2019-01-11 16:58:05

ЎЗЛИДЕП ФРАКЦИЯСИ ФАОЛИЯТИ ЮЗАСИДАН АХБОРОТ БЕРДИ

2019 йил 9 январь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзЛиДеП фракцияси томонидан оммавий ахборот воситалари вакиллари учун брифинг ташкил этилди. Бу ҳақда Қонунчилик палатаси Матбуо хизмати хабар берди.

Унда фракциянинг 2018 йилда амалга оширган ишлари тўғрисидаги ахборот журналистлар эътиборига ҳавола қилинди.

Брифингда қайд этилганидек, Қонунчилик палатасидаги ЎзЛиДеП фракцияси аъзолари ўтган вақт мобайнида ўз сайловчилари билан тизимли мулоқотлар олиб борди. 2018 йилнинг январь-май ойларида республикамизнинг туман ва шаҳарларида ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш соҳаларида олиб борилаётган ишларнинг ҳақиқий ҳолати депутатлар томонидан танқидий-таҳлилий ўрганилди. Жумладан, ЎзЛиДеП фракцияси аъзоларидан иборат депутатлар 14 та ҳудудда фаолият олиб борди. Тасдиқланган жадвалга асосан, ҳудудий комиссиялар томонидан 50 та туман ва шаҳарга чиқишлар ташкил этилди. Шу билан бирга, ЎзЛиДеП фракцияси томонидан жойларда олиб борилган ишлар самарадорлиги ва натижадорлигини таъминлаш, иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳадаги мавжуд камчиликларни бартараф этиш мақсадида тегишли туман (шаҳар) ва вилоятни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича «йўл хариталари»га киритилган тадбирларнинг бажарилиши устидан парламент ва депутатлик назорати амалга оширилди.

Тадбирда таъкидланганидек, ЎзЛиДеП депутатлик корпуси ўтган давр мобайнида 12 мингдан ортиқ хонадонга ташриф буюрдилар. Ушбу жараёнларда 43 мингдан ортиқ фуқаролар, шу жумладан, 6,5 мингдан зиёд тадбиркорлик субъектлари вакиллари билан бевосита суҳбатлар ўтказилди. Аниқланган муаммоларни ҳал этишга кўмаклашиш чоралари кўрилди.

ЎзЛиДеП фракцияси аъзолари томонидан парламент назоратини амалга ошириш ҳам сифат жиҳатидан ўзгарди. Президентимиз таклифлари асосида Қонунчилик палатасида «Ҳукумат соати» амалиёти йўлга қўйилди. Мазкур амалиёт фракция фаолиятида самарали қўлланилмоқда. Жумладан, ЎзЛиДеП ташаббуси билан «Ҳукумат соати» доирасида Ўзбекистон Республикаси уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирининг «Республика аҳолисини тоза ичимлик сув билан таъминланишида ҳамда ичимлик сувни тежамкорлик билан ишлатишда олиб борилаётган ишлар тўғрисида»ги, Ўзбекистон Республикаси бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирининг «Ҳудудларда аҳоли бандлиги масаласида йўл қўйилаётган расмиятчиликларни бартараф этиш, аҳолини иш билан таъминлаш ҳамда меҳнат бозорида ишчи кучига бўлган талабни ошириш бўйича олиб борилаётган ишлар тўғрисида»ги ахборотлари эшитилди.

Умуман олганда, ЎзЛиДеП дастуридаги вазифалардан келиб чиқиб, мониторинг ўрнатилган вазирлик ва қўмиталар билан тизимли, доимий олиб борилган ишлар доирасида самарали парламент ва депутатлик назорати ўрнатилди. Бунинг натижасида эса, жорий йилнинг ўтган даврида жами 14 марта турли вазирлик ва идоралар раҳбарларининг ахбороти ЎзЛиДеП фракцияси йиғилишларида эшитилиб, тегишли қарорлар қабул қилинди.

Брифингда фракция аъзолари томонидан турли вазирлик, идора ва ташкилот раҳбарларига депутат сўрови юбориш борасида анчагина фаоллик сезилгани қайд этилди. Масалан, 2016 йилда бор-йўғи 2 та депутат сўрови юборилган бўлса, 2017 йилда ушбу рақам 104 тага, 2018 йилда эса, 113 тага етган.

Тадбирда фракциянинг 2019 йилдаги режалари ҳамда галдаги устувор вазифалари хусусида ҳам журналистларга батафсил маълумот берилди.

“Туркистон-пресс”