2019-01-15 16:13:09

МАМЛАКАТИМИЗ ИҚТИСОДИЁТИНИ РИВОЖЛАНТИРИШНИНГ УСТУВОР МАҚСАД ВА ВАЗИФАЛАРИ

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг2018 йил 28 декабрдагиОлий Мажлисга Мурожаатномаси эълон қилинди. Ушбу мурожаатномада 2018 йилда эришилган натижаларга қисқагина тўхталиб, 2019 ва ундан кейинги йилларда олдимизда турган вазифаларни жуда кенг ва теран ёритиб берди. Олдимизда турган вазифалар ҳақида гапирганда, аввало кенг қамровли иқтисодий ислоҳотларга алоҳида аҳамият берилди. Иқтисодиёт соҳасида 2019 йилдақуйидаги мақсадлар мужассам эканини қайд этиш лозим:

“– очиқ иқтисодиёт, соғлом рақобат, ишбилармонлик ва инвестиция муҳитини тубдан яхшилаш учун зарур шароитларни яратиш; 

– иқтисодиётда давлат иштирокини камайтириш, хусусий секторни жадал ривожлантириш орқали янги иш ўринларини кўпайтириш;

– иқтисодиётни модернизация ва диверсификация қилиш, меҳнат унумдорлигини ошириш орқали юқори иқтисодий ўсишни таъминлаш;

– “яширин” иқтисодиётга қарши курашиш, унинг ҳажмини кескин қисқартириш;

– валютани эркинлаштириш сиёсатини изчил давом эттириш, барқарор монетар сиёсатни амалга ошириш;

– иқтисодиётни ривожлантиришга доир стратегик вазифаларни рўёбга чиқаришга қодир малакали кадрларни тайёрлаш”[1].

Давлатимиз раҳбари иқтисодиёт соҳасида эришиш лозим бўлган мақсадларни бажариш учун бир қанча устувор вазифаларни ҳам белгилаб берди. Ушбу устувор вазифаларнинг бажарилиши унчалик осон бўлмайди, албатта. Аммо ҳамма бу иш меники, деб чин дилдан садоқат билан фаолият кўрсатса ушбу вазифларнинг бажарилиши тайин. Бу вазифалар қуйидагилардан иборат.

Биринчидан, биз макроиқтисодий барқарорликни ва юқори иқтисодий ўсиш суръатларини таъминлашимиз шарт”, деб кўрсатилди. Бунда шунчаки рақамлар ортидан қувиш эмас, балки биринчи галда мамлакатда яратилган ялпи ички маҳсулотни холисона баҳолашга эришиш лозимлиги уқтирилди. Бунинг учун 2020 йил 1 январдан бошлаб Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ва Халқаро валюта фондининг Миллий ҳисоблар тизимини республикамизда тўлиқ жорий этишимиз лозим. Чунки, ҳозирги янгиланаётган даврида иқтисодиёт соҳасида статистик ҳисоботларни тўғри юритиш ва давлатнинг иқтисодий салоҳиятини аниқ баҳолаш жуда муҳим. Нотўғри маълумот, чалкаш хулоса чиқариш билан бирга, тўғри қарорлар қабул қилиш учун асос бўла олмайди. Шу туфайли биринчи галда ҳисоб-китоб тизимини йўлга қўйиб олиш лозим бўлади. Ушбу жараёнда халқаро тажрибаларни ўрганиш ва уларни бизнинг амалиётимизга жорий қилиш ҳам муҳим аҳамиятга эга. 

Мазкур вазифани мувоффақиятли бажариш учун яна бир қанча тадбирларни амалга оширишнинг аниқ йўналишлари кўрсатиб берилди. Булар:

- инфлацияни жиловлаш лозимлиги белгиланди;

- юқори қийматга эга маҳсулот яратиладиган соҳаларга алоҳида аҳамият бериб, айнан ушбу соҳани ривожлантириш лозимлиги кўрсатилди;

- бюджет маблағларидан самарали ва мақсадга мувофиқ фойдаланиш тизимини, уларнинг манзилли йўналишларини аниқлаган ҳолда йўналтириш масалаларини янада такомиллаштириш мақсадга мувофиқлиги таъкидланди;

- тегишли мутасаддилар томонидан қўшимча имкониятлар ва манбалар ҳисобидан бюджет даромадларини кўпайтириш, шу орқали кутилаётган бюджет дефицитини камайтириш юзасидан аниқ чоралар кўрилиши лозимлиги ҳам белгиланди;

- иқтисодиётнинг барча соҳаларини рақамли технологиялар асосида янгилашни назарда тутадиган рақамли иқтисодиётни шакллантиш масаласи ҳам  қатъий белгилаб берилди;

- “Рақамли Ўзбекистон-2030” дастурини ҳаётга татбиқ этиш масаласи ҳам устувор вазифа сифатида белгиланди;

- иқтисодиётда коррупцияга барҳам бериш масаласи ҳам асосий вазифалар қаторига киритилди.

