2019-01-31 16:25:56

МАКТАБЛАРДА ИЖОБИЙ ПСИХОЛОГИЯНИ ЎҚИТИШ МЕТОДИКАСИ ЖОРИЙ ЭТИЛАДИ

Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги “Мактабларда зўравонликни олдини олиш ва ижобий психологияни ўқитиш методикаси” лойиҳаси амалга оширишни бошлади. Бу ҳақда вазирлик Ахборот хизмати хабар берди.

Лойиҳа мактабларда ўқувчиларнинг эмоционал ҳолатини аниқлаш ва позитив психология методини ўқитиш орқали буллингни олдини олиш ва унга қаршиликни оширишга қаратилган.

Мазкур беш ойлик лойиҳани амалга оширишда АҚШлик профессор Лори Вульф иштирок этади. Профессор Лори Вульф АҚШда ижобий психология соҳаси мутахассиси, бир қатор илмий нашрлар ва профессионал тақдимотлар муаллифи.

Мактабда таълим оладиган болалар ва ўсмирлар турли инқирозли вазиятларга дуч келишади. Бу эса дадил фикрлашга ва ҳаракатланишга зиддиятлар олиб келиши мумкин. Лойиҳанинг асосий эътибори юртимиздаги мактаб психологларига руҳий тушкунликка тушган болаларни аниқлаш, шунингдек, ўқитувчи ва психологлар учун тренинг ва машғулотлар орқали стрессни енгиб ўтишига кўмак беришга қаратилади. Шу билан бирга, лойиҳа ўқитувчиларга ҳам стресс ва ишдан “совиш” ҳолатларини олдини олишда ёрдам беради.

Лойиҳа Тошкент шаҳридаги 241-, 64-, 133-, 324-умумий ўрта таълим мактабларини қамраб олади. Ушбу мактаб ўқитувчилари ҳамда психологлари буллингни олдини олиш ва ижобий психология методи бўйича билим ва кўникмаларни эгаллайди.

“Туркистон-пресс”