунча йил бўлмоқда. Биз бир жамиятдан иккинчи, мазмунан янги бир жамиятга ўтиш даврини бошимиздан кечирдик. Бу ўтиш даврида жамиятни тартибга солувчи барча қонунлар,  иқтисодий дастаклар янгидан шаклланди. Албатта, бу жараён осонликча кечган эмас. Чунки у эскилик билан янгилик, маъмурий эгалик билан эркинлик ўртасида кескин кураш шароитида амалга ошди. Бу жараёнларда иқтисодий ўзгаришларни тезлатиш, сезиларли даражада ўзгартириш лозим бўлди. Аммо инсон руҳияти, унинг тафаккурини ўзгартириш анча мушкул иш эканлигини шу ўтган даврда англаб етдик.

Энди бевосита мана шу ўзгаришлар, шу янгиланишларнинг қонуний асосини кўрмоқчи бўлсак,кўз ўнгимизга конституция келади. У ҳар биримиз учун, энг аввало, ҳаётий дастуриламал, ҳуқуқий қурол, ишончли қалқаон сифатида барчамизнинг фахр-ифтихоримизга айланди.

Конституциямизда Ўзбекистон фуқароси,яъни ҳар биримиз «...Эркинлик ва шахсий дахлсизлик ҳуқуқига эгамиз» (25-модда). Аммо эркинлик, бу ўзбошимчалик эмас, уларнинг жамият олдида маълум даражада Конституциявий бурчлари ҳам бор. Масалан, унинг 5-моддасида «Фуқаролар атроф-табиий муҳитга эҳтиёткорона муносабатга бўлишга мажбурдирлар»,  деб таъкидланган.Тан олиб айтиш керак, ушбу конституциявий бурчимизни ҳаммамиз тўлиқ адо қилаяпмизми? Назаримизда бу саволга тўлиқ ижобий жавоб бериб бўлмайди. Шаҳарни, вилоятдаги аҳоли пунткларини ва қишлоқларда одамлар яшаётган атроф-муҳитга эҳтиёткорона муносабатда бўлишга мажбур бўлсакда эътибор бермасдан келаётган эканлигимиз ҳам сир эмас. Бу масъулиятни мана қарийб ўттиз йил бўлмоқда, энди англаб етмоқдамиз. Энди ўзимиз яшаётган жойимизни ободонлаштириш ўз бурчимиз эканлигини тушундик. Бу бурч аслида оддий инсонийлик бурчи, аммо бу мустақил мамлакатимизнинг Конституциясида ўз аксини топганлигини ҳар бир инсонга янада масъулият юклайди.

Гапнинг очиғи, бундан ўн олти йил муқаддам Самарқанд вилоятига янги ҳоким тайинланган эди. Бу киши ишни ноанъанавий тарзда бошлаган эди. Ўша пайтларда аҳоли орасида «Вилоятга янги ҳоким тайинланди, бу киши ўз ишини атроф-муҳитга эътиборни қаратиб аҳоли яшаётган жойларни чиқиндилардан тозаламоқда. Ишни ободонлаштиришдан бошлади, отасига раҳмат. Англамаган эканмиз, ҳамма жойни чиқинди босиб кетган экан» деб бир қисми бу саъй-ҳаракатни маъқулласа, айримлар «бу ишлардан муҳимроқ муаммолар бор эдику», деган киноятомуз гапларни ҳам айтганлар бор эди.

Аслида ободонлаштиршига қаратилган бу саъй-ҳаракат ҳокимнинг ўйлаб чиққан ғайри-таббий тадбири эмас, балки Ўзбекистоннинг фуқароси сифатида Конституциявий бурчи ва ҳоким сифатида ваколат вазифасига киришини англамаган эканмиз. Зеро Конституциямизнинг 100-моддасини 6-бандида ҳокимиятнинг вазифаларидан бири «Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш», деб кўрсатиб қўйилган.

Вилоятда ободонлаштиршидан бошланган иш бу соҳага қўйилган талабчанлик кишилар тафаккурини, руҳиятини ўзгартирди. Энг муҳими, миллий қадриятларимиз тикланишига ҳам асос бўлди. Озодалик бор жойда барака бўлишини бутун ота-боболаримиз айтиб ва амал қилиб келган. Бугунги кунда бутун Ўзбекистоннинг ҳамма бурчакларида ободонлаштириш, кўча, ҳавлиларни озода тутган ҳолда сақланмоқда.