Кўриниб турибдики, макроиқтисодий барқарорликни ва юқори иқтисодий ўсиш суръатларини таъминлаш учун бир қатор вазифаларни бажаришни тақозо қилмоқда. Бунинг учун нафақат юқорида, балки иқтисодиётимизнинг барча бўғинларида самарали ва тизимли ишларни олиб боришни тақозо қилади.

“Иккинчидан, иқтисодиётимиз ривожининг муҳим шарти бўлган фаол инвестиция сиёсатини изчил давом эттирамиз”. Бу ҳам муҳим устувор вазифа сифатида белгиланди. Бу масалга олдин ҳам катта аҳамият берилиб келинаётган эди. Эндиликда ушбу йўналиш янада жадаллашади. Биргина “2019 йилда барча манбалар ҳисобидан қарийб 138 триллион сўмлик ёки 2018 йилга нисбатан 16 фоиз кўп инвестицияларни ўзлаштириш мўлжалланмоқда. Бу борада тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар миқдори жорий йилга нисбатан қарийб 1,5 баробар оширилиб, 4,2 миллиард долларга етказилади. Натижада 142 та замонавий корхона ишга туширилади”. Ушбу  вазифанинг мувоффақиятли бажарилишига одамларда ишонч бор. Чунки ҳар бир манзилли дастур бўйича аниқ мутасаддилар, инвестиция қаердан келади, кимлар мутасадди, ҳаммаси аниқ белгиланган.

Мамлакатимизда фаол инвестиция сиёсатини изчил давом эттиришимиз учун тегишли имкониятларимиз мавжуд. Жумладан:

- мамлакатимизда валюта, савдо ва нарх сиёсати эркинлаштириган;

- давлат бошқарувидаги институционал ўзгаришлар айнан инвестицион муҳитни яхшилашга қаратилган;

- мамлакат олтин-валюта ва бюджет захираси етарли даражада шаклланган;

- бошқа давлатларга нисбатан давлат қарзининг камлиги таъминланган.

Буларнинг ҳаммаси, пировардида, фаол инвестиция сиёсатини изчил давом эттиришимиз учун асос бўлиб хизмат қилади.

Учинчидан, банк ва молия тизимида ислоҳотларни жадал давом эттириш, соҳага замонавий бозор механизмларини кенг жорий этиш зарур” лиги ҳам устувор вазифалардан бири сифатида белгиланди. Мазкур вазифани амалга ошириш учун бир қанча ташкилий-иқтисодий ва ҳуқуқий чора-тадбирларни амалга ошириш лозимдир. Буларга:

- банк секторида соғлом рақобатни вужудга келтириш билан бирга, бу ерда кўрсатиладиган хизматлар сифатини кўтариш лозим бўлмоқда;

- ҳозирги кунда банклар капиталининг асосий қисми, яъни, 83 фоизи давлатга тегишли бўлганлиги туфайли, уни кескин камайтиришни тақозо қилади;

- Ҳукумат ва Марказий банк халқаро молия институтлари кўмагида банк-молия тизимини ривожлантириш бўйича узоқ муддатли стратегия ишлаб чиқиш лозимлиги ҳам алоҳида вазифа қилиб белгиланди;

- банк тизимига хусусий ва хорижий капиталнинг кириб келиши эвазига банклар капитали таркибида давлатнинг улуши босқичма-босқич камайтирилиб борилади;

- мазкур ҳолат соҳада рақобат муҳитини яхшилашга, тижорат банклари фаолиятини, кредитлаш сифати ва маданиятини ҳар томонлама оширишга ҳам хизмат қилади; 

- молия бозорлари, жумладан, фонд бозорини ривожлантириш ҳам янги иқтисодий шароитда асосий мақсадларимиздан бири сифатида белгиланди; 

- янги молиявий инструментларни жорий этиш ва облигациялар чиқариш орқали, банк хизматлари кўламини янада кенгайтириш масаласи ҳам муҳим вазифалар сифатида белгиланган;

- эндиликда банк тизимини илғор ахборот технологиялари асосида ривожлантириш зарурлиги ҳам белгиланган;

- инвесторлар ўзини имкон қадар эркин ҳис қилишлари учун мамлакатимиздавалюта бозорини янада эркинлаштиришборасида ҳам тегишли ишларни амалга ошириш  кўзда тутилган.  

