2019-01-31 16:08:49

СИЁСИЙ ФАНЛАР СОҲАСИДА КАДРЛАРНИ ТАЙЁРЛАШ БЎЙИЧА ПРЕЗИДЕНТ ҚАРОРИ ИМЗОЛАНДИ

Ўзбекистон Президентининг Сиёсий фанлар соҳасида кадрларни тайёрлаш, фундаментал ва амалий тадқиқотлар самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисидаги қарори қабул қилинди. Бу ҳақда Адлия вазирлигининг телеграмдаги Ҳуқуқий ахборот канали орқали хабар берилди.

Қарор билан Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетида сиёсатшунослик йўналиши бўйича 2019/2020 ўқув йили учун қабул квоталари қуйидагича белгиланди:

«Сиёсатшунослик» бакалавриат йўналиши бўйича 20 та (5 та грант);

«Амалий сиёсатшунослик» магистратура йўналиши бўйича 10 та (2 та грант);

«Сиёсий фанлар» таянч докторантура йўналиши учун 4 та, докторантурада 2 та.

Қарорга мувофиқ университетда «Сиёсатшунослик» кафедраси тузилди.

Кафедра фаолиятининг асосий йўналиши сиёсатшунослик фанлари соҳасида юқори малакали кадрлар тайёрлаш ҳисобланади.