2019-01-31 16:11:17

ЎЗБЕКИСТОНДА БИРИНЧИ МАРОТАБА ХАЛҚАРО АРМИЯ ЎЙИНЛАРИ ЎТКАЗИЛАДИ

“Халқаро армия ўйинлари — 2019” илк бора Ўзбекистонда ўтказилади. Бу ҳақда Мудофаа вазирлиги Матбуот хизмати хабар берди.

Хабарда маълум қилинишича, танловнинг “Ҳарбий-тиббий эстафета” йўналиши Ўзбекистон Республикаси ҳудудида биринчи марта ўтказилади.

Ўтган йилги “АрМИ—2018” ўйинлари Озарбайжон, Арманистон, Беларусь, Эрон, Қозоғистон, Хитой ва Россия каби давлатларда 28 йўналиш бўйича ўтказилган бўлиб, унда дунёнинг 32 мамлакатидан келган ҳарбийлар иштирок этган эди. Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги ҳарбий хизматчилари эса 12 йўналишда қатнашиб, умумжамоа ҳисобида 6-ўринни эгаллаган.

Ўтган йилги ўйинларда “Ҳарбий-тиббий эстафета” беллашувида қатнашган ўзбекистонлик ҳарбий хизматчи, Мудофаа вазирлиги Марказий ҳарбий поликлиника терапевт-шифокори, тиббий хизмат капитани Лариса Холмаматова ҳарбий шифокорлар ўртасида ўтказилаётган “Махсус кўникмалар” яккалик баҳсида иккинчи ўринни қўлга киритган эди.

Таъкидлаш керакки, Ўзбекистон ҳудудида биринчи маротаба ўтказилиши режалаштирилаётган Халқаро армия ўйинлари Жиззах вилоятидаги “Фориш” тоғ-дала ўқув майдонида ташкил қилиниши мўлжалланмоқда.

Фото: Ҳасан Пайдоев / «Халқ сўзи»