2019-01-29 18:55:31

ШЕРЗОД ШЕРМАТОВ БУЮК БРИТАНИЯ ТАЪЛИМ ВАЗИРИ БИЛАН УЧРАШДИ

Президентимиз Шавкат Мирзиёев топшириғига асосан Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси 21-25 январь кунлари Лондон (Буюк Британия) Жаҳон таълим форумида иштирок этди.Бу ҳақда вазирлик Ахборот хизмати хабар берди.

Жаҳон таълим форумида 100 дан зиёд давлатларнинг таълим вазирлари ва расмийлари иштирок этди. Жаҳон форумида таълим соҳасини ривожлантириш бўйича масалаларни қизғин муҳокама этдилар.

Таъкидлаш лозимки, Президентимиз Шавкат Мирзиёев бошчилигида Ўзбекистонда бошланган ислоҳотлар сабабли ривожланган хорижий мамлакатлар, шу жумладан, Буюк Британия ҳукумати томонидан ҳам мамлакатимизга бўлган эътибор ижобий томонга ўзгармоқда.

Мисол сифатида, 100дан зиёд мамлакатлар таълим вазирликлари раҳбарлари Форумда иштирок этишига қарамасдан, Буюк Британиянинг Мактаб стандартлари бўйича давлат вазири, мамлакат Парламентининг аъзоси Ник Гибб томонидан Ўзбекистон Республикаси делегациясига алоҳида эътибор қаратилиб, ўзаро учрашув ҳамда расмий кутиб олиш тадбирида халқ таълими вазири Шерзод Шерматов билан Ўзбекистондаги таълим соҳасида олиб борилаётган ислоҳотлар ҳақида батафсил муҳокама қилишга имконият бўлди.

Учрашув давомида томонлар таълим сифатини ошириш ва мамлакатимизда инглиз тилини ўқитишни такомиллаштириш бўйича масалаларни муҳокама этдилар.

Ник Гибб Ўзбекистонда инглиз тилини ўқитиш методикасини такомиллаштириш ва ўқитувчиларни малакасини оширишда кўмак беришга тайёрлигини ҳамда бу борада Британия Кенгаши билан олиб борилаётган ишларни тўлиқ қувватлашини таъкидлади.

Икки давлат вазирларининг учрашуви яқин тарихда илк бор амалга оширилгани ҳам эътиборга молик ва Буюк Британиянинг Ўзбекистонда бўлаётган ислоҳотларга қизиқишининг ортишидан далолатдир.

Форум доирасида Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов Буюк Британиянинг таълим бўйича давлат котиби ва парламент аъзоси Дамиан Хиндс, собиқ таълим вазири ва Британия Кенгашининг инглиз тили бўйича бош маслаҳатчиси Чарлз Кларк, Буюк Британия халқаро савдо вазирлиги ва Британия Кенгаши вакиллари билан ҳам учрашиб, Ўзбекистонда инглиз тилини ўргатишни янада такомиллаштириш бўйича ўзаро ҳамкорлик муҳимлигини муҳокама қилди.

Мазкур учрашувлар давомида, Буюк Британия Ўзбекистон билан таълим соҳасида ҳамкорлик алоқаларини янада ривожлантиришга тайёрлиги билдирилди.

Ўзбекистон делегацияси вакиллари шу билан бирга Cambridge Assessment International Education, Bridge International Academies, Education First (Швеция) ва бошқа ташкилотлар билан учрашувлар ўтказдилар.

Хорижий компания вакиллари Ўзбекистон билан инглиз тилини ўқитиш, инглиз тили ўқитувчилари билимини текшириш, дарс жараёнини онлайн назорат платформасини, мутахассисларни инглиз тилига онлайн ўқитиш тизимини жорий этиш ҳамда бошқа йўналишларда ҳамкорлик қилиш ниятини билдирдилар.

Сурайё ИМОМОВА,

“Туркистон-пресс”