2019-01-23 17:16:32

ЎЗБЕКИСТОН КАМОНДАН ОТИШ ФЕДЕРАЦИЯСИ ТУРКИЯДА УЧ ТОМОНЛАМА МЕМОРАНДУМ ИМЗОЛАДИ

Ўзбекистон камондан отиш федерацияси халқаро алоқаларни мустаҳкамлаш орқали мамлакатимизда мазкур спорт турини ривожлантиришни мақсад қилиб қўйган. Бу йўлда Туркия камондан отиш федерацияси билан яқиндан ҳамкорлик қилинмоқда. Шу муносабат билан 22 январь куни Ўзбекистон камондан отиш федерацияси раиси Отабек Имомов Туркияда уч томонлама учрашувда қатнашди. Унда Туркия камондан отиш федерацияси президенти, Туркия камончилар Фонди раҳбари Ҳайдар Али Йилдиз ва Бутунжаҳон этник спорт турлари конфедерацияси президенти Билол Эрдўған ҳам иштирок этди.Бу ҳақда МОҚ Матбуот хизмати хабар берди.

Учрашув давомида томонлар Ўзбекистонда камондан отиш спорт турини ривожлантириш, ўзаро ҳамкорлик ришталарини мустаҳкамлаш ва камондан отиш анъана ва қадриятларини сақлаб қолиш бўйича уч томонлама меморандум имзоладилар.

Шунингдек, Ўзбекистон ва Туркияда мусобақалар ўтказиш, қўшма ўқув-машғулот йиғинлари ташкил этиш, терма жамоа мураббийлари ва спортчилари учун дастур ишлаб чиқиш масалаларида фикр алмашилди.

Кўтаринки руҳда ташкил этилган учрашувда Ҳайдар Али Йилдиз ва Билол Эрдўған ушбу ҳамкорлик нафақат камондан отиш, балки бошқа спорт турларини ҳам ривожлантириш йўлида муҳим аҳамият касб этишини таъкидлашди.

“Туркистон-пресс”