2019-01-11 15:21:57

СОЛИҚ ТИЗИМИДАГИ ЎЗГАРИШЛАР: ОҚИБАТИ НИМАЛАРГА ОЛИБ КЕЛАДИ?

Ўзбекистон РеспубликасиПрезидентиЎзбекистон Республикасининг солиқ сиёсатини такомиллаштириш концепцияси тўғрисидаги фармонгаимзо чекдиСолиқ ва бюджет сиёсатининг 2019 йилга мўлжалланган асосий йўналишлари қабул қилинганлиги муносабати билан 2018 йил 25 декабрда Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидақонуни ҳам тасдиқланди. Буларга асосанмамлакатимизнинг солиқ тизими 2019 йилнинг 1 январидан ўзгартирилди. Ушбусолиқ ислоҳоти бўйича қабул қилинган концепция ва қонундаги ўзгартишлар мамлакатимизда тадбиркорлар учун қулай бизнес иқлимини яратиш йўлидаги улкан қадамлардан бири бўлди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти 2018 йил 28 декабрдаги Олий Мажлисга Мурожаатномасида иқтисодиётни юксалтиришнинг стратегик устувор вазифалари белгилаб берилди. Улардан тўртинчиси, “...фуқароларимиз солиқдан қочиш эмас, уни вақтида тўлашдан манфаатдор бўлиши керак”, деган вазифа қўйилди. Шунингдек, “2019 йилдан бошлаб жорий этилаётган янги солиқ концепциясининг энг асосий ғояси солиқ юкини камайтириш, содда ва барқарор солиқ тизимини қўллашни кўзда тутади. Шу орқали иқтисодиётимиз рақобатбардошлигини ошириш, тадбиркор ва инвесторлар учун ҳар томонлама қулай муҳит яратишга эришиш мумкин”, деб кўрсатиб ўтди.

Одатда, солиқ тадбиркорлар билан давлат, давлат билан аҳоли, аҳоли билан тадбиркорлар ўртасидаги иқтисодий-ижтимоий муносабатларни белгиловчи кўприк вазифасини бажаради. Шу жиҳатдан у бир вақтнинг ўзида аҳолининг, тадбиркорнинг ва давлатнинг манфаатларига зид бўлмаслиги керак. Бир томондан давлатга ундирилган солиқ аҳолига ва тадбиркорларга, яъни солиқ тўловчиларга билвосита қайтиб келади.

Солиқлар давлат томонидан аҳолининг ижтимоий ҳимоясини, унинг яшаш даражаси ва сифатини таъминлашга сарфланса, тадбиркорларга барқарор бизнесини амалга ошириш учун тегишли иқтисодий, ҳуқуқий, ҳатто сиёсий шароитларини ҳам таъминлаб туради. Агар ушбу механизмга диққат билан эътибор қиладиган бўлсак, солиқнинг катта ёки кичиклиги жамият тараққиётига салбай таъсир қилмайди. Фақат бор нарса бир қўлдан иккинчи қўлга ўтиб, яна қайтиб келиб айланиб юради.

Бироқ бугунги кунда жадал ислоҳотлар таркибида солиқ ислоҳотлари ҳам давом этмоқда. Айниқса,2019 йил 1 январидан бошлаб, солиқ ставкалари, тўлаш тартиблари ўзгарди. Буни бир киши яхши бўлди, деса, иккинчиси нарх ошиб кетмоқда, аҳолига ёмон бўлди, деб баҳоламоқда. Энди уларнинг моҳиятига эътиборни қаратайлик.

Мазкур солиқ ислоҳотларидан аҳоли қаерда “ютди” ва қаерда “ютқазди”, деган саволга назар ташлайдиган бўлсак, аҳолига умуман олганда катта қулайликлар яратилди.