Ҳамиша кўчамизнинг бошида бир ғарам чиқинди уйилган, ундан сассиқ ҳид чиқиб турар эди. Чиқиндини ташиб кетишга мўлжалланган машиналар аҳён-аҳёнда келиб олиб кетарди. Лекин ғарам тугамас эди. Бир кун бизнинг уйга кексайган амаким кампири билан Самарқанддаги муқаддас қадамжойларни зиёрат қилишга келиб, бизнинг уйга келишда адашиб қолибди. Кўчага бурилишдан олдин кўчамизнинг бошида ҳамиша катта ғарам бўлиб турадиган чиқиндини мўлжал қилар экан. Кўчанинг бошига  келса чиқинди йўқ. Адашдим, деб ўйлабди ва кўчанинг бошига чиқиб қайтадан кириб келибди. Қараса ҳақиқатда ўша кўча, аммо доим турадиган ғарам бўлиб турадиган чиқинди йўқ, у олинган экан. Шу тариқа Самарқанд шаҳрида ғарам-ғарам бўлиб турадиган чиқиндихоналар барҳам топди.

Шу тариқа ҳокимнинг қаттиқ талаби ва ташкилотчилиги билан ўз уйимизни, ўз кўчамизни, ўз маҳалламизни, ўз шаҳримизни, ўз қишлоғимизни ораста, озода ва кўркам қилиб сақлашдек асл қадриятимиз тикланди. Ушбу қадриятларимиз ҳам Конституциямизга амал қилган ҳолда тикланди ва амалга ошмоқда. Демак, Конституциямиз қадриятларимизнинг тикланиши учун ҳам қонуний асос эканлигини шу оддий мисолдан ҳам кўришимиз мумкин.

Атроф-муҳитни асраб-авайлаш ва озода тутиш одамларнинг экологик маданиятига боғлиқ. Унинг шаклланиш механизми болаликдан тортиб, то кексайгунча бўлган даврда ҳам амал қилинишини тақозо қилади. Агар шу тартиб ва кетма-кетликка амал қилсак, экологик маданиятни оиладан, мактабгача таълим маскани, мактабларнинг барча босқичларида (касб-ҳунар коллежлари, академик лицейлар ва олий ўқув юртлари) амал қилиши таъминланганда инсон маълум ёшга етганда экологик маданияти жуда юқори босқичга кўтарилган ва бу борада катта мувоффақиятга эришган бўларди. Ҳақиқатда маданиятимизнинг бир қисми бўлган экологик маданиятга катта аҳамият берилмоқда. Аммо экологик маданиятимиз ҳамон тўлиқ шаклланган эмас.

Маданиятли киши деганда, белгиланган тартибга қатъий амал қиладиган, бировларнинг манфаатига зид, уларнинг ғашига тегадиган ҳаракатларни қилмайдиган киши тушунилади. Инсоннинг маданиятли бўлиб шаклланишида майда-чуйда бўлмайди. Бу ўта нозик масала. Масалан, даврада овқатланиб ўтирган паллада оғизга овқатни олиб гапириш, кулиш, хўриллатиб истеъмол қилиш каби элементар нарсалар ҳам кишининг ғашига тегади ва инсоннинг маданиятсизлигидан далолат беради. Қўлни ювмай овқатга ўтиришни ҳам шунга ўхшатиш мумкин. Булар гуё майда-чуйдадек туюлади, аммо маданиятлиликда майда-чуйда бўлмайди. Шу туфайли экологик маданиятнинг шаклланиши ва номоён бўлишида ҳам ўта нозик бўлиб ҳисобланади.

Бунга бир қанча мисоллар келтиришни лозим, деб топдим. Бугунги кунда кечаю-кундуз ободонлаштириш ишлари билан бутун жамоатчилик шуғулланди. Лекин айрим шундай қараганда майда-чуйда бўлиб кўринган катта экологик ва умумий маданиятсизликларнинг гувоҳи бўлдик.

Яқинда Амир Темур кўчасида машинада ҳаракат қилиб кетаётган эдик, олдимиздаги машинанинг ойнасини очиб шафёр ёнида ўтирган киши сувдан бўшаган бакалашкани кўчага улоқтирди. Орқадан келаётган машина бехосдан уни босиб ўтди. Тақ этган овоз чиқаргани, одамларда бир хавотир уйғотган бўлса, кўчада у ифлосланиш ҳолатига айланиб қолганлиги ачинарли бўлди. Уни кимдир олиб ташлаш керак бўлади.

