2019-01-22 17:16:13

ГЕРМАНИЯ КОМПАНИЯСИ ТОШКЕНТДА “ДИСНЕЙЛЕНД” ҚУРМОҚЧИ

Германиянинг “RIMC HOTELS AND RESORTS” компанияси пойтахтимизда “Диснейленд” қуриш таклифини билдирди. Бу ҳақда Тошкент шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди.

Қайд қилинишича, шу мақсадда Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев ҳамда немис компанияси раҳбари Герт Прантнер ўртасида учрашув бўлиб ўтган.

Унда Тошкент шаҳрида туризмни ривожлантириш ва компания билан ҳамкорлик ўрнатиш хусусида сўз юритилди. Ҳамкор компания раҳбари пойтахтда замонавий меҳмонхоналар, савдо-сотиқ ҳамда “Диснейленд” каби кўнгилочар марказларни қурилишига қизиқиш билдираётгани ҳақида таъкидлаб ўтди.

Йиғилишда компания ва ҳокимлик ўртасида ҳамкорлик Меморандумини имзолаш таклифи ҳам киритилди. Шунингдек, лойиҳаларни амалга ошириш учун истиқболли таклифлар ишлаб чиқилди.

Маълумот учун, 30 йиллик тарихга эга ушбу компания дунё миқёсида етакчи халқаро меҳмонхоналар оператори ҳисобланади.