Бевосита аҳолининг меҳнат ҳақидан олинадиган солиқ камайтирилди. Олдин аҳоли тўлайдиган даромад солиғи погрессив шкала бўйича максимал ставка 22,5 фоиз бўлган бўлса, эндиликда даромад солиғининг 12 фоизлик текис шкаласини жорий этилди. Олдин аҳолининг маоши қанча ошиб борса, шунга мос равишда, солиқ суммаси ҳам ошиб борарди. Эндиликда унинг миқдори иш ҳақининг ҳажмидан қатъи назар бир хил қилиб белгиланди. Бу ўз навбатида, маълум даражада сақланиб келинаётган хуфёна иқтисодиётнинг ҳам барҳам топишига ёрдам беради. Чунки олдин иш ҳақидан максимал даражада 22,5 фоиз бюджетга ўтказган бўлса, эндиликда унинг миқдори қарийб 2 баробар камайтирилди. Хуфёна иқтисодиёт қаерда бўлар эди?Тадбиркорлар ёлланиб ишлайдиган кишиларни, айниқса, мавсумиз ишловчиларни ҳеч жойда рўйхатдан ўтказмасдан ишлатар эди ва уларга иш ҳақи келишилган миқдорда “конверт”да тўланар эди. Ёлланиб ишловчи учун муҳими у иши учун ҳақ олаяпти. Унинг манфаати бу ерда “паймол” бўлмас эди. Тадбиркор эса, шу йўл билан ўша солиқни тўлашдан “озод” бўларди. Бу ерда давлат ва маълум маънода жамият ютқазарди. Давлатга яширинган солиқ суммаси бюджетга тегишли миқдорда тушмайди, жамият эса, ушбу солиқнинг барқарор ижтимоий ҳаётни ўнгланиши учун шу маблағдан маҳрум бўларди. Ушбу хуфёна иқтисодиёт элементидан тадбиркор “фойда” қиларди,холос. Бу алдов йўли қонунимизга ҳам, диний қадриятларимизга ҳам зид. Қонун бўйича жиноят, диний қадриятларимиз бўйича катта гуноҳ, шу алдов йўли билан топилган мол ҳаром, деб баҳоланади.

Аҳоли учун яна бир қулайлик, уларнинг ойлик маошларидан ушланадиган бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига 8 фоизлик суғурта бадаллари бекор қилинганлиги бўлди. Ушбу сумма ҳам олдин тадбиркорга “юк” бўлган. Ҳозир унинг бекор қиланиши ҳам хуфёна иқтисодиётнинг барҳам топишини таъминлайдиган, бунинг учун тадбиркорни рағбатлантирадиган чоралардан биридир. Яна бир муҳим жиҳат, ягона ижтимоий тўлов ставкасини соддалаштирилган режим учун 15 фоиз, умумий режим учун 25 фоиздан — 12 фоизгача камайтирилганлиги (бундан бюджет ташкилотлари мустасно) ҳам тадбиркорлар манфаатига мос келади.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 30 октябрдаги 2018 йилда давлат бюджетининг кутилаётган ижроси, 2019 йилга мўлжалланган макроиқтисодий кўрсаткичлар, бюджет-солиқ сиёсатининг асосий йўналишлари муҳокамасига бағишланган йиғилишида бюджет соҳаси ходимлари иш ҳақлари, пенсия ва нафақаларини инфляция кўрсаткичидан юқори ошириш билан бирга тарбиячилар, ўқитувчилар, илмий ходимлар, професор-ўқитувчилар, маданият ходимларининг иш ҳақлари 30 фоиздан 100 фоизгача оширилганлигини таъкидлади. Бу маблағлар осмондан тушаётган эмас. Буларнинг ҳаммаси давлат бюджетидан, тўланган солиқлар ҳисобидан амалга оширилмоқда. Шу туфайли солиқлар масаласи бўйича бирор фикр айтмоқчи бўлса, унинг  ҳамма жиҳатларини инобатга олган ҳолда айтиш жоиз, деб ҳисоблаймиз.

