2019-01-23 17:21:30

26 ЯНВАРЬ КУНИ УМУМХАЛҚ ЭКОЛОГИК ХАЙРИЯ ҲАШАРИ ЎТКАЗИЛАДИ

2019 йил 26 январь куни умумхалқ экологик хайрия ҳашари ўтказилади. Бу ҳақда Адлия вазирлигининг Телеграмм ижтимоий тармоғидаги   https://t.me/huquqiy axborot каналида хабар берилди.

Оролбўйидаги экологик ҳалокат оқибатларини юмшатиш борасидаги ташаббуслар ва саъй-ҳаракатларни қўллаб-қувватлаш бўйича жойлардаги жамоатчилик вакилларининг таклифларини ҳисобга олиб, минтақада экологик ҳолатни ҳамда аҳолининг яшаш шароитларини яхшилаш мақсадида Вазирлар Маҳкамасининг тегишли фармойиши қабул қилинди.

Унга мувофиқ, 2019 йил 26 январь куни умумхалқ экологик хайрия ҳашари ўтказилади.

Хайрия ҳашарини ўтказиш доирасида маҳаллалар, аҳоли пунктлари, кўп қаватли уйлар ва бинолар, ҳовлилар атрофи, гузарлар, хиёбонлар, зиёратгоҳлар ҳамда қабристонлар, ариқлар, кўчалар ва йўлаклар, шунингдек, болалар майдончалари тартибга келтирилади.

Мазкур хайрия ҳашаридан тушган маблағлар Орол денгизининг суви қуриган майдонларида ҳимоя ўрмонларини барпо этиш, минтақада экологик ҳолатни ҳамда аҳоли турмуш шароитини яхшилаш, кам таъминланган, боқувчисини йўқотган, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларга моддий ва маънавий ёрдам кўрсатиш каби тадбирларга йўналтирилади.