2019-01-14 14:44:09

НОМДОР ШАХМАТЧИЛАРИМИЗ ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИЛАР БИЛАН БАҲСЛАШДИ

Чирчиқ олий танк қўмондонлик-муҳандислик билим юртида халқаро тоифадаги гроссмейстер Нодирбек Абдусатторов ҳамда халқаро тоифадаги спорт устаси Шамсиддин Воҳидов иштирокида шахмат бўйича маҳорат сабоқлари ўтказилди.

Билим юрти ҳарбий хизматчилари ва уларнинг фарзандлари, курсант ҳамда аскарлар қатнашган учрашув барчада ёрқин таассурот қолдирди, дейилади Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати тарқатган хабарда.

Тадбир давомида “ақл гимнастикаси” усталари бир вақтнинг ўзида ҳарбий хизматчилар, курсантлар ва болалар таркибидан иборат 10 нафар рақиб билан тезкор шахмат бўйича беллашди.

Учрашув сўнгида шахмат бўйича Ўзбекистон эркаклар терма жамоаси бош мураббийи Саидали Йўлдошев ҳамда ёш гроссмейстерлар билим юрти бошлиғи номидан ташаккурнома ва эсдалик совғалар билан тақдирланди. Шунингдек, меҳмонлар билим юртининг “Фахрий меҳмонлар” китобига ўз дастхатини қолдирди.

Халқаро тоифадаги гроссмейстер Нодирбек Абдусатторов 2018 йилнинг декабрь ойида Туркиянинг Конья шаҳрида ўсмирлар ўртасида ўтказилган Жаҳон шахмат олимпиадасида олтин медалга сазовор бўлган. Дунё бўйича энг ёш халқаро тоифадаги гроссмейстерлардан бири ҳисобланади.

Шамсиддин Воҳидов эса ўтган йили Россиянинг Санкт-Петербург шаҳрида шахмат бўйича эркаклар ва аёллар ўртасида рапид ҳамда блиц йўналишида ўтказилган жаҳон чемпионатида амалдаги жаҳон чемпиони, норвегиялик халқаро гроссмейстер Магнус Карлсенни мағлубиятга учратган эди.

Фото: Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги Матбуот хизмати