2019-01-23 17:04:55

МАРКАЗИЙ БАНК: ЎЗБЕКИСТОНДА ОЛТИН-ВАЛЮТА ЗАХИРАЛАРИ МИҚДОРИ ОШДИ

Ўзбекистон Марказий банки 2019 йил 1 январ ҳолатига кўра, олтин-валюта захиралари миқдорини эълон қилди. Бу ҳақда ташкилот матбуот хизмати хабар берган.

Унга кўра, 2019 йил 1 январ кунги ҳолат бўйича ялпи олтин захиралари ўтган ойга нисбатан 1 млрд 98,4 миллион долларга ошиб, 27 млрд, 81 млн долларни ташкил қилган. Хорижий валютадаги активлар миқдори 12 млрд 440,7 миллион долларга етган. Монетар олтин миқдори бироз камайиб, 14 млрд 640,7 миллион долларга тушган бўлса, соф олтин захираси 1 млрд 102,4 миллион долларга ошиб, 26 млрд 394,1 миллион долларни ташкил қилмоқда.

Маълумот учун, «Ўзбекистон Республикасининг Марказий банки тўғрисида»ги қонунга мувофиқ, Марказий банкнинг асосий вазифаларидан бири сифатида республика олтин-валюта захираларини сақлаш ва бошқариш белгиланган.

Олтин-валюта захираларини ҳисоблаш методикаси Халқаро валюта жамғармасининг стандартлари асосида юритилади. Олтин-валюта захираларининг таркиби хорижий валюта активлари ва қуйма шаклидаги монетар олтиндан иборат.

Олтин-валюта захираларини самарали бошқариш мақсадида Марказий банк томонидан захираларнинг ялпи ва соф қийматлари ҳисоби юритилади.

Соф олтин-валюта захиралари тижорат банклари ва давлат бошқаруви органларининг (Молия вазирлиги, Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси бундан мустасно) Марказий банкда очилган ҳисоб варақларидаги валюта маблағларини, яъни Марказий банкнинг ушбу ташкилотлар олдидаги мажбуриятларини ҳисобга олмайди.

Марказий банк ҳисобига кўра, 2018 йил январь-декабрь ойларида олтин-валюта захираларининг камайиши қисман олтин нархининг 1296,50 дан 1281,65 долл/тр.унцияга пасайиши ҳисобига юзага келган (нархнинг олтин-валюта захираларининг камайишга таъсири - 160,7 млн.долл).​​