2019-01-31 12:17:17

ҚЎШМА КОРХОНА ФАОЛИЯТИ КЕНГАЯДИ

Президент Шавкат Мирзиёев Фориш туманидаги “Mega Invest Industrial” қўшма корхонасини бориб кўрди.Бу ҳақда давлатимиз раҳбари Матбуот хизмати хабар берди.

2017 йил декабрда фаолият бошлаган корхонада базальт тоши қайта ишланиб, базальт толаси ва арматураси ишлаб чиқарилади. Айни пайтда лойиҳанинг биринчи ва иккинчи босқичлари ишга туширилган. Бунинг учун Буюк Британиянинг “Leigh Borrier” компаниясининг 11 миллион доллар инвестицияси ҳамда Ўзбекистон миллий банкининг 26 миллион доллар кредит маблағи йўналтирилган. Германия, Франция, Италия, Россия, Туркия каби давлатлардан ноу-хау технологиялар келтириб ўрнатилган. 225 кишининг бандлиги таъминланган.

2018 йилда бу ерда минг тонна базальт арматураси ва сеткалар ишлаб чиқарилди. Яқин вақтларда учинчи босқични ҳам ишга тушириш мўлжалланган. Корхона тўлиқ қувват билан ишлагач бир йилда 4 минг тонна базальт толаси ва 4 минг 800 тонна арматура тайёрланади.

Базальт арматурасининг афзаллиги шундаки, у металл арматурасидан  8 баробар енгил, 3 баробар мустаҳкам, 30 фоиз арзон. Қолаверса, зангламайди, электр токини ўтказмайди, 100 йилгача ўз хусусиятини йўқотмайди. Мазкур корхона Ўрта Осиёда ягоналиги, МДҲ давлатларида иккинчи эканлиги билан аҳамиятлидир.

Давлатимиз раҳбари корхонадаги иш жараёнини кўздан кечирди. Фаолиятни янада кенгайтириб, ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш, маҳсулотлар таннархини камайтириш бўйича топшириқлар берди.

Фото: Ўзбекистон Президенти Матбуот хизмати.