2019-01-28 15:03:56

ҲАРАКАТЛАР СТРАТЕГИЯСИНИ АМАЛГА ОШИРИШДА ҲУДУДЛАРДА ИННОВАЦИОН ИҚТИСОДИЁТНИ ШАКЛЛАНТИРИШ МАСАЛАЛАРИ

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 7 февралда “Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегияси тўғрисида”ги Фармонининг эълон қилинганлиги, ушбу Фармон билан мамлакатимизни 2017-2021 йилларда ривожлантиришнинг бешта устувор йўналишлари бўйича Ҳаракатлар стратегиясини амалга ошириш бўйича дастурнинг тасдиқланганлиги, мамлакатимиз тараққиётининг янги босқичига асос бўлиб хизмат қилмоқда. Янги босқичнинг моҳияти Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган вазифалар ижросини жадаллик билан амалга оширишдан иборатдир.

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2018 йил 28 декабрдаги Олий Мажлисга Мурожаатномасида эълон қилинди. Бунда жаҳон тажрибасидан маълумки, қайси давлат фаол инвестиция сиёсатини юритган бўлса, шу давлат ўз иқтисодиётининг барқарор ўсишига эришган. Чунки ушбу ҳужжатда, “инвестиция —бу иқтисодиёт драйвери, ўзбекча айтганда, иқтисодиётнинг юраги, десак, муболаға бўлмайди. Инвестиция билан бирга турли соҳа ва тармоқларга, ҳудудларга янги технологиялар, илғор тажрибалар, юксак малакали мутахассислар кириб келади, тадбиркорлик жадал ривожланади”, деб таъкидланди.

Иқтисодиётнинг барқарор ўсиши, шу юртда яшаётган аҳоли миллати, тили ва динидан қатъи назар, эркин, тинч ва бадавлат умр кечириши, бугун ҳаётдан рози бўлиб яшашини таъминлайди. Бу ҳозирги олиб борилаётган сиёсатнинг бош мақсади ҳисобланади.

Иқтисодиётнинг ривожланиши олдимизда турган улкан ижтимоий вазифаларни ҳал қилишнинг муҳим омили бўлиб ҳисобланади. Чунки, мамлакатимиз тараққиёти ва халқимиз фаровонлиги биринчи навбатда ушбу омилларнинг самараси билан чамбарчас боғлиқ. Бу борада ҳам республикамизда бир қатор салмоқли натижаларга эришилди. Буларга:

валюта бозори эркинлаштирилди;

иқтисодиётда янги тузилма ягона технологик занжирга бирлаштирилган корхоналар мажмуи кластерлар пайдо бўлди;

маҳсулот ишлаб чиқариш масаласи янги модернизацияланган технологиялар асосида амалга ошириш йўлга қўйилди;

ташқи иқтисодий фаолиятни ривожлантириш, экспорт салоҳиятини янада ошириш бўйича кенг кўламли тадбирлар амалга оширилмоқда ва изчил давом этмоқда;

саноат корхоналари ва аграр секторни ислоҳ қилиш орқали таркибий ўзгаришларни амалга оширишга эришилмоқда;

маҳсулотларни сотишда бозор механизмларидан фойдаланиш босқичма-босқич такомиллаштирилди ва ушбу жараён давом этмоқда;

инвестициявий ва ишбилармонлик муҳитини янада яхшилаш, тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб қилишни рағбатлантириш ва қўллаб-қувватлаш бўйича бир қанча ишлар амалга оширилди ва ушбу жараён ҳам такомиллаштирилмоқда;

рақамли иқтисодиётни шакллантириш борасида тегишли кўрсатмалар ва булар асосида дастурлар ишлаб чиқилди;

хусусий секторни равнақ топтириш борасида ҳам, уларни эркинлаштириш ва тегишли имтиёзлар бериш бобида ҳам янги-янги чора-тадбирлар қўлланилиши йўлга қўйилди;

оилавий тадбиркорликка кенг йўл очиб берилиши баробарида ҳар бир киши ўзини-ўзи иш билан таъминлаш томойилига ўтиши учун ҳам катта имкониятлар эшиги очилди;

мамлакатимиз ҳудудларини, айниқса, қишлоқ жойларини комплекс ривожлантиришнинг самарали шакл ва услубларини жорий этиш масаласига ҳам ҳал бўлмоқда;

аҳолининг фаровонлигини таъминлаш, турмуш даражасини яхшилаш, ҳаёт сифатини ошириш борасида муайян чоралар кўрилди ва кўрилмоқда.

