2019-01-30 14:35:08

BP ВА SOCAR УСТЮРТДА ГЕОЛОГИК РАЗВЕДКА ИШЛАРИНИ ОЛИБ БОРАДИ

Буюк Британиянинг BP ва Озарбайжоннинг SOCAR компаниялари Ўзбекистоннинг Устюрт ҳудудида нефть ва газ излаш бўйича геологик разведка ишларини олиб боришни режалаштирмоқда, дея хабар қилди «Ўзбекнефтгаз» матбуот хизмати.

2018 йил май ойида «Ўзбекнефтгаз», SOCAR ва BP Exploration (Caspian Sea) меморандум имзолаган эди. Компанияларга Устюрт ҳудудидаги учта инвестицион блокд биргаликда геологик ўрганишларни олиб бориш таклиф қилинди.

Матбуот хизмати маълумотларига кўра, «Ўзбекнефтгаз» раҳбарияти Тошкентда SOCAR ва BP вакиллари билан имзоланган меморандум доирасида икки томонлама ҳамкорликни кенгайтириш бўйича музокаралар олиб борди.

«Инвестиция блоклар бўйича тақдим этилган маълумотлар якунлари бўйича сейсмик ва геофизик ишларни олиб бориш зарурлиги қайд этилди», — дейилади хабарда. Учрашув якунлари бўйича томонлар белгиланган йўналишлар бўйича мулоқотни давом эттиришга келишиб олди, дея қўшимча қилди «Ўзбекнефтгаз».

“Туркистон-пресс”