2019-01-21 15:43:50

ЎЗБЕКИСТОН ЗАМОНАВИЙ БЕШКУРАШ ФЕДЕРАЦИЯСИ ХАЛҚАРО МУНОСАБАТЛАРНИ РИВОЖЛАНТИРИШ ЙЎЛИДА

19 январь куни Германиянинг Франкфурт шаҳрида Ўзбекистон Замонавий бешкураш федерацияси раиси Баҳромжон Газиев ва Замонавий бешкураш Халқаро иттифоқи президенти доктор Клаус Шорманн билан учрашув бўлиб ўтди. Бу ҳақда МОҚ матбуот хизмати хабар берди.

Учрашув давомида узоқ муддатли ва ўзаро манфаатли хамкорлик масалалари муҳокама қилинди. Баҳромжон Газиев Ўзбекистонда Замонавий бешкурашнинг ҳолати ва истиқболлари ҳақида йиғилганларга батафсил сўзлаб берди. Учрашувда таъкидланганидек, Ватанимизда бу спорт турига кўп йиллар давомида етарлича эътибор берилмади. Бироқ ҳозирги пайтда вазият ўзгарди ва энди ҳуқуматнинг қўллаб-қувватлаши, Ўзбекистон Замонавий бешкураш федерацияси ва Миллий Олимпия қўмитасининг саъй-ҳаракатлари сабабли Ўзбекистон Замонавий бешкураш тарихида янги саҳифа бошланди. Мутасаддилар қисқа вақт мобайнида кучли мураббийлар ва бир неча спортчи топишга муваффак бўлдилар ва шу сабаб Токио 2020 Олимпия ўйинларида иштирок этиш учун имконият пайдо бўлди.

Яқин келажакда Ўзбекистонда Замонавий бешкураш бўйича мактаб очилиши режалаштирилган. Замонавий бешкурашга боғлиқ бўлган бешта спорт турининг тренинг-машғулотлари учун шарт-шароитлар ва мусобақалар ўтказиш учун янги, халқаро стандартларга жавоб берадиган замонавий спорт базаси қурилиши кутилмоқда (яъни, қиличбозлик зали, сузиш ҳавзалари, югуриш йўлаклари, ўқ отиш майдонлари ва конкур майдони). Ушбу спорт базасида нафақат замонавий бешкураш бўйича, балки бошқа спорт турлари бўйича хам халқаро мусобақалар ўтказилиши кутилмоқда.

Доктор Клаус Шорманн Ўзбекистон Замонавий бешкурашнинг халқаро майдонига қайтишини қўллаб-қувватлади ва ушбу спорт турини Пьер де Кубертен томонидан яратилган улкан анъаналарини давом эттирган ҳолда халқаро олимпия спорт турлари элитаси деб таъкидлаб ўтди. У Ўзбекистон Замований бешкураш федерациясининг Халқаро ҳамкорлик ва мамлакатдаги ушбу спортни тарғиб қилишнинг раҳбарият томонидан танланган стратегияларини юқори баҳолади. Ўз навбатида, доктор Шорманн Европа ва Осиё мамлакатлари федерациялари билан алоқаларни яхшилашга ёрдам беришини ваъда қилди.

Учрашув якунида Баҳромжон Газиев доктор Клаус Шорманнга эсдалик совғаларини топширди.

“Туркистон-пресс”