Кўриниб турибдики, мамлакатимизнинг стратегик тараққиётини таъминлаш учун кенг кўламли ишлар амалга оширилди. Шу билан бирга бугунги кунда амалга оширилиши лозим бўлган бир қатор масалалар, ҳам мавжуд. Булар саноат корхоналарини модернизация қилиш ва уларни инновацион иқтисодиётга мос ҳолда ривожлантириш, аграр секторни ислоҳ қилиш, қишлоқ жойларга саноатни олиб кириш орқали иқтисодиётнинг мутаносиб ривожланишини таъминлаш, мамлакатнинг экспорт салоҳиятини тайёр маҳсулотлар эвазига янада ошириш, тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб қилишни рағбатлантириш ва қўллаб-қувватлаш, ҳудудларни, айниқса, қишлоқ жойларини комплекс ривожлантиришнинг самарали шакл ва услубларини жорий этиш, ташкил қилинаётган ҳар бир кластерда илм-фаннинг мавжудлигини таъминлаш каби масалалардан иборат. Ушбу долзарб вазифаларни ҳал қилишда илмий ёндашувларга асосланган таҳлил ва тадқиқотлар муҳим аҳамият касб этади. Буни амалга ошириш учун эса, назария билан таълим ҳамда амалиётнинг интеграцияси шаклланган бўлиши лозим. Аммо бу борада ҳали қилинадиган ишлар кўлами жуда кенг.

Мазкур йўналишдаги салмоқли муаммолардан бири “Инновацион иқтисодиёт” категориясининг мазмун-моҳиятини очиб беришни тақозо қилади. Чунки, ҳозирги пайтларда,  мазкур масала бўйича жуда кўп адабиётлар нашр қилинмоқда. Аммо инновацион иқтисодиёт қанақа бўлиши, қандай иқтисодиётни инновацион иқтисодиёт, деб айтиш кераклиги хусусида аниқ тавсиялар йўқ.

Инновацион иқтисодиётни шакллантириш борасида гап кетганда, асосий эътибор иқтисодиётга инновацион омилларни жорий қилиш масаласига қаратилмоқда. Бугунги кунда халқаро тажриба ва амалиётида илмий-инновацион ривожланишини таъминлашда ресурстежамкор ва инновацион омилларни кучайтириш орқали иқтисодиётда таркибий ўзгартиришларни чуқурлаштириш масалаларига алоҳида аҳамият берилмоқда. Албатта,булар иқтисодиёт тармоқлари рақобатбардошлилигини оширишга хизмат қилади. Масаланинг ижтимоий жиҳати —аҳоли реал даромадлари ва бандлигини ошириш масалаларини ҳал қилишга ёрдам беради.

Бугунги кунда инновацион иқтисодиётни шакллантириш билан боғлиқ бўлган бир қанча муаммолар ҳам йўқ эмас. Мазкур муаммоларни ҳал қилиш учун саноат сиёсатида қўллаб-қувватланиши лозим бўлган тармоқларни аниқлаш, уларнинг стратегик ривожланишини таъминлашда тегишли омилларининг ролини белгилаш, ишлаб чиқариш, илм-фан ва таълим интеграциясини амалга ошириш, инновацион корпоратив ҳамкорлик алоқаларини жадаллаштириш йўлларини кўрсатиб беришдан иборат. Ушбу муаммолар ўз-ўзидан ҳал бўлмайди. Бунинг учун бир қанча ташкилий-иқтисодий тадбирларни амалга оширишга тўғри келади. Хусусан, инновацион ривожланишни фаоллаштиришда институционал ва макроиқтисодий устуворликлар, инновацион иқтисодиётни шакллантириш шароитида “рақамли банклар” фаолиятини тараққий эттириш, молиявий механизмни тубдан ислоҳ қилишда инновацион фаолиятни рағбатлантириш лозим бўлади. Ушбу жараёнда жуда кўп муаммолар молиявий бозордаги муаммолар ва уларнинг ечимлари билан боғлиқдир.

