2019-01-31 16:06:08

ЎЗБЕКИСТОН ПРЕЗИДЕНТИ АЭС ҚУРИЛИШИ УЧУН МЎЛЖАЛЛАНГАН МАЙДОНЛАРДАН БИРИГА ТАШРИФ БУЮРДИ

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2019 йил 30 январда Жиззах вилоятининг Фориш туманига ташриф буюриб, атом электр станцияси қурилиши учун муҳандислик тадқиқотлари олиб борилаётган майдонлардан бирини бориб кўрди. Бу ҳақда «Ўзатом» агентлиги матбуот хизмати хабар берди.

Ўтган йилнинг октябрида Ўзбекистон ва Россия Федерацияси Президентлари томонидан республикадаги биринчи АЭС қурилиши лойиҳасига старт берилди. Тадбир бўлажак атом электрстанцияси қурилиши учун майдон танлаш бўйича муҳандислик тадқиқотлари ишларини бошлаб берди.

Атом энергиясидан тинчлик мақсадларида фойдаланиш учун Ўзбекистон Республикаси Президенти фармони билан Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида Атом энергетикасини ривожлантириш агентлиги ташкил қилинди.

Биринчи ўзбек атом электр станцияси Россия технологиялари асосида бунёд этилади, шу муносабат билан атом энергетикаси соҳасидаги хорижий лойиҳалар сони ва кўлами бўйича дунёда етакчи ҳисобланган “Росатом” давлат корпорацияси билан тегишли битимлар тузилди.

Бўлажак атом электрстанцияси ҳар бири 1200 МВт қувватга эга «3+» авлодга мансуб иккита ВВЭР-1200 энергоблокдан ташкил топади ва улар Атом энергияси бўйича халқаро агентликнинг хавфсизлик талабларига тўлиқ жавоб беради.

АЭСдан фойдаланиш пайтида иссиқлик энергияси объектларидан фарқли равишда, ис гази ҳосил бўлмайди, бу эса атом энергиясининг  экологик тозалигини таъминлайди. Мутахассислар маълумотларига кўра, АЭС нинг ишга туширилиши атмосферага 14 миллион тоннагача карбонат ангидрид ва 36 минг тоннагача азот оксиди чиқарилишини қисқартириш имконини беради.

Бундан ташқари, атом электрстанциясининг ишга туширилиши бугунги кунда электр энергиясини ишлаб чиқаришга сарфланаётган табиий газ ҳажмини салмоқли тарзда тежаш имконини яратади.

Шавкат Мирзиёев тадқиқотлар жараёни билан қизиқди, шунингдек, ташриф давомида «Ўзатом» агентлиги ва «Росатом» давлат корпорацияси раҳбарлари билан суҳбатлашди.

Президент биринчи навбатда амалга оширилаётган ишлар сифатини  ва юқори хавфсизлик даражасини таъминлашни, шунингдек, қурилиш ишларини амалга ошириш ҳамда маҳаллий ишлаб чиқаришни ривожлантириш учун кадрлар тайёрлашни бошлаш бўйича топшириқ берди.

АЭС қурилишига батафсил ва аниқ ҳисоб-китобларга асосланган ҳолда тайёргарлик кўриш, бу турдаги иншоотларни барпо этиш бўйича хорижий тажрибани чуқур ўрганиш зарурлиги таъкидланди.

Суҳбат асносида атом энергетикаси соҳаси учун профессионал кадрлар тайёрлаш масаласи муҳокама қилинди. Ҳозирги пайтда ўзбекистонлик талабалар “Москва муҳандислик-физика институти”  миллий тадқиқот ядровий университетида таълим олмоқда. Келаси ўқув йилида Тошкентда очиладиган ММФИ филиали дастлабки талабаларни қабул қилади. Унинг битирувчилари юқори малакали мутахассис бўлиб етишади ва АЭС нинг хавфсиз ишини таъминлай олади.

“Туркистон-пресс”