2019-01-23 17:14:45

ЎЗБЕКИСТОН ДЕЛЕГАЦИЯСИ ЛОНДОНДАГИ ЖАҲОН ТАЪЛИМ ФОРУМИДА ИШТИРОК ЭТМОҚДА

Президентимиз Шавкат Мирзиёев топшириғига кўра, Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси Лондонда (Буюк Британия) бўлиб ўтаётган таълим бўйича Жаҳон форумида иштирок этмоқда. Бу ҳақда вазирлик Ахборот хизмати хабар берди.

Жорий йилнинг 21 январида ўз фаолиятини бошлаган мазкур форумда 95 мамлакатнинг расмий вакиллари иштирок этмоқда. Форум иштирокчилари томонидан уч кун давомида таълим соҳасини ривожлантириш бўйича юзага келаётган савол ва муаммолар муҳокама этилади.

Ўзбекистон делегацияси Буюк Британияга ташрифи чоғида таълим соҳасидаги давлат органлари ва компаниялар вакиллари билан икки томонлама музокаралар ўтказишни режалаштирмоқда. Шунингдек, M&C Saatchi, Британия Кенгаши, Cambridge Assessment International Education, Таълим департаментининг мактаб стандартлари бўйича давлат вазири, Буюк Британия Парламентининг аъзоси Ник Гибб ва бошқа ташкилотлар вакиллари билан музокаралар олиб борилади.

Айни чоғда Британиядаги таълим муассасаларига ташриф буюриш ҳамда Британия Кенгашининг “Таълим сиёсати бўйича мулоқот: ёшларимиз келажакка қандай тайёргарлик кўраяпти“ мавзусидаги дастурда иштирок этиш режага киритилган.

“Туркистон-пресс”