2019-01-24 15:38:52

ЎЗБЕКИСТОНДА АХБОРОТ-КОММУНИКАЦИЯ ТЕХНОЛОГИЯЛАРИ ВА АЛОҚА ҲАРБИЙ ИНСТИТУТИ ТАШКИЛ ЭТИЛДИ

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 17 январдаги қарорига кўра, Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университетининг Махсус факультети Мудофаа вазирлиги Ахборот-коммуникация технологиялари ва алоқа ҳарбий институти этиб қайта ташкил этилди. Бу ҳақда вазирлик Матбуот хизмати хабар берди.

Мазкур хабарга кўра, Ўзбекистондаги биринчи ҳарбий институт Мудофаа вазирлигининг давлат олий ҳарбий таълим муассасаси бўлиб, у олтита йўналиш бўйича тактик бўғиндаги офицер кадрларни икки йиллик тайёрлашни амалга оширади. Жумладан:

• алоқа қўшинлари тактик қўмондонлик-муҳандислиги;
• махсус алоқа ва давлат сирларини муҳофаза қилиш тактик қўмондонлик-муҳандислиги;
• ахборот тизимлари ва технологиялари тактик қўмондонлик-муҳандислиги;
• радиоэлектрон разведка ва кураш тактик қўмондонлик-муҳандислиги;
• ҳаво ҳужумидан мудофаа радиотехника қўшинлари тактик қўмондонлик-муҳандислиги;
• ҳаво ҳужумидан мудофаа зенит-ракета қўшинлари тактик қўмондонлик-муҳандислиги.

Шунингдек, янги ташкил этилган ҳарбий институт Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университети махсус факультетининг барча ҳуқуқлари, мажбуриятлари ва шартнома бўйича ҳуқуқий вориси ҳисобланади.

Фото: Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати