2019-01-11 14:44:30

САМАРҚАНДДА МЕҲМОНХОНАЛАРНИНГ ЯНГИ АВЛОДИ БУНЁД ЭТИЛАДИ

Самарқанд шаҳри ва вилояти мамлакатимизда энг катта туристик салоҳиятга эга бўлган ҳудудлардан биридир. Эндиликда туризмни ривожлантириш учун зарур бўлган инфратузилмани яратиш вазифаси устуворликни ташкил қилмоқда. Ушбу зарурият 2018 йил 24 ноябрда Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикасида меҳмонхона бизнесини жадал ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорининг қабул қилинганлиги билан ҳам боғлиқ. Мазкур қарорнинг ижросини таъминлаш мақсадида вилоят ҳокимининг ҳам 2018 йил 29 ноябрдаги қарори эълон қилинди. Бу ҳужжатда вилоятимизда мазкур соҳани ривожлантиришга доир бир қанча вазифалар белгиланган.

Хусусан, намунавий лойиҳалар асосида меҳмонхоналар қуриш юзасидан инвестор-тадбиркорларга амалий ёрдам кўрсатиш бўйича вилоятда махсус ишчи гуруҳи ташкил этилган бўлиб, улар қурилиши режалаштирилган меҳмонхоналар учун хорижий ва маҳаллий тадбиркорларни жалб этиш, сармоядорлар билан музокаралар ўтказиш каби вазифаларни амалга оширмоқда.

Ҳозирги кунда мазкур устувор вазифани бажаришга қаратилган жуда катта ташкилий тадбирлар амалга оширилмоқда. Ушбу масала юзасидан Самарқанд вилоят ҳокимлигида жаҳонда энг тез ривожланаётган замонавий меҳмонхона қурилиши ва реконструкция қилиниши, уни интергациялашган тизимда бошқариш имкониятига эга бўлган халқаро тан олинган “Best Western” бренди остида бошқариладиган Германиянинг “Plaza Hotelgroup GmbH” компанияси таъсисчилари билан учрашувўтказилди.

Маълум бўлишича,“Plaza Hotelgroup GmbH” компаниясига 2002 йилда асос солинган. “Best Western” бренди остида бутун дунёга замонавий меҳмонхоналар қурилиши учун маҳсулотлар етказиб берувчи мазкур компания катта салоҳиятга эга. Ҳозирги кунда компания Германия, Австрия, Голландия ва Чехия давлатларида жаҳон стандартларига жавоб берувчи 34 та меҳмонхонасига эгаэкан. 

Германиянинг ушбу компаниясиЎзбекистонга меҳмонхоналар тармоғи бўйича 100 млн доллар миқдорида тўғридан-тўғри инвестиция киритишни мўлжаллаган. 3-5 йил давомида 8 та 4 юлдузли меҳмонхона қуриб, фойдаланишга топширилиши кўзда тутилмоқда.“Best Western” брендининг Ўзбекистонга кириб келиши мамлакатимизда туризм соҳасини ривожлантириш, замонавий меҳмонхоналар бунёд этиш ҳамда сайёҳларга юқори даражада хизмат кўрсатиш имкониятларини кенгайтиради.

Самарқандга Германиянинг меҳмонхоналарва уларни бошқарув соҳасида халқаро миқёсда катта тажрибага эгабўйича яна бир йирик “RIMC Hotels and Resorts” компанияси ҳам қизиқиш билдириб, замонавий меҳмонхоналарни барпо этиш бўйича тегишли ташкилий тадбирларни олиб бормоқда.

Мазкур компаниянингайни пайтда Германиядан ташқари Австрия, Италия, Испания, Швейцария, Хитой ва бошқа кўплаб мамлакатларда меҳмонхоналари мавжуд.Компаниянинг ўзига хос жиҳати ҳар бир ҳудудда ўша жойга мос тарзда меҳмонхона ташкил этади. Бунда ҳудуднинг қонун-қоидалари, халқнинг минталитети, миллатнинг урф-одатига алоҳида эътибор қаратилади. Самарқанд шаҳрида барпо этиладиган меҳмонхоналар ҳам бевосита халқаро андозалар талабларига жавоб бериши билан бирга, маҳаллий шароитларни ҳам инобатга олинган ҳолда барпо этилади. Бу эса, ўз навбатида, юртимизда амал қилинаётган қонун-қоидаларга, халқнинг минталитетига, миллатнинг урф-одатларига мос бўлади. Демак, ушбу компаниянинг қурган меҳмонхоналари мамлакатимизга хос бўлган ва келажакда ривожланиши кўзда тутилаётган зиёрат туризми талабларига ҳам жавоб беради.

