2019-01-29 18:32:40

ТОШКЕНТДА РОБЕРТО КАРЛОС ИШТИРОКИДА МАТБУОТ АНЖУМАНИ ЎТКАЗИЛДИ

«Кеча Барселонада эдим. У ерда «Эспаньол» ҳамда «Реал» жамоалари ўртасидаги учрашувни томоша қилдим. Баҳс якунлангач тўғридан-тўғри Тошкентга келдим. Бу ерда болалар учун мастер-класс ўтказдим, сўнгра меҳрибонлик уйига ташриф буюрдим, фотосессияда иштирок этдим. Бундай қизиқарли тадбирларда иштирок этиб чарчоқ ҳам сезилмади, аксинча куч олдим. Бундай ҳолат фаолиятимда биринчи маротаба бўлиши. Ўзбекистонга ташрифим учун авваламбор Ўзбекистон футбол ассоциациясига, Миллий олимпия қўмитасига ва бунда иштирок этган барча инсонларга ўз миннатдорлигимни билдираман.

Шундан сўнг ОАВ ходимлари ўзларини қизиқтирган саволлар билан мурожаат қилишди.
Ўзбекистондаги футбол академиялари жаҳон савиясига чиқиши учун нима қилиш керак?

—Футбол академиясини ривожлантириш учун биринчи навбатда машғулотларни тўғри йўлга қўйиш лозим. Шунингдек, малакали мураббийлар фаолият олиб бориши керак. Буларнинг барчаси тўғри йўлга қўйилса академия ҳам кучли бўлади.

Ўзбек футболи ва Одил Аҳмедов ҳақида...

—Одил Аҳмедов билан яхши муносабатдамиз. Шуни айта оламанки, ўзбек футболида салоҳият етарли. Ўзбекистон футболда янада кўплаб ютуқларга эриша олади. Менга ўзбек футболи ёқади. (изоҳ – Одил Аҳмедов ва Роберто Карлос ўз вақтида «Анжи» сафида бирга тўп тепган)

Отасига олиб берган уй ҳақида

—Нафақат Бразилияда, балки бутун жаҳонда шундай бўлса керак —биз оиламиз ҳақида қайғурамиз. Мен биринчи маошимдан оиламга уй олиб берганман. Шартнома имзолаётган пайтимда ҳам ўзим эмас, оилам ҳақида ўйлаганман. Улар ҳамон ўша уйда яшашмоқда.

Чемпионлар лигаси, Ла Лига чемпионликларини жаҳон чемпионати ғолиблигига алмашган бўлармиди?

—Биласизми,буюк футболчилар нима ҳақида ўйлашади? Улар барча совринларни ютишни орзу қилишади. Ўз навбатида мен ҳам шу ҳақида ўйлайман. Мен барча совринларни ютдим. Жаҳон чемпионати, Чемпионлар лигаси, Ла Лига чемпионлиги… Мен уларнинг барчасини ютишни истардим. Тамом.

Терма жамоадаги собиқ жамоадошлари билан учрашиб турадими?

—Бразилия терма жамоасидаги фаолиятни якунланганимиздан сўнг биз жаҳоннинг турли нуқталарига кетдик. Масалан, Роналдо Испанияда, Роналдиньо Бразилияда, Кака эса АҚШда. Биз фақат ижтимоий тармроқ орқали гаплашиб турамиз.

Ўзбекистондан таклиф бўлса қабул қиладими?

—Ўзбекистонга келишдан биринчи мақсадим — ушбу мамлакат маданияти билан танишиш. Шунингдек, ўзбек футболи ривожига ҳисса қўшишни истайман. Аммо, айни пайтда «Реал» билан беш йиллик шартномам бор.

Қайси «Реал» кучли? «Галактикос» ёки Зиданнинг ЕЧЛни уч маротаба ютган жамоаси?

—Мен «Галактикос»ни кучли деб айтган бўлардим.

1997 йилда Франция терма жамоаси дарвозасига киритилган гол ҳақида

—Мен машғулотларга энг биринчи бўлиб келардим, энг охирги бўлиб кетардим. Ушбу гол сизга ёқармиди? Кўрганмисиз? Бошқа бунақасини кўрмайсиз? (Залда кулгу)

Ўзбек таомлари ҳақида

—Ўзбек миллий таоми менга жуда ёқади. Овқатингизни аввал ҳам татиб кўрганман. Москвада 3 йил яшаганман. У ерда ўзбекча таомлар ресторани бор эди.

«Реал» билан шартнома бор. У «Барселона»га ўтиши учун нима рўй бериши керак?

—Жуда қийин ва ноодатий савол бўлди. Пуйолни биласиз-а? У ҳам Тошкентга келган, тўғрими? Уни «Реал» либосида тасаввур қила оласизми? Мен ҳам у каби «Реал»га жуда содиқман. (Матбуот анжумани давомида айнан шу савол энг яхши бўлди ва савол эгасига Роберто Карлоснинг дасхати туширилган тўп совға қилинди).

Тадбир сўнггида  Миллий олимпия қўмитаси Бош котиби Жасур Матчанов ва вице-президент Аҳмаджон Раҳимов томонидан меҳмонга эсдалик совғаси тақдим этилди. Роберто Карлос эса фахрий меҳмонлар китобига ўзининг дил сўзларини ёзиб қолдирди.

Фото: МОҚ матбуот хизмати