2019-01-28 14:51:27

ЭЛЁР ҒАНИЕВ БОШ ВАЗИР ЎРИНБОСАРИ ЭТИБ ТАЙИНЛАНДИ

Ўзбекистон Президенти маслаҳатчиси ўринбосари лавозимида фаолият кўрсатиб келаётган Элёр Мажидович Ғаниев Ўзбекистон Бош вазирининг инвестициялар ва ташқи иқтисодий алоқалар масалалари бўйича ўринбосари этиб тайинланди, дея хабар қилди “Газета.uz”нинг ҳукуматдаги ахборот манбаси.

Унгача Бош вазир ўринбосари ва Давлат инвестициялар қўмитаси раиси лавозимида Суҳроб Холмуродов фаолият кўрсатиб келаётган эди. Унинг янги иш жойи тўғрисида маълум қилингани йўқ.

Элёр Ғаниев (1960 й. т.) Тошкент политехника институтини тамомлаган (1981). Узоқ йил Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлигида (ТИАИСВ) раҳбар лавозимларида ишлади. 1997−2002 йилларда ташқи иқтисодий алоқалар вазири, 1994−1997 йилларда — вазир ўринбосари, сўнгра ташқи иқтисодий алоқалар вазирининг биринчи ўринбосари бўлган. 2002−2005 йилларда Ташқи иқтисодий алоқалар агентлиги раиси сифатида фаолият кўрсатган.

2006−2010 йилларда ТИАИСВга раҳбарлик қилган, унгача — 2005−2006 йилларда ташқи ишлар вазири бўлган. Бош вазир ўринбосари ва ташқи ишлар вазири лавозимларида фаолият кўрсатган (2010−2012).

2012−2017 йилларда Элёр Ғаниев яна Ўзбекистон Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлигига раҳбарлик қилди. Бугунги кунга қадар дастлаб Президент девони (ҳозирда — администрацияси) сектор мудири, сўнгра Президент маслаҳатчиси сифатида фаолият кўрсатди.