2019-01-24 16:05:13

БУХОРОДА O‘ZLIDEP ЁШ ФАОЛИ “ЙИЛ ТАЛАБАСИ” ТАНЛОВИ ҒОЛИБИ БЎЛДИ

Бухорода мамлакатимизга етук ёш ва рақобатбардош кадрларни тайёрлаш, ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш ҳамда интелектуал салоҳиятини ошириш мақсадида “Йил талабаси” кўрик-танлови ўтказилди. 

Унда вилоятдаги мавжуд олий таълим муассасаларидан 30 га яқин талабалар иштирок этди. 

 Танловдан кўзланган мақсад —олий ўқув юртларининг иқтидорли талабаларини аниқлаш ҳамда уларга ўз иқтидор ва салоҳиятини намоён этишга имкониятлар яратиш, талабаларда жамоатчилик қобилияти ва фидойилик фазилатларини шакллантиришдан иборат. 

Танлов давомида ҳакамлар ҳайъати аъзолари иштирокчиларнинг инновацион лойиҳалари билан яқиндан танишиб, адолатли баҳолаб боришди.

– Тўғриси, ҳозир жудаям ҳаяжондаман. Чунки танловнинг 1-ўринига лойиқ деб топилдим. Бунда албатта, O‘zLiDePнинг роли катта, —дейди Тошкент Ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти Бухоро филиали талабаси Умиджон Равшанов. —Чунки партияга аъзолигим, “Ёшлар қаноти” тадбирларида фаол иштирок этганим боис, берилган барча саволларга батафсил жавоб қайтардим. Менга билдирилган юксак ишонч, эътибор ва рағбат кучимга куч, ғайратимга ғайрат қўшди.

 Танлов якунида ғолиб ва совриндорлар ташкилотчилар томонидан диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланди. 

“Туркистон-пресс”