2019-01-24 15:41:18

“DEUTSCHE WELLE”ТВ: “МЕРКЕЛЬ ЎЗБЕКИСТОН БИЛАН ҲАМКОРЛИКНИ КЕНГАЙТИРИШ ТАРАФДОРИ”

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Германияга амалга оширган расмий ташрифи ушбу мамлакат оммавий ахборот воситаларида асосий мавзулардан бирига айланди.

Хусусан, “Deutsche Welle” телерадиокомпанияси ташриф билан боғлиқ мақолалар, лавҳалар, эшиттиришларни беришда давом этяпти. Жумладан, шундай репортажлардан бири “Меркель Ўзбекистон билан ҳамкорликни кенгайтириш тарафдори”, дея номланди.

“Бу Шавкат Мирзиёевнинг Президент сифатида Германияга илк расмий ташрифидир. Канцлер Ўзбекистон етакчиси ташаббуси билан бошланган ислоҳотларни юқори баҳолади. Немис тадбиркорлари эса, ўз навбатида, республика билан савдо-иқтисодий алоқалари кенгайишига умид қилмоқда”, дейилади репортажда.

 “Deutsche Welle” канцлер Ангела Меркелнинг “Ўзбекистонда кузатилаётган янги жараёнлар бизга мамнуният бағишлайди”, деган сўзларини келтириб, Германия Ўзбекистондаги ўзгаришларни тўла қўллаб-қувватлашини алоҳида таъкидлайди. Расмий Берлин расмий Тошкентнинг дипломатик фаоллигини ҳам юқори баҳолаб, кўплаб йўналишлар, айниқса, Афғонистондаги вазиятни барқарорлаштириш бўйича кенг кўламли ҳамкорлик қилиш истагини билдираётир.

Фото: Ўзбекистон Президенти матбуот хизмати