Энди тадбиркорлар манфатигакеладиган бўлсак, уларнинг ҳам солиқ юки бироз камайди. Чунки, Ўзбекистон Республикаси Президенти 2018 йил 28 декабрдаги Олий Мажлисга Мурожаатномасида “Солиқ юкини камайтириш ҳисобига барчага бир хил адолатли солиқ режимини жорий этиш, солиқ имтиёзларини босқичма-босқич бекор қилиш лозим”, деб таъкидланди. Бу бежиз эмас, албатта, “Зеро, берилган имтиёз рақобат муҳитига салбий таъсир кўрсатаётганини тадбиркорларнинг ўзлари ҳам эътироф этмоқдалар”. Бу борада хайрли ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, умумий режимдаги корхоналар учун давлат мақсадли фондларига мажбурий ўтказмаларни олдин 3,2 фоизни ташкил қилган бўлса, 2019 йил 1 январидан бошлаб, бу ҳам бекор қилинди.

Агар тадбиркорлар юридик шахс сифатида фаолият кўрсатаётган бўлса, блар учун фойда солиғи ставкасини 14 фоиздан 12 фоизга камайтирилди. Шу ўринда тижорат банклари учун фойда солиғи  22 фоиздан 20 фоизга камайтирилди. Муҳими,ушбу банклар муваффақиятли фаолият натижасида маълум бир чегарадаги рентабеллик даражасига етиб, ундан ошиб кетса фойда учун солиқ тўланадиган солиқ миқдори ҳаддан зиёд юқори эди. Бу ҳам бекор қилинди.

Бозор муносабатлари шароитида молиявий бозор орқали ҳам фойда кўрилиши дунё миқёсида ҳаётий тажрибадан маълум. Бунинг бир кўриниши дивидендлар учун солиқни ташкил қилади. Ушбу солиқнинг ставкаси ҳам 2019 йил 1 январдан бошлаб 10 фоиздан 5 фоизгача пасайтирилди.

Ислоҳотлар натижасида юридик шахсларнинг мулк солиғи ставкаси 5 фоиздан 2 фоизгача пасайтирилганлиги ҳам унга тўланадиган сумманинг ярмидан кўпини тежаш имконини беради. Яна бир муҳим жиҳат, барча юридик шахслар томонидан сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ жорий этилади. Бу энг қимматбаҳо неъмат бўлган сувдан тежаб-тергаб фойдаланиш заруратини туғдиради. Энди шундай неъматни кеч тушганда экин майдонининг бошидан оқизиб қўйиб, тонгда ундан хабар олиш, сувнинг керагидан ортиқча минглаб куб метр исроф бўлишининг олди олинадиган бўлди. Чунки, сув ресурслари дунё миқёсида муаммо. Бу бизда ҳам кутилмоқда. Чунки сувнинг манбалари кўпаймаган ҳолда, унинг истеъмолчилари (аҳоли сони ва уларни боқиш учун суғориладиган ер майдонлари кабилар) кундан-кунга, йилдан-йилга ошиб бормоқда.

Олдин корхоналарнинг кичик ёки йириклиги, улардаги одамлар сони билан ўлчанар эди. Эндиликда ушбу мезон сотиган маҳсулот (тушум) ҳажми билан ўлчанадиган бўлди. Шу йилдан бошлаб йилига 1 миллиард сўмдан ортиқ айланма (тушум)га эга бўлган ва белгиланган чегарага бир йил мобайнида эришган корхоналарни умумўрнатилган солиқ тўлашга ўтказиш белгиланган. Бир йилик айланма (тушум) миқдори 1 миллиард сўмгача эга бўлган солиқ тўловчилар учун ҚҚС ва фойдадан солиқ тўлаш ўрнига  олдин 5 фоизлик ягона солиқ тўлови амал қилар эди. Ушбу ставка ҳам шу йилнинг бошидан бошлаб айланма ҳажмига нисбатан 4 фоиз миқдорида белгиланди.