Ушбу тадбирларнинг амалга оширилиши банк ва молия тизимида ислоҳотларни жадал давом эттириш, соҳага замонавий бозор механизмларини кенг жорий этишни тезлаштириш имконини беради. Аммо ушбу вазифаларнинг бирортасини ҳам пайсалга солиб, ёки шунчалик расмиятчилик билан “қилинди-қилинди” қилиб, қоғозда ҳисобот бериш билан чекланиб бўлмайди. Ҳамма вазифалар аниқ ва ўз вақтида тизимли равишда бажарилиши лозим. Бу соҳа мутахассислари ва бошқа мутасаддилардан ўта масъулиятва катта ташкилотчилик билан фаолият кўрсатишини тақозо қилади.

“Тўртинчидан, фуқароларимиз солиқдан қочиш эмас, уни вақтида тўлашдан манфаатдор бўлиши керак”, деган вазифа ҳам иқтисодиётни жадал ривожлантишнинг муҳим омилларидан биридир. Ушбу омил иқтисодиётнинг ривожланишига бевосита ва билвосита таъсир кўрсатади. Ушбу ҳолатнинг бевосита таъсири фуқароларимиз солиқдан қочиб, бажарилган иш ҳажмини яшириб, хуфиёна иқтисодиётга йўл қўйишдан манфаатдор бўлмайди. Унинг билвосита таъсири фуқароларимизда солиқларни ўз вақтида тўлаш кўникмасининг пайдо бўлиши, солиқ бировнинг ҳаққи, унга хиёнат қилиш мумкин эмаслигини тушуниб етишдир. Ушбу вазифани амалга ошириш учун ҳам бир қанча вазифалар белгиланган. Булар:

- 2019 йилдан бошлаб жорий этилаётган янги солиқ концепцияси асосида солиқ юки камайтирилади, содда ва барқарор солиқ тизимини қўллаш йўлга қўйилади;

- иқтисодиётимиз рақобатбардошлиги оширилиб, тадбиркор ва инвесторлар учун ҳар томонлама қулай муҳит яратилиши учун тегишли чоралар кўрилади;

- мамлакат ривожига салбий таъсир кўрсатиб келаётган ялпи ички маҳсулот улушида каттагина миқдорни ташкил қилиб турган “яширин” иқтисодиётнинг улушини солиқ юкини камайтириш эвазига кескин каматирилади;

- ўзимизда ишлаб чиқарилган ва импорт қилинаётган юқори ликвидли маҳсулотлар маркировкасини жорий этиш бўйича жадал иш олиб бориш чоралари  кўрилади;

- мамлакат тараққиётининг таянчи бўлган инсофли, ҳалол солиқ тўловчиларни рағбатлантириш, яширин фаолият юритадиганларни эса жазолаш амалиёти янги таҳрирдаги Солиқ кодекси орқали жорий қилинади;

- солиқларнинг камайиши бюджет тақчиллигига олиб келмаслиги учун қўшилган қиймат солиғи кенг жорий қилиш баробарида, истеъмол товарларининг нархи ўсишининг олди олинадиган тартиб жорий қилинади;

- солиқ юкини камайтириш ҳисобига барчага бир хил адолатли солиқ режимини жорий этилади ва солиқ имтиёзларини босқичма-босқич бекор қилиш амалиёти ҳам жорий қилинади;

 Юқорида кўзда тутилган чора-тадбирларнинг амалга оширилиши фуқароларимиз солиқдан қочиш эмас, уни вақтида тўлашдан манфаатдор бўлишлигини таъминлайди. Жамият тараққиётининг муҳим омили бўлган барча омиллар қатори, солиқ солиш ва уни ундирилишида ҳам қаттиқ интизом ва адолат ўрнатилса солиқчилар ҳам солиқларни ўз вақтида тўлаш имкониятига ва масъулиятига эга бўлади. Бу пировардида иқтисодиётнинг барқарор ўсишини таъминлайди.

