2019-01-31 12:39:29

ЯНГИ МУАССАСАЛАР – ХАЛҚ ХИЗМАТИДА

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Мирзачўл туманидаги «Бинафша» давлат мактабгача таълим муассасасида яратилган шароитлар билан танишди. Бу ҳақда давлатимиз раҳбари Матбуот хизмати хабар берди.

“Обод қишлоқ” дастури асосида капитал таъмирланган мазкур боғчада болаларнинг ривожланиши учун барча шароит яратилган. Муассаса 280 ўринга мўлжалланган. Машғулот хоналари болаларни мактабга тайёрлаш бўйича илғор методикалар асосида, замонавий инвентарлар билан жиҳозланган. Спорт ва ўйин майдончалари қурилган. Турли интерфаол ўйинлар, буюмлар ва ўйинчоқлар болаларнинг ақлини чархлашга йўналтирилган.

Мактабгача таълим тизимини ривожлантириш, фарзандларимизга яхши тарбия бериш доимий эътиборимизда бўлади. Боғчага борган боланинг соғлиғи мустаҳкам, дунёқараши кенг, ўзига ишончи юқори бўлади, деди Шавкат Мирзиёев.

Президентимиз бу борадаги ишларни изчил давом эттириш, давлат ва хусусий боғчалар ташкил этиш орқали болалар қамровини кўпайтириш, шу билан бирга таълим-тарбия сифатини ошириш зарурлигини таъкидлади.

Давлатимиз раҳбари Мирзачўл тумани кўп тармоқли марказий поликлиникасини ҳам кўздан кечирди.

Поликлиника биноси “Обод қишлоқ” дастури асосида замонавий қилиб қурилган. Терапевт, педиатр, жарроҳ, стоматолог, офтольмолог, травматолог, невропотолог, психиатр каби мутахассислар зарур диагностика аппаратлари ва асбоб-ускуналар билан таъминланган.

250 қатновга мўлжалланган муассасада аҳолига қулайлик яратиш мақсадида электрон рўйхатга олиш тизими жорий қилинган. Аёллар маслаҳатхонаси, кундузги стационар, ижтимоий дорихона ташкил этилган.

Фото: Ўзбекистон Президенти Матбуот хизмати.