Алишер Навоий номли марказий истироҳат боғида айланиб юриб яна бир манзаранинг гувоҳи бўлдик. Қўйилган ўриндиқлар атрофига қараб бўлмайди. Сигаретанинг окуркаси дейсизми, музқаймоқнинг идиши дейсизми, семичканинг пўчоғи дейсизми, пиво ва бошқа ичимликларнинг идиши, хуллас ҳамма нарсани учратиш мумкин. Афсусланарли жиҳати, ундан узоқ бўлмаган жойда қўқимлар учун махсус идиш қўйилган. Унга назар ташланса, маданиятли кишилар ҳам борга ўхшайди, унга анча-мунча нарсани ташлаб қўйган.

Ҳар бир миллат ва халқнинг ижобий томонлари, ўрганадиган жиҳатлари ҳам кўп бўлади. Бундан бир неча йиллар муқаддам Украинанинг Львов шаҳрига оиламиз билан сайёр турист бўлиб бордик. Чунки мен аспирантурани шу шаҳарда ўтганман, у ерда дўстларимиз кўп. Улар Самарқандни кўришга келиб туради.Биз ҳам мос равишда, уларни зиёрат қилишга бориб турамиз. Бизни аэрапортда аспирантурада бирга ўқиган дўстларимиз кутиб олишди. Хуллас, бир куни бизни Карпат тоғини тамоша қилдиришга олиб чиқди. У ерда соф ҳаво, ажойб манзара. Роса завқландик. Албатта,едик-ичдик. Ҳайратланарли жиҳати, кетар чоғимизда улар одатдагидек, йиғиштира бошлади. Ҳамма чиқиндиларни, бўш бутилкаю, қоғозларни елим халталарга солиб машинага ортди. Бепоён тоғда ҳеч қандай чиқинди қолдирмади. Мен ҳайратланиб кузатиб келавердим. Хуллас, улар Львов шаҳрига келганда ҳалиги елим халталардаги чиқиндиларни махсус чиқиндилар ташланадиган қутига ташлади. Ушбу жараёндан таъсирланганман, менга жуда катта мактаб бўлган. Бир жойга борсак, албатта беихтиёр шундай қилишга одатланиб қолганман. Ҳеч маҳал чиқиндини кенг майдон бўлсада ташлаб келгим келмайди. Мендан кўриб болаларим, ҳатто навараларим ҳам шу тарзда маълум кўникма ҳосил қилган.

Кўчада юрганимда ҳам беихтиёр экологик ҳолатга эътибор бериб юришга одатланиб қолганман. Бир куни битта музқаймоқ сотадиган шахобчанинг олдида музқаймоқдан бўшаган  идишлар, қоғозлар тўзиб ётган экан. Музқаймоқ сотувчига бунга аҳамият беришни айтганимда —“Амаки мен уборшитса эмасман” (сўзини айнан келтирдим), деб жавоб берди. Укажон шу ерда савдо қилаяпсан, бир бурда нонингни топиб турибсан, нон муқаддас нарса, нонни тепмагин деган эдим тушунмади. Тушунтирдим. Барибир менинг танбеҳимни ризолик билан самимий қабул қилмади.

Бундай мисолларни минглаб келтириш мумкин. Аммо нималарга эътиборни қаратиш лозимлиги шу қисқа мисоллардан ҳам тушунарли, деб ўйлайман. Ушбу ҳолатлар гуё майда-чуйдадек туюлади. Аммо ҳаётда, маданиятда, шу жумладан,экологик маданиятда ҳам майда-чуйда бўлмайди. Оппоқ матода бир қора доғ бўлса, унинг сифатини, кўринишини бузиб, уни ярақсиз ҳолатга олиб келади. Бизнинг ҳам кўркам ва мукаррам шаҳримизни озода сақлаш ҳар биримизнинг фуқаролик ва инсонийлик бурчимиз эканлигини ёддан чиқармаслик керак, деб ўйлайман.

Бу мисоллардан ҳам кўриниб турибдики, ўзини ҳурмат қилган, ўзини мустақил мамлакатнинг фуқаросиман деган шахс, Конституцияни билиши, уни ўрганиши керак. Шу боисдан ҳам, мазкур масалага алоҳида аҳамият берилиб келинмоқда. Конституцияни ўрганиш борасида олий ва ўрта махсус ўқув юртлари, касб-ҳунар коллежлари, лицей ва мактабларда ўқув режаларига киритилди. Аҳоли, меҳнат жамоалари, маҳаллаларда турли тарғибот ва ташвиқот йўллари орқали ўқитилмоқда, турли анжуманлар, учрашувлар, давра суҳбатлари ўтказилмоқда. Аммо бу тадбирлар айрим жойларда мавсумий тадбир доирасида қолиб кетмоқда. Конституция қабул қилинган кун олдидан номига тадбирлар ўтказилиб, ушбу қомусий ҳужжатга бир йил давомида ҳеч қандай эътибор берилмай қолаётганлигини ҳам ҳар бир киши ўзи сезиб турган бўлса ажаб эмас.