“Бешинчидан, тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш бўйича ишлар жадал давом эттирилади”. Чунки бозор муносабатлари шароитида иқтисодиётни ривожлантиришнинг асосий омили ва кучи тадбиркорликни ривожлантириш билан чамбарчас боғлиқдир. Президентимиз ўзининг Олий Мажлисга мурожаатномасида буюк аллома Нажмиддин Кубро ҳазратларининг “Муваффақиятни —саъй-ҳаракатда, муваффақиятсизликни эса —лоқайдлик ва дангасаликда кўрдим”, деб бежиз айтмаганлар, деган сўзини келтирган. Ушбу масалаларни ҳал қилиш учун ҳам бир қанча вазифалар белгиланган. Булар:

- эндиликда тадбиркорлик шунчаки тадбиркорлик эмас, балки фақат фаол тадбиркорликни жорий қилинишини талаб этади;

- энди қилинадиган меҳнат оддий меҳнат эмас, балки тинимсиз меҳнатни қилишни тақозо қилади;

- муваффақиятга эришиш учун шунчаки олдинга интилиб яшаш эмас, балки шиддат билан интилиб яшашни талаб этади;

- тадбиркорларга рухсат бериш тартиби соддалаштирилади;

- мамлакатимизда тадбиркорлик муҳитини яратиш борасидаги ишлар давом эттирилади;

- тадбиркорлар фаолиятига давлатнинг аралашуви босқичма-босқич қисқартириб борилиши давом эттирилади ва ҳ.к.

Ушбу вазифаларга эришиш учун Вазирлар Маҳкамасига зудлик билан ушбу соҳага доир норма ва қоидаларни такомиллаштириш чораларини кўриб чиқиш вазифаси юклатилди.Буларнинг ҳаммаситадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш бўйича ишлар жадал давом эттирилишидан, пировардида иқтисодиётнинг барқарор тараққиётини ва рақобатбардошлигини таъминлашга эришиш имкониятининг тезликда яаратилишидан далолат беради.

“Олтинчидан, иқтисодиётни бошқаришда давлат аралашувини кескин камайтириш лозим” лиги ҳам иқтисодиётни ривожлантиришнинг устувор вазифаларидан бири сифатида белгиланган. Чунки, ҳозиргача мамлакатимизда мавжуд давлат активларини бошқаришда тизим яратилмаган. Бу эса, иқтисодий самарадорликка салбий таъсир кўрсатиб келмоқда. Масалан, мурожаатномада таъкидланганидек, “ҳозирги вақтда 972 та давлат корхонаси активларининг атиги 21 фоизи Давлат рақобат қўмитаси томонидан, қолган 79 фоизи вазирлик ва идоралар ҳамда хўжалик бирлашмалари томонидан бошқарилмоқда” Натижада ўтган 27 йил давомида давлат корхоналари қандай аянчли аҳволга тушиб қолганлигини кўриш мумкин. Жумладан,мамлакатимизда энг йирик саноат корхоналаридан бири бўлган Авиасозлик саноати ва у билан боғлиқ бутун бир соҳа йўқ бўлиб кетди. 

Йирик корхоналарнинг, айниқса,ёқилғи-энергетика, нефть-газ, кимё, транспорт ва банк соҳаларида давлат иштироки юқори даражада сақланиб қолаётгани уларни бозор механизмлари асосида ривожлантириш, инвестициялар жалб этишга тўсқинлик қилиб келмоқда. Бугунги кунда мамлакатимизда 603 та акциядорлик жамияти фаолият юритаётган бўлса, уларнинг 486 тасида давлат улуши 52 триллион сўмни ташкил этмоқда. Ушбу ҳолат иқтисодиётда давлатнинг иштирокини бутунлай барҳам топиши учун асос бўла олмайди. Шу туфайли, давлатнинг йирик корхоналар мулкида улушини босқичма-босқич қисқартириб боришни тақозо қилади. Буларни амалга ошириш учун жорий йилда бир қанча тадбирлар кўзда тутилган. Жумладан:

- корхоналар мулкида давлатнинг улушини камайтириш эвазига қўшимча инвестицияларнинг киритилишига йўл очилади;