Туризм шундай соҳаки, у аҳолининг барча қатламларига мос бўлишлиги лозим. Ҳозирги кунда меҳмонхоналар ихтисослашиш имкониятларига ҳам эга бўлиб бормоқда. Жумладан, хорижий туристларга мўлжалланган меҳмонхоналар, ислом оламидан келадиган туристларга хизмат қиладиган меҳмонхоналар, ички туризмга мўлжаланган меҳмонхоналар каби. Уларнинг таркибида алоҳида ёшларга мўлжалланган меҳмонхоналарнинг ҳам барпо этилишини тақозо қилмоқда. Ҳозирги кунда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Самарқанд, Бухоро, Шаҳрисабз, Марғилон ва Тошкент шаҳарларида Ўзбекистон Ёшлар иттифоқининг Ёшлар меҳмонхоналари қурилишини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорини қабул қилиш масаласи ҳам кўзда тутилган.

Мазкур масалани амалга оширишнинг ташкилий-ҳуқуқий жиҳатлари Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи Самарқанд, Бухоро, Қашқадарё, Фарғона вилоятлари ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари билан биргаликда “Самарқанд, Бухоро, Шаҳрисабз, Марғилон ва Тошкент шаҳарларида Ёшлар меҳмонхоналари қурилишини ташкил этиш манзилли режаси” ишлаб чиқилади ва тасдиқланади. Ушбу ҳамкорлик масаланинг тез ва соз амалга оширилиши учун асос бўлиб хизмат қилади.

Ёшлар меҳмонхоналарини қуриш ва реконструкция қилиш учун мутасадди ташкилот Ўзбекистон Ёшлар иттифоқининг “Ёшлар қурилиш инвест” компанияси —буюртмачи ҳисобланади. Одатдагидек, бош лойиҳачилар ҳамда бош пудратчиларни қонунчиликда белгиланган тартибда танлов савдолари (тендер) натижалари асосида аниқланади.

Ушбу меҳмонхоналарнинг барпо этилиши ва улардан фойдаланиш ўзига хос хусусиятларга ҳам эга. Ёшлар меҳмонхоналарини қуриш, реконструкция қилиш, жиҳозлаш ва фаолиятини йўлга қўйиш билан боғлиқ харажатлар Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи маблағлари ҳамда қонунчиликда тақиқланмаган бошқа манбаалар ҳисобидан амалга оширилади. Одатда, бошқа йўналишдаги меҳмонхоналарни қуриш, реконструкция қилиш, жиҳозлаш ва фаолиятини йўлга қўйиш билан боғлиқ харажатлар хусусий тадбиркорлар ва хорижий инвесторлар ҳисобидан амалга оширилади.

Шу ўринда таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон Ёшлар иттифоқига хусусий инвесторлар билан тўғридан-тўғри музокаралар олиб боради ва унинг якунлари бўйича инвестиция шартномаларини тузиши мумкин. Аммо барча ҳолларда эгалик, яъни бошқарув ҳуқуқи ёшлар ихтиёрида бўлади.  

Ёшлар меҳмонхоналарининг яна бир хусусияти, уларда ёшлар туризми учун қулай инфратузилма ва ижтимоий объектларни ташкил этишни инобатга олинади. Ушбу меҳмонхоналар хостелларга тенглаштирилади ҳамда амалдаги қонунчиликда хостеллар учун кўзда тутилган давлат стандартлари талабларига мувофиқ ўз фаолиятини олиб боради.

Ҳозирги кунда мавжуд меҳмонхоналарнинг бандлигини таъминлаш ҳамда брон қилишнинг самарали тизимини жорий қилиш, кўрсатиладиган хизматларни тарғиб қилиш ва ушбу тадбирларга мос меҳмонхона ходимларини ўқитиш юзасидан ишлар олиб борилмоқда. Мазкур тадбирлар меҳмонхона хўжаликлари фаолиятни янада ривожлантириш бўйича   маркетинг ишларини такомиллаштириш мсалаарини ҳам ишлаб    чиқишни тақозо қилади.

Самарқанд азалдан дунёнинг сайқали сифатида тан олинган шаҳар. Шу туфайли хорижлик туристлар мазкур шаҳарга жуда катта умид ва масъулият билан келади. Бугунги кунда шунчалик имконият билан ҳар томонлама сайқал бўлмасликка ҳақимиз йўқ. Шу туфайли шаҳарнинг бугунги қиёфаси ҳам, одамларининг маданияти ва меҳмонларга муносабати ҳам, меҳмонхоналаридаги шароитлар ҳам, уларда кўрсатиладиган хизматларнинг сифати ҳам шу талабга тўлиқ жавоб берадиган бўлиши лозим. Бу биз учун биринчидан фахр бўлса, иккинчи томондан катта масъулиятдир. Шунга муносиб бўлсаккини бизни танийди, тан олади ва тан беради.

Кўриниб турибдики, Самарқандда меҳмонхоналарнинг хорижий туристларга, ички туризмга, зиёрат туризмга, ёшлар туризми кабиларга мўлжалланган ихтисослашган янги авлоди бунёд этилади. Бу ҳам туризмни ривожлантиришнинг ташкилий-иқтисодий механизмларидан биридир.

Мамаюнус Пардаев,

Самарқанд иқтисодиёт ва сервис институти профессори,

иқтисод фанлари доктори

(“Туркистон-пресс”).