2019-01-31 16:22:34

РАВШАН ЭРМАТОВ ОСИЁ КУБОГИ ФИНАЛИНИ БОШҚАРАДИ

Осиё футбол конфедерациясининг расмий сайтида Япония ва Қатар терма жамоалари ўртасидаги Осиё Кубоги финалини бошқариб борадиган ҳамюртимиз Равшан Эрматов ҳақида мақола эълон қилинди. Бу ҳақда ЎФА расмий сайти хабар берди.

Мақолада шундай дейилади: @Катта ўйинларни, финалларни бошқариши янгилик бўлмай қолган ўзбекистонлик 41 ёшли ҳакам Равшан Эрматов ўз фаолияти давомида иккинчи марта Осиё Кубоги финалида ишлайди. Бунгача у 2011 йил Япония ва Австралия терма жамоалари ўртасидаги финални ҳам бошқарганди. Эрматовга қанотларда ҳамюртлари Абдуҳамидулло Расулов ва Жаҳонгир Саидовлар ёрдам беришади.

2010 йилда Равшан Эрматов 32 ёшида ЖАРда бўлиб ўтган жаҳон чемпионатида ишлаган ва бу борада энг ёш ҳакам сифатида тарихдан жой олганди. 2018 йил Россияда бўлиб ўтган жаҳон чемпионатида иш олиб боргандан сўнг унинг мундиалларда бошқарган ўйинлари сони 11тага етди. Бу мутлақ рекорд натижа бўлиб, ҳозиргача бирор ҳакамга Жаҳон чемпионатларида шунча ўйин бошқариш насиб қилмаган.

Осиёда 5 марта йилнинг энг яхши ҳаками сифатида эътироф этилган Равшан Эрматов фаолияти давомида 5 марта Осиё чемпионлар лигаси финалини бошқарган”.

“Туркистон-пресс”