- корхоналарнинг мулкий мустақиллиги иқтисодиётда соғлом рақобат муҳитини яратиш имконини беради;

- мулкий эркинлик ва эркин рақобатни ўрнатиш эвазига иқтисодиётнинг барқарор ва самарали ривожланиши таъминланади;

- Давлат активларини бошқариш маркази фаолиятини тубдан такомиллаштирилади, уни мустақил агентлик этиб қайта ташкил қилиниши лозим бўлади;

- мазкур агентлик давлат мулкини бошқариш, давлат корхоналарини ислоҳ қилиш, акция ва облигациялар чиқариш йўли билан уларни молиявий соғломлаштириш, хусусийлаштириш жараёнларига бош-қош бўлишлиги кўзда тутилган.

Умуман олганда,иқтисодиётни бошқаришда давлат аралашувини кескин камайтириш масаласи бугунги шаддат билан ўзгараётган жамият ва унинг иқтисодиёти учун муҳимдир. Ушбу жараён икки йўналишда амалга оширилади. Биринчидан, корхоналар мулкида давлат мулки камайтирилса, иккинчидан, тадбиркорлик субъектлари фаолиятини назорат қилиш функцияси ҳам кескин камайтирилади. Бу ҳам пировардида иқтисодиётнинг барқарор ривожланишини таъминлайди.

“Еттинчидан, биз эркин бозор тамойилларини ўрнатмоқчи эканмиз, иқтисодиётнинг етакчи тармоқларини ислоҳ қилиш ва ривожлантириш орқали соғлом рақобат муҳитини яратишимиз шарт”. Эркин бозор бор жойда, соғлом рақобат муҳити бўлиши тайин. Акс ҳолда соғлом рақобатни таъминлаш қийин. Соғлом рақобат, дунё тажрибасидан маълумки, иқтисодиётнинг барқарор ривожланишини таъминловчи муҳим омиллардан бири ҳисобланади. Мамлакатимизда бир қанча йирик компаниялар ва акциядорлик жамиятлари (“Ўзбекэнерго”, “Ўзбекистон ҳаво йўллари”, “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ, “Ўзбекнефтгаз”, “Ўзкимёсаноат” компаниялари, Навоий кон- металлургия комбинати кабилар) мавжудки, улар бир томондан иқтисодиёт ривожланишида ҳал қилувчи роль ўйнаётган бўлсада, иккинчи томондан иқтисодиётда монополист ролида фаолият кўрсатиб келмоқда.  Жорий йилда соғлом рақобат муҳитини яратиш учун ҳам бир қанча вазифалар белгиланган. Буларга:

-   энг йирик монопол компаниялар тубдан ислоҳ қилиш ҳақида қарорлар қабул қилинди ва уларда турли мулк шаклига асосланган хўжалик юритувчи субъектлар вужудга келади;

- энг йирик компаниялардан бири бўлган “Ўзбекистон ҳаво йўллари” миллий авиакомпанияси қайта ташкил этилиб, парвозларни амалга ошириш, аэропортларни бошқариш ва аэронавигация хизматлари бир-биридан ажратилди ва ҳар бирига мустақиллик таъминланмоқда;

- худди шу тарзда “Ўзбекнефтгаз”, “Ўзкимёсаноат” компаниялари, Навоий кон-металлургия комбинати каби стратегик тармоқларни ҳам, босқичма-босқич ислоҳ қилишни давом эттирилади;

- олдинги монопол компанияларда маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажми ва унинг нархини белгилаш амалиётини бутунлай қайта кўриб чиқилади ва  бозор тамойилларига асосан амалга ошириш жорий этилади;

- кичик бизнес ва хизмат кўрсатиш билан шуғулланадиган хўжалик юритувчи субъектлар ўртасида эркин рақобат муҳитини яратиш ва такомиллаштириш сиёсати давом эттирилади.

Ушбу тадбирларни амалга ошириш масаласи Вазирлар Маҳкамасига топширилди ва у шу йилнинг биринчи чорагида ҳал қилининиши кўзда тутилган. Мазкур чоралар ҳам мамлакатимизни бозор муносабатларига асосланган иқтисодиётнинг шаклланишига яна бир қутлуғ қадам бўлиб ҳисобланади.                                 