Жаҳон амалиёти тажрибасидан кўриниб турибдики, ҳар қандай мамлакатнинг, ундаги хўжалик юритувчи субъектларнинг иқтисодий тараққиёти асосан инновацион ғояларнинг амалиётга жорий қилинишига асосланади. Инновация фан ва техника ютуқлари сифатида иқтисодиётни модернизация қилишда ҳам, моддий-техника базасини такомиллаштиришда ҳам, ишлаб чиқариш (иш бажариш, хизмат кўрсатиш) соҳасини дверсификация қилишда ҳам, иқтисодий-ижтимоий ҳаётимизга янги ғояларни киритишда ҳам, иқтисодиётда фаолият кўрсатаётган ходимлар меҳнатини оддий жисмоний меҳнатдан ақлий меҳнатга айлантиришда ҳам, мамлакат ва ҳудудларнинг рақобатбардошлигини таъминлашда ҳам, аҳолининг яшаш сифати ва даражасини оширишда ҳам асосий омил бўлиб хизмат қилади. Шу туфайли мазкур масалага мамлакатимизда катта эътибор қаратилмоқда.

Бу Самарқанд вилояти учун ҳам жуда аҳамиятлидир. Буларни инобатга олиб, инновацион тараққиётга эришиш учун айрим ташкилий масалаларни ҳам амалга ошириш мақсадга мувофиқ, деб ҳисоблаймиз. Буларни қуйидагича изоҳлаш мумкин.

Ҳозирги пайтда мамлакатимиз, хусусан вилоятимиз янгиланиш, тараққиётнинг янги босқичини бошидан кечирмоқда. Шу туфайли олимларимиз ва мутахассисларимиз томонидан инновацион ғоялар кўплаб пайдо бўлмоқда. Аммо тан олиб айтиш керак, улар вилоят миқёсида юзага чиқмасдан қолиб кетмоқда. Чунки вилоятимиз бўйича мазкур масалани мувофиқлаштирадиган бирорта ташкилот йўқлиги ҳам сабаб бўлмоқда. Буларни инобатга олиб, вилоятда “Инновацион ғояларни жамлаш ва жорий қилиш бўйича мувофиқлаштирувчи кенгаш ташкил қилиниши мақсадга мувофиқ, деб ўйлайман. Агар бунга эришилса, вилоятимиз бўйича барча назарий ва амалий инновацион ривожланиш ғоялари, таклифлар жамланади ва уларни амалга ошириш йўллари жамоавий тарзда олимлар ва мутахассислар кўмагида ишлаб чиқилади.

Инновацион ғояларни мувофиқлаштирувчи кенгашнинг йўқлиги туфайли, уларни жамлаш механизми ҳам ишлаб чиқилмаган. Шу туфайли юқорида таклиф қилинган кенгаш таркибиига Олий ўқув юртларининг илмий ва инновацион ишлари бўйича проректорлари, етакчи олимлар вамутахассислар киритилиши ва бу ташкилотни бевосита ҳокимлик қошида ташкил қилиниши лозим, деб ўйлаймиз. Ҳар бир олий ўқув юрти ўзларида мавжуд бўлган инновацион ғояларни расмий равишда тақдим этади ва  Кенгашда атрофлича ўрганилади ва яроқлилари амалиётга тавсия қилинади. Инновацион ғоя муаллифига кенгаш томонидан муаллифлик ҳуқуқини сақлаб қоладиган тегишли ҳужжат берилади. Агар зарур деб топилса патент олишгача бўлган тадбирларни кенгаш томонидан амалга оширилиши мумкин.

