2019-01-17 16:13:05

ИННОВАЦИОН РИВОЖЛАНИШ ВАЗИРЛИГИ БРИТАНИЯ КЕНГАШИНИНГ “CREATIVE SPARK” ЛОЙИҲАСИДА ҲАМКОРЛИК ҚИЛМОҚДА

“Creative Spark” лойиҳасининг асосий мақсади Буюк Британия ҳамда Марказий Осиё (Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон), Жанубий Кавказ (Озарбайжон, Арманистон, Грузия) ва Украина давлатларининг университетлари, таълим муассасалари ўртасида фаол тадбиркорлик соҳаларини ривожлантириш бўйича халқаро алоқаларни кенгайтиришга қаратилган беш йиллик дастур бўлиб, талабаларда фаол тадбиркорлик ва ташаббускорлик кўникмаларини шакллантирган ҳолда, жамиятда креатив иқтисодиётни равнақ топтиришга ҳисса қўшишдан иборатдир.

Креатив иқтисодиёт юртимиз учун янгилик бўлгани туфайли мазкур кўникмаларни маҳаллий олий таълим муассасалари талабалари ичида кенг тарғиб қилишда Инновацион ривожланиш вазирлиги яқиндан ёрдам беради. Хусусан, тренинглар, ўқув ҳамда амалий машғулотлар, маҳорат дарслари ўтказишда кўмаклашади. Пировардида ўқувчиларнинг фаол тадбиркорликни йўлга қўйиш учун амалий кўникмаларни эгаллашларига эришилиши кўзда тутилган.

Лойиҳа давомида жорий йилнинг январь — март ойларида London Metropolitan University ходимлари ва ҳамкор ташкилотлар мутахассислари томонидан тадбиркорлик лойиҳаларини тайёрлаш бўйича тренинглар ташкил этилади. Тренингларда фаол қатнашган талабалар ўз старт-ап лойиҳаларини махсус комиссияга тақдим қиладилар. Саралаб олинган энг яхши лойиҳалар муаллифлари эса лондонлик экспертлар томонидан уюштириладиган ўқув курсида иштирок этиб, ўз лойиҳаларини янада такомиллаштириш имкониятига эга бўладилар.

Июнь ойида якуний саралаш босқичи ўтказилади ва энг яхши лойиҳа эгаси ўз лойиҳасини Лондон шаҳрида инвесторларга тақдим қилади. Сафар харажатлари Британия кенгашининг “Creative Spark” учун махсус ажратилган фонди томонидан қопланади. Шунингдек, фаол қатнашчилар Британия кенгаши ҳамда ҳамкор ташкилотлар томонидан рағбатлантирилади.