2019-01-18 16:40:28

ҚИЗҒИН САВОЛ-ЖАВОБЛАР, ЮЗМА-ЮЗ МУЛОҚОТЛАР МАЙДОНИ

Солиқ қонунчилигига киритилган ўзгартириш ва қўшимчаларни солиқ тўловчиларга етказиш мақсадида “Ўзэкспомарказ” мажмуасида ташкил этилган кўргазмали семинарнинг учинчи кунида 1392 нафар солиқ тўловчиси иштирок этди.

Семинарда Тошкент вилоятидан ташриф буюрган солиқ тўловчилардан 60 дан ортиқ саволлар келиб тушди ҳамда уларнинг барчасига вилоят давлат солиқ бошқармаси мутахассислари томонидан батафсил жавоб қайтарилди.

Қатнашчилар, асосан, қўшилган қиймат солиғини тўлаш тартиби, якка тартибдаги тадбиркорларга яратилган имкониятлар, солиқ ставкалари ҳамда имтиёзлар ҳақида саволлар беришди.

Солиқ тўловчиларга солиқ тизимидаги янгиликлар махсус тайёрланган тарқатма материаллар ва видеороликлар ёрдамида тушунтирилди. Ташриф буюрувчилар учун 1400 га яқин буклетлар тарқатилди.

Кўргазмали семинар иштирокчиларидан йўлланган саволларнинг аксарияти қўшилган қиймат солиғини тўлаш ҳамда уни ҳисоблашга оид бўлди. Мутахассислар уларга мисоллар асосида атрофлича жавоб қайтаришди.

Шу билан бирга, Тошкент вилоятида қўшилган қиймат солиғи тўловига ўтиши лозим бўлган 1491 корхонанинг ҳар 10 тасига бир нафардан ходим бириктирилганлиги маълум қилинди. Ушбу ходимлар жойларга чиққан ҳолда, корхоналарга амалий ёрдам кўрсатмоқда.

Тошкент вилояти давлат солиқ хизмати органлари томонидан солиқ соҳасидаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар мазмун-моҳияти ҳамда аҳамияти аҳоли ўртасида кенг тушунтирилмоқда.

2019 йилнинг ўтган қисқа даври давомида ҳудудларда давлат солиқ хизмати органлари ва бошқа мутасадди ташкилотлар раҳбарларини жалб қилган ҳолда, 17 та семинар ўтказилди. Уларда 1477 нафар тадбиркор қатнашди. Жойларда ўтказилган семинарлар давомида иштирокчилардан келиб тушган 2880 дан ортиқ саволларга ўз вақтида, аниқ ҳамда тезкор жавоблар берилди.

ДСҚ Жамоатчилик билан алоқалар ва ҳуқуқий ахборот бўлими.

“Туркистон-пресс”