2019-01-25 16:56:47

РЕСПУБЛИКАДА ЯГОНА КЎЗИ ОЖИЗЛАР БОСМАХОНАСИНИНГ МОДДИЙ-ТЕХНИК БАЗАСИ ЯНГИЛАНАДИ

Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси билан ҳамкорликда Кўзи ожизлар босмахонасида Хитой Халқ Республикасининг Ўзбекистондаги элчихонаси мутасаддилари билан 23 январь куни учрашув ташкил этилди.

Учрашувда ихтисослаштирилган махсус мактаб-интернатлар учун дарсликлар чоп этиш жараёни, матбаа корхонасининг моддий техник базаси, мавжуд шароити меҳмонларга таништирилди.

Мулоқот мобайнида ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди. Кўзи ожизларни дарсликлар, ўқув қўлланмалар, бадиий ва илмий адабиётлар билан таъминлаш борасида Хитой Халқ Республикаси билан шерикликда бир қатор лойиҳаларни амалга ошириш бўйича келишувга эришилди.

Элчи ёрдамчиси Чжан Вэнчуан яқин кунларда элчихона ушбу матбаа корхонасига моддий-техник жиҳатдан ёрдам бериш масаласи батафсил кўриб чиқилиши, бу масалага алоҳида эътибор қаратилишини билдирди.

Маълумот учун: ҳозирда Ўзбекистонда кўзи ожизлар учун 12 та мактаб фаолият юритади, унда 3 мингдан ортиқ ногиронлиги бор ўқувчи таълим олади. Мавжуд матбаа корхонаси эса уларни дарслик билан тўлиқ таъминлашга қодир эмас.