Ушбу ҳолатни баъзи кишилар, маълум маънода фаолиятнинг кенгайишига тўсқинлик қилади, деб қарамоқда. Чунки, бундай шахслар тадбиркорлар ўзларининг айланмасини 1 миллиард сўмдан оширмасликка ҳаракат қилади, қулай ҳолатда яна бир кичик корхона очиб айланмасини бўлиштириб ҳисоблайди ва шу белгиланган имтиёзли ҳолатда қолаверади, деб шарҳламоқда. Албатта,агар тадбиркор пок бўлмаса, фақат ўзининг манфаатини ўйлаб иш кўрса,шундай қилиши табиий. Аммо бизнинг тадбиркорларимиз кундан-кунга маънавиятли бўлиб, қадриятларимизни ҳурмат қиладиган даражага кўтарилмоқда. Чунки тадбиркорлик пайғамбаримиз Муҳаммад мустафо (с.а.в.)дан қолган суннат амаллардан биридир.

Шу ўринда битта ривоятни келтирмоқчиман. Илгарилари тадбиркорлик билан ҳалол пок инсонлар шуғулланишлари лозим, деб қабул қилинар экан. Шу ишга қўл урмоқчи бўлганларни маълум кўрикдан (ҳозирги аттестацияга мос) ўтказар экан. Унда савол берилибди.—– Сиз иймони бутун инсонсиз, тадбиркорлик билан шуғулланмоқчисиз. Айтингчи “Сиз фаолиятингизда нимадан қўрқасиз”, дебди. Биринчи тадбиркор —Мен Худодан қўрқаман, топган молим ҳалол бўлиши керак, акс ҳолда менинг иймонимнинг бутлигига шубҳа туғдираман, деган экан. Иккинчи тадбиркор —Мен мамлакатимизнинг амалдаги қонунидан қўрқаман, чунки қонуни бузсам, ушбу фаолиятдан маҳрум бўламан, дебди. Учинчи тадбиркор —Мен ўзимдан қўрқаман дебди. Ушбу жавобдан ҳайъат аъзолари ҳайратга тушиб изоҳини сўрабди. Тадбиркор қуйидагича изоҳлаб берган экан. “Менинг душманим ҳамиша ўзим билан бирга юради. Бу менинг нафсим. Мени кўндириб, нафсимнинг айтганини қилиб, ноҳақлик қилсам, топган молим ҳаром бўлганлиги учун мени Худо охиратимни обод қилмайди, жаҳаннам билан жозалайди. Нафсимга эргашиб нотўғри иш қилиб қўйсам мамлакатимнинг қонуни билан бу дунёда ҳам жазоланаман. Шунинг учун, Мен ўзимдан қўрқаман”, деган экан. Кўриб турганингиздек, тадбиркорлар биринчи галда ҳалол-пок, виждонли, иймонли бўлиши керак экан.

Агар тадбиркор ҳалол-пок, виждонли, иймонли бўлса, ўзининг фаолиятига ўзи хиёнат қилмайди. Одамлар айтганидек, айланмаси 1 миллиард сўмга етганда, уни яширишга ҳаракат қилмайди ва мос равишда қўшимча корхоналар очиб, ўз ишига ўзи тўсқинлик ҳам қилмайди. Айрим хорижий мамлакатларда ҳозирги бутун дунёда ўз бренди билан довруқ қозонган йирик компаниялар дастлабки фаолиятини оилавий тадбиркорликдан, кичкинагина ҳунармандчиликдан бошлаган. Бизнес ҳажми маълум миқдорга етгандан кейин, унинг ҳажмини яширмаган. Ишни борича кўрган. Мана оқибати улар ҳозир нафақат ўзининг давлатида, балки бутун дунёда ўз ўрнига эга бўлган. Бунга минглаб мисолларни келтириш мумкин. Ўзбекистонимизнинг ўзида ҳам ўзбекча ном билан эмас, балки хорижий фирмалар номи билан фаолят кўрсатаётган минглаб дўконлар, хизмат кўрсатиш объектлари мавжуд.