Аммо шуни афсуслар билан таъкидламоқчимизки, аҳоли ўртасида ўтказилган тарғибот-ташвиқот ишлари давомида ўтказилган айрим кузатувларимиз кўрсатмоқдаки ушбу муҳим ҳужжатни, унинг мазмун ва моҳиятини кўпчилик аҳоли, ҳатто айрим корхона ва хўжалик раҳбарлари ҳам шунчалик вақт ўтган бўлишига қарамасдан, англаб етган эмас. Суҳбат давромида жуда кўпгина раҳбар ва мутасадди ходимларимиз ҳам ўзларининг ифтихор манбаи, ҳуқуқий қуроли, ҳаётининг қалқони, фаолиятининг дастурамали бўлган энг муҳим ҳужжатимиз, Конституциямизни яхши билмаганлигининг гувоҳи бўламиз. Бу жуда ачинарли ҳол, албатта, чунки Конституцияни билмаслик ҳуқуқий ожизлик, сиёсий бефарқлик, маънавий бепарволик белгисидир. Бундай ҳолатдан қутулмоқ лозим.

Бугунги кунда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги бошқарув академиясининг вилоятларда филиаллари очилди. Бу  Самарқандда вилоятида ҳам ташкил қилинган. Ушбу бўлимда Самарқанд, Навоий, Бухора вилоятлари ижтимоий-иқтисодий соҳа раҳбар ходимлари малакасини оширмоқда. Бу ҳақиқий раҳбар ходимлар малакасини ошириш марказига айлании учун етарли ташкилий ишлар қилинмоқда. Ушбу бўлимда, энг аввало юқорида номлари зикр этилган вилоятлардаги корхона, ташкилот, муассаса ва хўжалик раҳбарларини мамлакатни ривожлантиришнинг 2017-2021 йилларга мўлжалланган бешта устувор йўналишларини ўрганмоқда. Ушбу ўқув режасига Конституциямизнинг ҳам асосий мазмун-моҳиятини ўрганишни, айниқса ўрта бўғин раҳбарларининг ваколатлари ва бурчлари ўрганишни янада кучлироқ қилиб киритилса мақсадга мувофиқ бўлар эди. Бу борада Самарқанддаги олий ўқув юртларида фаолият кўрсатаётган олимлар салоҳияти етарли. Улар бу борада ёрдам беришга ҳамрорлик қилишга ҳамиша тайёр ва етарли салоҳиятга ҳам эга.

Яна бир муҳим жиҳат. Конституцияни ўрганиш, унга амал қилиш масаласи мавсумий бўлиб қолмаслиги ёки у айримларгагина тегишли, менга унинг дахли йўқ деган ақида билан яшамаслигимиз керак. Ушбу ҳужжатни доимий ўрганиб боришга ва амал қилиб яшашга, фаолият кўрсатишга кўникишимиз, буни билиш ва унга амал қилиш инсонийлик бурчимиз, фуқаролик вазифамиз, деб қарашимиз лозим. Мана Конституция кунини нишонлаганимизга ҳам бир ой бўлди. Аммо энди бу ҳақда на тарғиботда, на матбуотда бирорта гап топиш қийин. Чунки мавсум ўтди, иш битди. Ҳеч маҳал бундай ҳолат бўлмаслиги керак. Ушбу ҳужжатга мавсумий масала, маълум вақтда компаниябозлик қилиб, тегишли тадбирларни ўтказиб, “ишим битди” қабилида ёндошмаслик лозим, деб ўйлайман.

Ўзбекистон фуқароси Конституцияни оддий рисола деб эмас, балки уни муқаддас, ўз ҳаётий манфаатлари битилган қонуний қалқон деб эътироф этиши лозим. Зеро, бизнинг Конституциямиз янгиликнинг эскилик устидан, эркинликнинг зўравонлик устидан, адолатнинг ҳақсизлик устидан, тараққиётнинг таназзул устидан ғалабасини қонуний муҳрлаган ҳужжатдир.

Мамаюнус ПАРДАЕВ,

Самарқанд Иқтисодиёт ва сервис профессори,

 иқтисод фанлари доктори,

“Турон” фанлар академияси академиги

(“Туркистон-пресс”).