 “Саккизинчидан, иқтисодиётимизни жаҳон бозорига интеграция қилиш ва экспортни қўллаб-қувватлаш устувор вазифадир” дан бири сифатида белгиланди. Мурожаатномада қайд этилишича 2019 йилда экспорт ҳажмини 30 фоизга ошириб, 18 миллиард долларга етказишни мақсад қилиб қўйилган. Бу ўз-ўзидан амалга ошиб қолмайди. Бунга эришиш учун бир қанча чора-тадбирлар белгиланган. Буларга:

- мамлакатимизда экспортга йўналтирилган иқтисодиётга ўтилиши билан бирга, юқорида таъкидланганидек, ички бозорда рақобат муҳитини шакллантириш борасида ҳам ишлар давом эттирилади;

- экспортни қўллаб-қувватлашга қаратилган транспорт-логистика тизими янада такомиллаштирилади;

- денгизга чиқиш имкониятимиз чеклангани учун маҳсулотни экспорт қилишдаги мавжуд кўплаб қийинчиликларни бартараф қилиш борасидаги ишлар давом эттирилади;

- 2019 йилдан бошлаб, “Узбекистан Эйрвейс” ва “Ўзбекистон темир йўллари” компаниялари товарларимизни экспорт қилиш бўйича замонавий логистика йўналишларини яратиш бўйича тизимли ишларни амалга оширилиши ҳам кўзда тутилган;

- маълумки, мавжуд Жаҳон банкининг “Логистика самарадорлиги индекси”да мамлакатимиз ўз ўрнини юқори позицияга кўтариш чораларини кўришлиги ҳам устувор вазифа қилиб белгиланган;

- қўшни давлатлардан экспорт юкларини темир йўл орқали имтиёзли нархларда ўтказиш бўйича музокаралар олиб бориши бўйича Вазирлар Маҳкамаси ҳам шуғулланиши кўрсатиб ўтилган;

2019 йилдан бошлаб божхона тартибларини кескин соддалаштириш мақсадида, божхона назорати пунктлари ҳамда юкларни расмийлаштириш постлари тубдан ислоҳ қилинади;

- эндиликда мамлакатимизнинг барча ҳудудларида замонавий талабларга жавоб берадиган, “ягона дарча” тамойили асосида фаолият кўрсатадиган божхона комплексларини барпо этилади.

Ушбу тадбирларнинг амалга оширилиши мамлакатимизнинг экспорт салоҳиятини ошириш имконини бериш баробарида, иқтисодиётимизни жаҳон бозорига интеграция қилиш ва экспортни қўллаб-қувватлаш имкониятларини ҳам кучайтиради. Шу туфайли ушбу ишларни амалга ошириш ва назорат қилиш масаласи Вазирлар Маҳкамасига топширилади.

“Тўққизинчидан, ҳудудларни комплекс ривожлантириш тадбирларини изчил давом эттириш лозим”лиги ҳам иқтисодиётни ривожлантиришнинг устувор вазифаларидан бири сифатида белгиланган. Мурожаатномада эътироф этилишича, иқтисодиётдаги тизимли ўзгаришлар натижасида ялпи ички маҳсулот таркибида саноатнинг улуши 2018 йилда 35 фоиздан 37 фоизга ортиши кутилмоқда. Лекин айрим шаҳар ва туманларда бу ўта муҳим масалага етарлича эътибор берилмаяпти. Натижада айрим ҳудудларда иқтисодиётнинг локомотиви бўлган катта-кичик саноат корхонаси умуман йўқ. Шу туфайли республиканинг 27 та туманида саноатнинг улуши вилоят кўрсаткичининг 1 фоизига ҳам етмайди.Мамлакатимиз учунҳудудларни комплекс ривожлантириш тадбирлари ўта муҳим. Чунки айрим қишлоқлар билан шаҳарлар ўртасидаги тофовут “кун билан тун” сингари фарқ қилади. Шу туфайли ушбу масала изчиллик билан давом эттирилади. Жумладан:

- ҳар бир туман ва шаҳарда саноатини ривожлантириш бўйича ўрта ва узоқ муддатга мўлжалланган ривожланиш дастурларини ишлаб чиқиш вазифаси юклатилган;

- бу масалани алоҳида назоратга олиниши Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар раҳбарларига шахсан юклатилган;

