2019-01-17 17:43:40

ЎЗБЕКИСТОНДА НОДАВЛАТ СУД ЭКСПЕРТИЗАСИ ТАШКИЛ ЭТИЛАДИ

Бу ҳақда давлатимиз раҳбарининг 2019 йил 15 январь куни қабул қилинган “Суд экспертиза фаолиятини янада такомилаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қайд этилган. 

Ҳужжатга кўра:

Нодавлат суд экспертиза ташкилотлари ташкил этилади. Уларга суд экспертизаларининг айрим турларини ўтказиш ҳуқуқи берилди.

 Нодавлат суд-экспертиза ташкилотларининг суд экспертлари қайта тайёрлаш ва малака ошириш курсларини тўлов асосида ўқийди, ўқув курсини тамомлагач тегишли ихтисослик бўйича қўйиладиган, уларнинг касбий лаёқатини ва ихтисослик талабларига мувофиқлигини тасдиқловчи суд эксперти сертификатига эга бўлади.

Суд эксперти сертификатини олган шахслар ҳақидаги маълумотлар Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг расмий веб-сайтида эълон қилинади.

Нодавлат суд-экспертиза ташкилотида Қонунчиликда белгиланган тартибда суд эксперти сертификатини олмаган экспертларга экспертизаси тадқиқотини ўтказишга рухсат берилмайди.

Нодавлат суд-экспертиза ташкилотлари суд экспертизасини ўтказишда давлат суд-экспертиза муаассасалари каби функцияларни амалга оширади, ҳуқуқга эга бўлади, мажбуриятларни бажаради ва жавобгарлик юклатилади.

Нодавлат экспертиза ташкилотининг экспертиза хулосасидан норози бўлганлар, қайта суд экспертизасини ўтказиш учун давлат суд-экспертиза муассасасига мурожаат қилиши мумкин.

Нодавлат суд-экспертиза ташкилотларининг рейтинги юритилади.

Ушбу Президент қарори билан Адлия вазирлигига қуйидаги ҳуқуқлар берилди:

Адлия вазирлиги ва Марказга пуллик хизматлар кўрсатишдан келиб тушадиган ва бошқа бюджетдан ташқари маблағлар ҳисобидан янги таркибий бўлимлар ташкил этиш ва кўшимча штатлар жорий қилиш;

Марказ томонидан бажариладиган ишлар, хизматлар бўйича тарифлар, нархлар ва нарх-наволарни мустақил белгилаш.

Қарор билан, Марказ ходимларининг лавозим маошлари бир ярим баробарга оширилди.

Кўрсатилган пуллик хизматлардан келиб тушадиган маблағларнинг 50 фоизигача бўлган қисми ижтимоий ҳимоя қилиш ва моддий рағбатлантириш учун йўналтирилади.

Бундан ташқари, Марказнинг тегишли бўлим ва лабораторияларига Фанлар Академиясининг илмий-текшириш муассасалари ва олий таълим муассасалари бириктирилди.

Эндиликда, терговга қадар текширув, суриштирув ва дастлабки терговни амалга оширувчи орган ходимлари суд экспертининг мустақиллик принципига сўзсиз риоя қилишлари ҳамда ҳар қандай кўринишларда суд экспертларининг профессионал фаолиятига тўсқинлик қилишига йўл қўйилмайди.

Бир сўз билан айтганда, давлат суд экспертларининг иш шароитлари янада яхшиланади, экспертиза хулосалари қисқа муддатларда чиқарилади, ушбу жараёнларга инновациялар жорий этилиб, экспертиза тадқиқотларини ўтказишда шаффофлик таъминланади, — дейилади Адлия вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими хабарида.

“Туркистон-пресс”