2019-01-15 16:38:13

ИЧКИ ИШЛАР ТИЗИМИДА 172 ХОДИМ ЛАВОЗИМИДАН ОЗОД ЭТИЛИБ, 174 НАФАРИ ЖИНОИЙ ЖАВОБГАРЛИККА ТОРТИЛДИ

Ўзбекистон Ички ишлар вазири Пўлат Бобожонов ЎзА мухбири билан суҳбатда фуқароларнинг ички ишлар органларига бўлган ишончини ошириш учун комплекс тадбирлар амалга оширилаётганини айтиб ўтди. 

19 минг нафар ходим аттестациядан ўтказилди. Ижобий натижаларга эришган, ташаббускор 7 минг 678 нафар ходимга навбатдаги махсус унвонлар берилди, 1 минг 12 нафар ходим раҳбар кадрлар захирасига киритилди.

Эгаллаб турган лавозимида беш йилдан ортиқ хизмат қилаётган 346 нафар раҳбар ходимнинг фаолияти танқидий ўрганилиб, 172 нафари эгаллаб турган лавозимидан озод этилиб, ўрнига ташаббускор янги раҳбарлар тайинланди.

Аксинча, ўз устида лозим даражада ишламаган 383 нафар раҳбар ходим олти ойдан кейин қайта аттестациядан ўтиши, 81 нафари паст лавозимга тайинланиши тўғрисида қарор қабул қилинди, 59 нафари ички ишлар органлари сафидан бўшатилди.

Ўз навбатида, тизимда порахўрликка қарши курашиш борасида ҳам аниқ чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Фуқаролар томонидан таклиф қилинган пора сифатидаги пулларни олмасдан, пора бериш жиноятини фош этишда шахсий ташаббус кўрсатган ички ишлар органлари ходимлари рағбатлантириб борилмоқда. Бунда 77 нафар ходимнинг пора таклиф қилган шахсларга нисбатан қонуний чора кўришни сўраб қилган мурожаатига асосан айбдор фуқароларга нисбатан қонуний чоралар кўрилиши таъминланди. 

Халқимизда “гуруч курмаксиз бўлмайди” деган нақл бор. 2018 йилда тизимда хизмат қилган 174 нафар ходим содир этган турли жиноятлари учун жавобгарликка тортилган. 

Манба: ЎзА