- 2019 йилда ҳам “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари ижроси давом эттирилади. Ушбу мақсадлар учун 4 триллион сўмдан зиёд маблағ ажратиш кўзда тутилганлиги ҳам мазкур масалага жиддий ёндошишни тақозо қилади;

- мамлакатимизнинг урбанизация даражасининг ҳозирги ҳолатини (35,5 фоизни ташкил этади) сақлаб қолиш чоралар кўрилиши ҳам муҳим вазифалар сирасига киради;

- мамлакатимиз аҳолисининг урбанизация даражасини 2030 йилга қадар 60 фоизга етказиш бўйича Давлат дастури ишлаб чиқиш учун шахсан масъуллик Бош вазирга топширилди;

- пойтахт ва вилоят марказлари бўлган шаҳарлар билан чекланиб қолмасдан, балки ҳудудларда жойлашган шаҳар ва посёлкаларни комплекс ривожлантиришга эътибор қаратиладиган бўлди;

- қишлоқ жойларда намунавий уй-жойлар қуриш дастурларидан босқичма-босқич шаҳар ва посёлкаларда кўп қаватли уйлар қуришга ўтиш вазифаси қўйилди;

-шунчаки уй қуриш эмас, балки муҳандислик-коммуникация инфратузилмасини ҳам уй-жойларни қуриш дастурлари билан узвий боғлиқ ҳолда ривожланиши масаласига эътибор қаратилиши кўрсатиб ўтилди; 

- юқорида кўзда тутилган ишларни амалга ошириш учун ва молиявий маблағлар билан таъминлаш учун махсус жамғарма тузилади ва бу ишларга Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги бош-қош бўлиши кўзда тутилган;

- мазкур жамғармага маблағлар ўша жойдаги бинолар ва иншоотлар жойлашган ер участкаларини хусусийлаштиришдан тушган маблағлар эвазига шакллантирилади. 

Юқоридаги вазифаларнинг тўлиқ амалга оширилиши натижасида худудларимизни ривожлантириш бўйича янги тизим яратилади. Ушбу тадбирлар пировардида, ҳудудларимиз қиёфасини янада обод қилишга ва аҳоли фаровонлигини оширишга олиб келади.

“Ўнинчидан, қишлоқ хўжалиги соҳасини бошқариш тизимини ислоҳ қилиш, ер ва сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш борасидаги илғор технологияларни жорий этиш, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш энг муҳим вазифамиздир”, деб таъкидланди, Президент мурожаатномасида.Маълумки, 2019 йилда кластер усулида пахта етиштиришни камида 52 фоизга етказиш учун 48 та пахта-тўқимачилик кластерини ташкил этиш тўғрисида қарор қабул қилинди. Кластер қишлоқ хўжалигининг бошқа соҳаларига ҳам жорий қилиниши кўзда тутилган. Хусусан, эндиликда ғалла ва мева-сабзавот кластерларини ҳам ҳар томонлама ривожлантириш чоралари кўрилган. Чунки, ушбу соҳа биз учун нисбатан янги эканини инобатга олиб, давлат томонидан бир қанча қулайликлар яратиш ҳам кўзда тутилган. Буларга қуйидагиларни киритиш мумкин:

  • кластерларни, қўллаб-қувватлаш мақсадида давлат томонидан кредит тизимини соддалаштириш, харажатларни субсидиялаш, ер ажратиш билан боғлиқ тартибларни қайта кўриб чиқиб, уларнинг ҳам қулай йўлларини жорий қилиш талаб этилиши кўрсатилган;

-асосий эътиборлардан бири уруғчиликка қаратилиши, бунда асл навларни яратиш мақсадида, тажриба-селекция ишларини тубдан қайта кўриб, буларни ҳам жонлантириш лозимлиги уқтирилган;

- ушбу мақсадни мувоффақиятли амалга ошириш учун уруғчилик ва селекция билан шуғулланадиган институтларнинг моддий-техник базасини яхшилаш, давлат-хусусий шериклик асосида уруғчилик кластерларини ташкил қилиш ҳам кўзда тутилган;

- қишлоқ хўжалиги соҳасида янги тармоқларни ривожлантириш, хусусан, деҳқончилик ва чорвачилик соҳасида ҳосилдор навларни ва маҳсулдор зотларни яратиш зарурлиги ҳам эътиборга олинган;