Солиқ ислоҳотлари таркибида қўшимча қиймат солиғи (ҚҚС) муҳим аҳамиятга эга. Мазкур солиқнинг миқдори ҳозир амал қилаётган 20 фоизлик ставкаси сақланиб қолди ва 2019 йил якунларига кўра ставка миқдори камайтирилиши кўзда тутилган. Чунки, бугунги кунда жуда катта маблағ талаб қилинаётган ижтимоий соҳани ривожлантириш учун Давлат бюджети маълум маънода ҳимояланишни талаб қилади. Бу таъкидланганидек, аста-секинлик билан камайиб боради.

Аҳоли ўртасида ҚҚСнинг деярли барча товарлар ва хизматларга жорий қилиниши нархнинг ошиб кетишига сабаб бўлади, деган хавотирда. Лекин бундан безовута бўлишга асос йўқ. Нарх албатта инфляция ҳисобидан ва нархнинг таркибига қўшиладиган солиқлар ҳисобидан ошиб бориши мумкин. Лекин бугунги кунда, бир қанча солиқлар , юқорида кўрсҳганимиздек, бекор қилинди, қисқартирилди. Булар ҳам нархнинг ичида бўлган. Фақат унинг қанчалигини билмаганмиз. Умумий оборотдан, олинган фойдадан, фойдаланаётган мулкидан, эгаллаган ер майдони учун турли тўловларни амалга ошириб келган. Уларнинг қисқариши ва айримларининг бекор қилиниши маҳсулот (иш, хизмат)нинг нархини одамлар ўйлаганидек, кескин ошириб юбормайди.

Президентимиз 2018 йил 28 декабрда Ўзбекистон Республикаси Президентининг Парламентга Мурожаатномасида “Жаҳон тажрибасини пухта ўрганиб, халқаро экспертларни жалб этган ҳолда, монетар сиёсатни такомиллаштириш ва нарх-наво барқарорлигини таъминлаш концепциясини ишлаб чиқишимиз зарур”, деган вазифани илгари сурди. Бу албатта нархнинг кескин ўсиб кетишига мамлакатимизда йўл қўйилмаслигига яна бир кафолат.   

 Эндиликда Президентимиз таъкидлаганидек, “Иқтисодиётнинг барча соҳаларини рақамли технологиялар асосида янгилашни назарда тутадиган Рақамли иқтисодиёт миллий концепциясини ишлаб чиқишимиз керак. Шу асосда “Рақамли Ўзбекистон-2030” дастурини ҳаётга татбиқ этишимиз зарур”.Рақамли иқтисодиётга ўтишимизнинг афзалиги шундаки, иқтисодиёт соҳасида турли “найранглар”нинг олди олинади, коррупциянинг кескин камайишига олиб келади.Бу ҳақда Президентимиз мурожаатномасида: “Рақамли иқтисодиёт ялпи ички маҳсулотни камида 30 фоизга ўстириш, коррупцияни кескин камайтириш имконини беради. Нуфузли халқаро ташкилотлар ўтказган таҳлиллар ҳам буни тасдиқламоқда”. 

Яна бир карра такрорламоқчимиз, биз ёки тадбиркор тўлаётган солиқ кимгадир, қаёққадир кетмайди, бегонага берилмайди. Уни бир жойга тўплаб мамлакатимизнинг барқарор ривожланиши, Ватанимиз сарҳадларининг мустаҳкамлиги, ижтимоий соҳани ривожлантириш, аҳолининг ижтимоий аҳволининг яхшиланиши каби тадбирларга сарф қилинади. Шу туфайли, бу ҳолатга объектив жараён, деб қараш мақсадга мувофиқ.

Мамаюнус Пардаев,

Самарқанд иқтисодиёт ва сервис институти профессори,

иқтисод фанлари доктори.

(“Туркистон-пресс”).