Вилоятда хизмат кўрсатиш соҳаси жадал ривожланмоқда. Аммо бизда инновацион ғояларни синовдан ўтказиш имконияти йўқлигини алоҳида таъкидлаш лозим. Фикримча, Самарқанд иқтисодиёт ва сервис билан ҳамкорликда вилоятда “Хизмат кўрсатиш соҳасидаги инновацияларни синаб кўрадиган тажриба майдони”ни ташкил этиш лозим, деб ҳисоблайман. Шундагина яратилган инновацион ғоялар вилоят иқтисодиётига хизмат қилиш имконияти пайдо бўлади. Бунга олимлар, мутахассислар, тадбиркорлар бир ёқадан бош чиқариб ҳамжиҳатликда фаолият кўрсатишлари лозим.

Вилоятда хизмат кўрсатиш соҳасини ривожлантиришдан  манфаатдор ташкилотлар жуда кўп. Уларнинг бир қисми соҳада фаолият кўрсатаётган субъектлар бўлса, бошқа қисми улардан манфаатдор давлат идоралари (солиқ, молия, статистика бошқармалари), банк, бозор кабилардир. Улар ҳам бир-бири билан айри ҳолда фаолият кўрсатмоқда. Вилоятнинг хусусиятидан келиб чиқиб, ушбу идоралар раҳбарларини ҳам мувофиқлаштирадиган ташкилотни ташкил қилиш мақсадга мувофиқ, деб ўйлаймиз. Бунинг учун вилоятда “Хизмат кўрсатиш соҳаси кластери”ни ташкил қилиш мақсадга мувофиқдир. Мазкур кластерга хизмат кўрсатиш билан боғлиқ субъектлар билан биргаликда уларнинг ривожланишидан манфаатдор вилоятдаги барча ташкилотлар ҳам киритилиши лозим. Ушбу кластерда вақти-вақти билан ҳақиқий ҳолат таҳлил қилиниб ҳокимият ва бошқа ташкилотларга тегишли тавсиялар бериб борилади. Бу бошқарув қарорларининг илмий асосланганлик даражасини оширади.

Бевосита инновацияларни амалиётга жорий қилишга масъул шахслар, яъни кўпгина ташкилот раҳбарлари ва мутахассислар ҳам инновациянинг назарий масалаларини, унинг мазмун-моҳиятини чуқур билишмайди. Чунки булар яқинда пайдо бўлган. Аммо ўта зарур тадбирлардандир. Ушбу ҳолатга барҳам бериш учун вилоят миқёсида “Инновация ва инновацион ғояларни амалга ошириш механизмлари” мавзусида иқтисодий ўқувни тишкил қилиш ва унда етакчи олимлар ва тажрибали амалиётчиларни жалб қилган ҳолда мутахассисларни тизимли равишда ўқитишни амалга ошириш мақсадга мувофиқ. Вилоятда фаолият кўрсатаётган мутахассислар инновациянинг нималигини ва унинг қандай самара беришини чуқур англаб олишлари лозим. Натижада уларнинг ҳар бирида инновацион ғояларнинг пайдо бўлиши ва уларни амалиётга тадбиқ этиш механизмни амалга ошириш имконияти ва билим савияси шаклланади. Муҳими, вилоятимиз иқтисодиёти инновацион йўл билан ривожланиш босқичига ўтади. Бу унинг сифати ва рақобатбардошлигини таъминлайдиган муҳим омиллардандир.