- мамлакатимизда янги ерларни ўзлаштириш орқали экин майдонларини кенгайтириш эвазига чорванинг озуқа базасини мустаҳкамлаш, шунингдек, балиқчилик, паррандачиликни ривожлантириш ҳисобидан озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқариш ҳажмини кескин кўпайтириш вазифаси қўйилган;

- бугунги кунда фермер хўжаликларининг йиллик чорва озуқасига бўлган эҳтиёжининг фақат 35 фоизи маҳаллий имкониятлар ҳисобидан қопланишини инобатга олиб, бу соҳани ҳам ривожлантириш масаласи қўйилган;

- эндиликда сувни тежайдиган суғориш технологияларини кенг қўллаш чоралари ҳам кўрилади;

- қишлоқ хўжалиги мақсадларида ер бериш тизимини тубдан қайта кўриб чиқиш ҳам соҳанинг ривожланишини таъминлашга хизмат қилиш кўрсатилган;

- ердан самарали фойдаланиб, мўл ҳосил олаётган кўп тармоқли фермер хўжаликларига ўз фаолиятини кенгайтириши учун қўшимча ер майдонларини ажратиш лозимлиги ҳам қайд этилган;

- фермерларнинг қишлоқ хўжалиги соҳасида етарли билимга эга эмаслиги, аммо қишлоқ хўжалиги технологияларини мукаммал эгаллаган, замонавий ишлаб чиқариш ва инновация усулларидан хабардор фермерлар сув билан ҳаводек зарурлигини инобатга олиб, замонавий кадрларни тайёрлаш масаласига ҳам алоҳида аҳамият бериш лозимлиги кўриниб турибди;

- фермерларда куч-ғайрат, ташаббус, ерга меҳр борлиги, кўпчилигининг кўзи ёниб турганлиги, юқори самарадорликка эришиш учун хоҳишнинг кучлилиги билан етарли билим бўлмаса юқори ҳосилдорликка ва пировард натижага эришиб бўлмаслиги ҳам қайд этилди;

-Фермерлар кенгаши Қишлоқ хўжалиги ва Сув хўжалиги, Инновацион ривожланиш вазирликлари билан ҳамкорликни кучайтириши, фермерларни ўқитиш ва қайта тайёрлаш дастурларини ишлаб чиқиш вазифаси топширилда;

- қайд этишкеракки, қишлоқ хўжалигидаги ислоҳотлардан мақсад —иқтисодий фойда кўриш билан бирга, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, халқ фаровонлигини оширишдан иборатлигига алоҳида аҳамият берилди;

- юқоридаги вазифаларни, муаммоларни инобатга олиб, Қишлоқ хўжалиги вазирлигига мамлакатимизда мева-сабзавот етиштириш бўйича кластер тизими қандай ҳолатда эканини чуқур таҳлил қилиб, 2019 йил 1 мартга қадар бу борадаги мавжуд тўсиқларни бартараф этиш бўйича тегишли таклифларни киритиш вазифаси ҳам юклатилди.

Юқоридаги барча масалаларнинг амалга оширилишини Вазирлар Маҳкамасининг назорат қилишлигини, бу борада тегишли “йўл харитаси”ни ишлаб чиқиб, унинг амалга оширилишини таъминлаш масаласига ҳам алоҳида аҳамият берилди. Шунингдек, Вазирлар Маҳкамаси зиммасига қисқа муддатда “2019-2024 йилларда мамлакатда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш миллий дастури”ни қабул қилиши юклатилди.Чунки, иқтисодий мустақилликнинг, ижтимоий ўнгланишнинг йўлларидан бири айнан шу озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш билан боғлиқдир.

Хулоса қилиб айтганда, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг2018 йил 28 декабрдагиОлий Мажлисга Мурожаатномаси мамлакатни ҳар томонлама ривожлантириш, аҳолининг фаровонлигини ошириш, уларнинг ҳаёт даражаси ва сифатини яхшилашга қаратилган чуқур ўйланган дастурдир. Ушбу ҳужжат ҳаммага мўлжалланган, ундан ҳамма манфаатдор ва бажарилишига ҳам ҳамма масъул. Ҳеч ким ташқаридан томошабин ёки бефарқ қараб туришга ҳаққи йўқ.

Мамаюнус ПАРДАЕВ,

Самарқанд Иқтисодиёт ва сервис институти профессори,

 иқтисод фанлари доктори,

“Турон” фанлар академияси академиги

(“Туркистон-пресс”).