2019-01-24 16:22:56

СУРХОНДАРЁДА ЎЗХДПНИНГ ЭНГ ФАОЛ АЁЛЛАРИ АНИҚЛАНДИ

Ўзбекистон ХДП Сурхондарё вилоят кенгаши томонидан “Ташаббус ва ғояларимиз мустақил Ўзбекистон тараққиёти учун!” шиори остида “Ўзбекистон ХДПнинг энг фаол аёли” кўрик-танловининг вилоят босқичи бўлиб ўтди.

Тадбирнинг тантанали очилиш маросимида сўзга чиққанлар  кўрик-танловни ўтказишдан асосий мақсад ва ундан кутилаётган натижалар тўғрисида тўхталиб, хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллиги, жамият ҳаётидаги ролини ошириш, инновацион ғоя ва таклифларини рўёбга чиқариш, уларнинг ижодий салоҳияти ҳамда иқтидорларини муносиб рағбатлантириш, алоҳида фаоллик кўрсатган танлов иштирокчиларини партиянинг кадрлар захирасига киритилиши тўғрисида гапириб ўтишди.

 Шундан сўнг вилоят босқичига етиб келган 14 нафар хотин – қизлар 3 та шарт бўйича баҳс олиб боришди.

Кўрик-танлов якунига кўра, Жарқўрғон туманидаги  10 сонли “НАФОСАТ” МТМ мудираси Холида Холназарова  125 балл билан танлов ғолиблигини қўлга киритиб, диплом ҳамда қимматбаҳо эсдалик совғалари билан тақдирланиб, танловнинг республика босқичида иштирок этиш учун йўлланмани қўлга киритди.

“Туркистон-пресс”