2019-01-28 15:59:21

КОМРОН АВЛОД КАМОЛИНИ КЎЗЛАБ

Самарқанд шаҳридаги 2-туғруқ мажмуаси деб аталаётган мазкур тиббиёт муассасасининг тарихи узоқ. У 1962 йилда ташкил қилинган бўлса-да, айрим бинолари учинчи аср билан юзлашаяпти. Масалан, мажмуа маъмурияти ва гинекология бўлимининг бир қисми жойлашган бинолар 1896 йилда қурилган. Ўтган асрда барпо этилган бинолар ҳам анчагина. Уларнинг аксари мустақиллик йилларида, сўнгги бор  2007 йилда мукаммал таъмирланган.

Туғруқ мажмуасининг марказий стерилизация, лаборатория, дорихона бўлимлари жойлаштирилган бинолар 1936 йилда қурилган. Бугунга келиб эса улар эскириб, талабга жавоб бермай қолди. Шу сабаб  2016 йилда катта маблағ ҳисобига қайтадан таъмирланди. Бунинг учун бюджет маблағларидан 140 миллион сўм, ривожлантириш фондидан 44 миллион сўм  сарфланди. Марказий стерилизация бўлими 225 миллион сўм бюджет маблағи ҳисобидан янги замонавий автоклав аппаратлари билан таъминланди.

Туғруқ мажмуаси 150 ўринга мўлжалланган бўлиб шундан акушерлик ўринлари 85 ўрин, ҳомиладорлар хасталиги бўлими 25 ўрин ва гинекология бўлими 40 ўринни ташкил қилади. 2018 йил давомида туғруқхонада аёлларга тиббий хизмат сифатини янада яхшилаш мақсадида давлат томонидан 39850 минг сўмлик юмшоқ жиҳозлар (матрац, кўрпа, ётоқ жилдлари) берилган. 2018 йилдан бошлаб туғруқхонада беморлар махсус кийим-кечаклар билан таъминлана  бошланди.

— Ишни кўнгилдагидек ташкил этишда, янги муваффақиятларга эришиш, энг асосийси, она ва бола саломатлигини сақлашда кадрларни танлаш ва жой-жойига қўйишнинг, улар тажрибасини, малакасини ошириб боришнинг ҳам ўрни бор,  —дейди бош шифокор Лола Абдуллаева. —Муассасада кадрлар салоҳиятининг  юксалиб бораётгани, тиббий хизмат даражасининг яхшиланаётганида айнан малакали кадрларнинг ҳиссалари салмоқлидир. Бизда мунтазам равишда  тиббий ходимлар малакаси оширилиб борилмоқда. Малакали кадрларни жалб этиш, даволашнинг янги усулларини ва тиббиётнинг илғор технологияларини жорий қилиш, ривожланган давлатларнинг ушбу йўналишдаги тажрибаларини ўрганиб, амалиётга тадбиқ этиш ишлари олиб борилмокда. Ҳозир тиббиёт муассасамизда 71 нафар врач фаолият кўрсатади, Уларнинг 46 нафари врач акушер-гинекологлар, 11 нафари врач неонатологлар, 12 нафари врач анестизиолог-реаниматологлардир.

Ўрта тиббиёт ходимлари 310 нафар. Уларнинг 115 нафари ҳозирги кунда бола парваришидаги таътилда. Фаолият кўрсатаётган ўрта тиббиёт ходимларининг 78 нафари ёки 40,6 фоизи тоифали шифокорлар, иш стажи 5 йилдан кам бўлган ўрта тиббиёт ходимлари эса 124 нафарни ташкил қилади.

Тиббиётга олиб кирилаётган янгиликлар, хусусан, янги технология ва усуллар ҳақида ходимлар билан суҳбатлар ўтказамиз. Улар бир-бирлари билан бой тажрибалар бўйича ўртоқлашишади.

Муассаса Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 2014 йил 28 майдаги “Ўзбекистон Республикасида перинатал тиббий ёрдамни ҳудудийлаштириш тўғрисида”ги ва вилоят ҳокимлиги Соғлиқни сақлаш бошқармасининг 2016 йил 19 майдаги “Вилоятда перинатал тиббий ёрдамни ҳудудийлаштириш ҳамда ихтисослаштирилган тиббий ёрдам кўрсатилишини такомиллаштириш тўғрисида”ги буйруқларига кўра иккинчи даражадаги туғруқ мажмуаси ҳисобланади. У Самарқанд шаҳар аҳолисидан ташқари вилоятнинг Жомбой, Булунғур, Пайариқ, Иштихон туманларидан мурожаат қилган турли акушерлик ҳамда экстрагенитал паталогиялари бўлган ҳомиладорларга ҳам хизмат кўрсатади.

— 2018 йилдаги туғруқларнинг 22,9 фоизини паталогик туғруқлар ташкил қилди, — дея давом этади бош врач. —Мажмуамизнинг ҳомиладорлар патологияси бўлимида йил давомида 1345 нафар беморлар даволанган бўлиб, уларнинг 628 нафари ёки 46,7 фоизини қишлоқ аҳолиси ташкил қилади. Гинекология бўлимида йил давомида 3283 нафар бемор даволанди. Йил мобайнида 275 та гинекологик операциялар ўтказилди.

Туғруқ мажмуасининг канализация, сув таъминоти тизими, ертўла қисми мукаммал таъмирлашга муҳтож, шунингдек мажмуанинг архив, дезокамера бинолари қайтадан қуришни талаб қилади. Ушбу ишларни 2019 йилда амалга ошириш режалаштирилган. Бунинг учун мажмуа маъмурияти шаҳар ҳокимлиги билан ҳамкорлик асосида иш олиб боради.

            Актамжон БЕРДОНОВ.

“Туркистон-пресс”.