Хизмат кўрсатиш соҳаси, айниқса туризм соҳаларининг статистикаси етарли даражада ривожланмаган. Хизмат кўрсатиш билан боғлиқ жуда кўп маълумотлар ҳисобга олинмайди. Соҳани тўғри ҳисобга олиб боришни йўлга қўйиш учун “Хизмат кўрсатиш соҳаси статистикасини такомиллаштириш” бўйича тадқиқотлар олиб бориш ва уни амалиётга жорий қилиш мақсадида услубий тавсияни ишлаб чиқиш ва уни шакллантиришда олимлар билан амалиётчиларнинг фаолиятини мувофиқлаштириш лозим. Ҳозирги пайтда Ялпи ҳудудий маҳсулотда хизмат кўрсатиш соҳасининг улуши катта. Агар ушбу тадбирлар амалга оширилса, унинг реал ҳисоб-китобига янада аниқлик киритилади. Энг муҳими мазкур масалани ривожлантириш бўйича тегишли қарорларни қабул қилишда илмий асосланган тавсиялар ишлаб чиқиш имконияти туғилади, деб ўйлайман.

Вилоят иқтисодиётининг алоҳида тармоқлари бўйича инновацион ғоялар илмий мунозаралари тарқоқ ҳолда амалга оширилмоқда. Бу жараённи мувофиқлаштириш учун ҳар йили бир марта юқоридаги кенгаш раҳбарлигида “Инновацион ғояларни амалга ошириш: муаммолар ва уларнинг ечимлари” мавзусида илмий-амалий конференцияни ташкил қилиш ва уни анъанавий тарзда мунтазам ўтказиб бориш мақсадга мувофиқ. Олимлар ва мутахассисларнинг илмий ишланмалари, инновацион ғояларининг қайси қисми вилоятнинг қайси соҳасига  жорий қилинди, ундаги кузатилган қийинчиликлар нималардан иборат ва уни қандай бартараф қилиш мумкинлиги тўғрисида тегишли илмий тавсиялар ишлаб чиқилади.

Бизнинг иқтисодиётимиз ижтимоий йўналтирилган бўлишига қарамасдан мамлакатимизда, хусусан вилоятимизда ҳам “Ижтимоий хизматлар тадбиркорлиги” суст шаклланган ва улар кескин ривожланган эмас. Натижада мазкур соҳани ривожлантириш асосан давлат ва маҳаллий бюджет ҳисобидан амалга оширилмоқда. Буларни инобатга олиб, вилоятда “Ижтимоий хизматлар тадбиркорлик тизимини яратиш лозим. Буларни ташкил қилиш ва  тегишли имтиёзлар бериш бўйича меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларнинг қабул қилинишига эришиш мақсадга мувофиқ. Агар ушбу тадбирлар амалга ошса, вилоятимизда  таълим, маданий, тиббий, спорт ва соғломлаштириш хизматлари, кам таъминланган ва ёрдамга муҳтож аҳоли қатламининг дам олишини ташкил қилиш, экологик муҳитни яхшилаш кабилар билан боғлиқ яшашнинг сифат даражасига кўтарилишини таъминлашга хизмат қиладиган турлари ривожланади.

Инновацион ғояларни ишлаб чиқиш ва амалиётга тадбиқ қилиш маълум даражада маблағни талаб қилади. Аммо вилоятда бундай маблағнинг йўқлиги ушбу жараённинг ривожланишини рағбатлантирмайди. Бозор муносабатлари шароитида рағбатлантириш механизмининг тўғри йўлга қўйилиши, тараққиётнинг асосий омили бўлиб ҳисобланади. Буни инобатга олиб, вилоятда “Инновацияларни жорий қилиш фонди”ни ташкил этиш ҳам мақсадга мувофиқдир. Бу фонд ҳар бир субъектлар оборотидан маълум фойизда ажратмалар (бадаллар) эвазига шакллантириши мумкин.

 Мазкур маблағларни инновацияларни молиялаштиришга сарфлаш мақсадга мувофиқ. Агар бунга эришилса, вилоятда инновацион ғояларни амалиётга жорий қилишни рағбатлантириш ва шу орқали иқтисодиётда юқори самарадорликка эришиш имконияти туғилади, деб ўйлайман.

 

Мамаюнус Пардаев,

Самарқанд иқтисодиёт ва сервис

институти  профессори,

иқтисодиёт фанлари доктори.

(“Туркистон-пресс”).