2019-01-28 14:57:29

ТОЗАЛИК ЙЎЛИДА БИРЛАШАЙЛИК!

Ўзбекистон “Адолат” СДП Шофиркон туман Кенгаши томонидан партиянинг “Тозалик йўлида бирлашайлик” лойиҳаси доирасида туман бўйича ўрганиш ишлари олиб борилди. Маҳалла фаоллари ва депутатлар ҳамкорлигида ташкил этилган тадбир фуқароларни бирдамликка чақирган бўлса, мутасадди ташкилот ходимларини эса ҳушёрлик ва огоҳликка даъват этди.

Тумандаги “Қалмақон” маҳалла фуқаролар йиғини “Наврўз” ва “Навоий” кўчаларидаги ҳолат таҳлил қилинди. Албатта, кўча атрофини, инсонларнинг тозаликка риоя этиш ҳолатларини намунали дея олмаймиз. Уларни кўриб, таъбимиз хира бўлди. Аҳоли ўз маҳалласига, кўчасининг тозалигига нисбатан эътиборсизлик билан ёндашган, турли чиқиндиларни ташлаб, тозаликка меъёрларига риоя қилмаган. Бу ҳолатни қандай баҳолай олиш мумкин — ахир, тозаликка риоя этиш, атроф-муҳитни турли чиқинди воситаларидан асраш ҳам тарбиянинг бир усули эмасми?!

Халқимизда “Тозалик — соғлик гарови” деган ҳикматли нақл бор. Атиги учта сўздан иборат ушбу нақл ўзининг олам-олам маъноси билан аҳамиятлидир. Аммо баъзан шу ҳикматнинг мағзини чақишга ҳам ожизлик қилаётгандекмиз гўё. Ўрганиш давомида тўғриси, кўчаларимизнинг аҳволига жуда ачиндим. Наҳотки эътиборсизлик, масъулиятсизликка йўл қўйиб келяпмиз...

Дарҳақиқат, партиямиз томонидан ишлаб чиқилган “Тозалик йўлида бирлашайлик”, “Тоза ҳудуд — соф табиат учун” каби лойиҳалардан мақсад ҳар бир фуқарони, хусусан, фарзандларимизни ёшликдан бошлаб тарбиянинг бир усули – табиатни асраш, экологияни турли чиқинди воситаларидан ҳимоя қилиш, атроф-муҳит тозалигига эътибор қаратиш ва кўчаларимиз, маҳаллаларимиз ҳамда хонадонларимизни тоза тутишга даъват этиш экан, шу мақсад йўлида партиядошлар бир қатор амалий ишларни намунали олиб боришга ҳаракат қиляпмиз. Маҳаллада истиқомат қилувчи аҳоли билан учрашиб, муаммонинг бартараф этилиши тўғрисида тушунтириш ишлари ташкил этилди. Тарғибот-ташвиқот ишлари асосида фуқароларни жалб этар эканмиз, “Тоза ҳудуд” туман бўлими билан бирга маҳалла, кўчалар ободлигига эътибор қаратдик. 100 га яқин фуқаролар бирлашган ҳолда хонадон атрофларини тозалаб, кўчалар, маҳалла, энг муҳими, туманимиз озодалигига ўз ҳиссаларини қўшишди.

Албатта, тозаликка риоя этиш — ҳаёт тарзимизнинг энг муҳим бўғини бўлмоғи лозим. Зеро, турли касалликларнинг олдини олинишида, фарзандларимизнинг намунали тарбиясида ҳам атроф-муҳитни асраш масаласи аҳамиятли саналади.

ҲамрогулАшурова,

Халқ депутатлари Шофиркон

туман Кенгаши депутати 

(“Туркистон-пресс”).