2019-01-30 14:22:22

АҲИЛ ОИЛА — БАХТЛИ МАКТАБ

Жорий йилнинг 29-30 январь кунлари “GrandMirHotel” меҳмонхонасида Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги томонидан Бирлашган миллатлар ташкилотининг гиёҳвандлик ва жиноятчиликни олдини олиш бўйича Ўрта Осиёдаги ваколатхонаси билан ҳамкорликда оилада яшаш кўникмаларини ривожлантиришга қаратилган янги “Аҳил оила — Бахтли мактаб” дастури бўйича ўқув-тренинг ташкил этилди. Бу ҳақда вазирлик Ахборот хизмати хабар берди.

 Тренинг давомида Халқ таълими тизимида фаолият кўрсатаётган мактаб психологлари, ёшлар етакчилари, маънавий-маърифий ишлар бўйича директор ўринбосарлари ва педагоглар (жами 25 нафар мутахассислар) ўқитилди. Кейинчалик бу тренинг дастури Тошкент шаҳрининг 2 та таянч мактабида синовдан ўтказиш режалаштирилган.

Таъкидлаш керакки, “Мустаҳкам оила” дастури Халқ таълими вазирлиги ташаббуси билан мамлакатимизда амалга оширилаётган “Бахтли мактаб” номли янги миллий лойиҳанинг оилада яшаш кўникмаларини ривожлантирувчи муҳим компонентларидан бири ҳисобланади.

“Аҳил оила — Бахтли мактаб” дастури универсал дастур бўлиб, 8-15 ёшдаги фарзандлари бор оилаларга мўлжалланган. Дастурнинг мақсади — ота-оналарда фарзанд тарбияси бўйича кўникма ҳосил қилиш ва ривожлантириш, болаларнинг психик саломатлигини мустаҳкамлаш ҳамда оилаларнинг фаровонлигини яхшилашга қаратилган. Кенг омма учун мўлжалланган мазкур дастур Бирлашган миллатлар ташкилотининг гиёҳвандлик ва жиноятчиликни олдини бошқармаси томонидан яратилган. Шунингдек, чекка ҳудудлардаги узоқ қишлоқ жойлардаги ўқувчилар ва уларнинг оилалари билан ўтказиш учун жуда қулай. Дастур Халқ таълими вазирлиги томонидан Соғлиқни сақлаш, Олий ва ўрта-махсус вазирликлари ҳамда “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази мутахассисларини жалб этилган ҳолда миллий-маданий жиҳатдан мослаштирилиб тайёрланган.

Дастурнинг асосий йўналишлари - болалар ва уларнинг ота-оналари ўртасида хавфсиз, барқарор ҳамда ғамхўрликка асосланган муносабатларни шакллантиришдан иборат. Шу билан бир қаторда болаларда салбий ижтимоий-тиббий омиллар - зўравонлик,жиноятчилик, ўқув мотивациясининг пасайиши каби ҳолатларнинг пайдо бўлишининг олдини олишга қаратилган. Бундан ташқари, дастур болаларнинг психик ва жисмоний соғлиғини мустаҳкамлашга ёрдам беради ҳамда психоактив моддаларни бирламчи профилактикаси бўлиб хизмат қилади.

Сурайё ИМОМОВА,

“Туркистон-пресс”